ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ ВАКИЛЛИГИ

Кун хикмати " Бойларнинг камбағалларга тавозеъ қилиши диёнат, камбағалларнинг бойларга тавозеъси эса хиёнатдир. Абу Али Даққоқ."

ЎЗБЕКИСТОН
МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ
САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ
ВАКИЛЛИГИ

Кун хикмати " Бойларнинг камбағалларга тавозеъ қилиши диёнат, камбағалларнинг бойларга тавозеъси эса хиёнатдир. Абу Али Даққоқ."



Қидирмоқ!

Идора хакида

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги

 

Самарқанд вилоят бош имом хатиблиги 1977 йилда ташкил топган. Вилоят бош имом хатиблиги лавозимига Уламолар ҳайъати томонидан Самарқанд шаҳар “Хўжа Зудмурод” жоме масжиди имом хатиби Мустафоқул Меликзода тайинланган. Мустафоқул Меликзода Самарқанд вилоят бош имом хатиблиги фаолиятини 1977 йилдан 2000 йилга қадар “Хўжа Зудмурод” жоме масжидидан туриб олиб борган.

2000 йилдан бошлаб вилоят бош имом хатиблиги лавозимига “Имом Бухорий” жоме масжиди имом хатиби Усмонхон Алимов тайинланган ҳамда шу даврдан бошлаб вилоят бош имом хатиблиги “Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллиги” деб юритила бошлаган. 2000 йилдан 2002 йилга қадар вилоят вакиллиги вилоят ҳокимлиги биносида фаолият юритган. 2002 - 2005 йиллар оралиғида Самарқанд шаҳар “Хўжа Абду Дарун” жоме масжиднинг тўртта хонаси вилоят вакиллиги учун ажратилган.

2005 йилда Усмонхон Алимов томонидан ҳомийларни жалб қилган ҳолда Самарқанд шаҳар Даҳбед кўчасида вилоят вакиллиги учун алоҳида бино қуриб ишга туширилди. Ҳозирги пайтда вилоят вакиллиги мазкур бинода фаолият олиб бормоқда. Бино ҳар жиҳатдан замон талабига жавоб беради.

Вилоят вакиллигида 13 нафар ходим фаолият олиб боради.

Бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакили, вилоят бош имом хатиби Нуриддинхон Исламов. Самарқанд вилоят вакиллиги тасарруфида 285 та расмий масжидлар мавжуд. Барча масжидларда малакали мутахассислар фаолият олиб бормоқдалар.

 

ВИЛОЯТ ВАКИЛИНИНГ ҲУҚУҚИЙ МАҚОМИ

 

ЎМИнинг вилоят бўйича вакили Бош имом-хатиб номи билан аталиб, у ўзи истиқомат қиладиган вилоятда диний масалалар бўйича масъул шахсдир. У вилоятдаги барча масжидларнинг ва зиёратгоҳларнинг умумий иш фаолияти устидан назорат қилади. Айни пайтда мазкур ҳудудда Ислом динига эътиқод қилувчи мусулмонларнинг Имом Аъзам мазҳаби бўйича ибодат қилиш ва маросимларни ўтказиш, шунингдек, барча диний эҳтиёжларини қондирилишига ҳамда вилоятда диний жабҳада олиб бориладиган бошқа ташкилий ишларга бошчилик қилади.

Вилоят вакили масжидда адо этиладиган ибодатлар, диний расм-русумлар ва маросимларни мўмин-мусулмонлар ҳар томонлама қулай шароитда адо этишларига жавобгар шахс ҳисобланади. У ҳудуддаги масжид имомини ишдан олиш ва янги имомни ишга тайинлаш учун ЎМИ раҳбариятига тавсиянома бериш ҳуқуқига эга.

Вилоят вакили вилоятдаги касалхоналар, кексалар ва ногиронлар уйларидаги, жазони ўташ жойларидаги фуқароларнинг илтимосларига кўра ўша жойларда ҳам ибодат ва диний расм-русумларни вилоят ҳокимияти билан келишган ҳолда ўтказилишига воситачилик қилади. Зарурат туғилганда диний ташкилот биноларидан ташқарида ўтказиладиган оммавий ибодатлар, диний расм-русумлар, маросимлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилишини ўз назорати остига олади.

Вилоят вакили ўз худудидаги масжиднинг молиявий ишида вилоят мухтасиби билан баб-баробар жавобгардир.

Вилоят вакили жойларда янгидан очилиши назарда тутилган диний ташкилотнинг низомини тасдиқлаш учун ЎМИ ва ДИҚ раҳбариятига ёзма равишда тавсия беради

Вилоят вакили масжид имом-хатибининг фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун ҳамда амалдаги бошқа қонунларга риоя қилиши, шунингдек, Қуръони карим, Суннати Набавия ва масжид уставига мувофиқ фаолият олиб бориши учун масъулдир.

 

ВИЛОЯТ ВАКИЛИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

 

Вилоят ҳудудида яшовчи фуқароларнинг Ислом дини қонун қоидаларига амал қилиш борасида ибодат ва маросимларни биргаликда эмин-эркинлик билан адо этишга имкон яратиш вилоят вакилининг бирламчи вазифаларидан биридир.

Вилоят вакили масжид жамоаси, барча мусулмонлар, бошқа динларга эътиқод қилувчилар ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмайдиганлар ҳамда барча миллатлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик тамойилларига амал қилиниши учун жонбозлик кўрсатади.

Вилоят вакилининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

Ислом динига эътиқод қилувчи аҳолининг диний эҳтиёжлари бўлмиш (намоз, никоҳ, жаноза) ва бошқа ибодатларни имом томонидан мукаммал адо этилишини кузатиб бориш;

Фуқароларга, хусусан ёшларга Қуръон таълимоти, Суннати Набавия аҳкомларини Имом Аъзам мазҳаби кўрсатмаларига мос равишда тушунтирилиши, аҳолини ватанпарварлик, ахлоқан пок, имон-эътиқодли бўлиб, миллий-маънавий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбияланиши ва ёшларни турли бузғунчи оқимлар томонига ва мўмин- мусулмонларнинг бошқа динга ўтиб кетишларини олдини олиш борасида мақолалар билан қатнашиш ва ОАВ орқали чиқишлар қилиш;

Муҳтож кишиларга маънавий ҳамда моддий ёрдам кўрсатиш учун меҳр-мурувват кўрсатишни юқори суратда амалга ошириш.

Туман бош имомлари воситасида ҳафталик жума маърузалари тезисини барча масжидларга ўз вақтида етиб боришини йўлга қўяди ва назорат қилади.

Вилоят имом-хатибларини ҳар чоракда бир марта умумий йиғилиши ва туман бош имомларининг ҳар ойда бир марта йиғилишини ташкиллаштириб, кун тартиби ишлаб чиқади ва уни ЎМИга тақдим қилади. Шунингдек, ўтган мажлис ҳисоботларини бир хафта муддат ичида ЎМИга жўнатади. Икки ҳайит ва 15%лик тушумларини белгиланган муддатда ЎМИ ҳисоб рақамига ўтказилишини таъминлайди.

 

ВИЛОЯТ ВАКИЛЛИГИНИНГ ТАРКИБИ

 

Вилоят бош имоми вилоят вакиллиги ходимларининг штат жадвалини ўз ички эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда ЎМИ раҳбарияти билан келишиб тасдиқлайди.

Мазкур Мақом Олий ҳайъат томонидан тасдиқланиб ЎМИнинг муҳри ва раиси имзоси билан кучга киради.