Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жума мавъизалари

21.06.2019 й. Жаҳолатга қарши маърифат – динимиз шиори

 
 

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي فَرَضَ عَلىَ عِبَادِهِ حَجَّ بَيْتِهِ الْحَرَامِ ، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى نَبِيِّنَا سَيِّدِ الأَنَامِ ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ اَجْمَعِينَ أَمَا بَعْــدُ

Муҳтарам жамоат! Маълумки, жаҳолат ва жоҳилликнинг давоси – бир қанча бўлиб, улардан энг асосийси  китоб ўқишдир. Дарҳақиқат, китоб ўқиш қалб чигалликларини ёзади, кўнгилга ҳузур бағишлайди, жаҳолатга барҳам беради, турли-туман васвасаларни киши онгидан қувиб чиқаради. Китоб ҳаётнинг қоронғу йўлларини ёритиб борувчи чироқдир! Кўп китоб ўқийдиган инсон ҳаётда улкан муваффақиятларга эришади. Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ! Шунингдек, жаҳолатдан кўра зарарлироқ нарса ҳам йўқ!

Машҳур саҳоба ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу шундай деганлар:

أَقَلُّ اَلنَّاسِ قِيمَةً أَقَلُّهُمْ عِلْماً

яъни: “Инсонларнинг энг қадри ози – илми озидир”.

Илмсизлик, жаҳолат инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Инсонлар илм орқали Парвардигорларини танийдилар. Дунё ва охиратларини илм билан обод қиладилар.

Шафиқ ибн Иброҳим Ал-Балхий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Биз Абдуллоҳ Ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳдан: “Нима учун намоз ўқиб бўлганимиздан сўнг биз билан бирга ўтирмайсиз?”, – деб сўрадик. У киши: “Саҳобалар ва тобеинлар билан бирга ўтиришга кетаман”, – дедилар. Биз: “Саҳобалар ва тобеинлар қаерда экан?”, – деб, ҳайрон бўлиб яна сўрадик. Шунда у зот: “Китоб ўқийман, шунда улар ҳақида, қилган ишлари ҳақида билиб оламан. Сизлар билан ўтириб нима қиламан? Сизлар бекорчиликдан одамларни ғийбатини қилиб ўтирасизлар”, – деб  жавоб бердилар”.

Ҳасан ибн Саҳл раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Маъмун ухлаганда атрофида китоблари турар эди. Ухлашдан олдин ҳам китоб ўқир, уйқудан уйғониб кетганида ҳам китоб ўқир эди. У шундай деб кўп насиҳат қилар эди:

اِسْتَعِنْ عَلَى وَحْشَةِ الْغُرْبَةِ بِقِرَاءَةِ الْكُتُبِ، فَإِنَّهَا أَلْسُنٌ نَاطِقَةٌ وَعُيُوْنٌ رَامِقَةٌ

яъни: “Ёлғизлик ғурбатини китоб ўқиш билан енггин. Зеро, китоблар сўзлагувчи тиллар ва тикилиб турувчи кўзлардир”.

Ҳасан Ал-Луълуий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Қирқ йилдирки, турганимда ҳам, ухлаганимда ҳам кўксимдан китоб тушган эмас”.

Буюк аждодимиз Амир Темур ҳам: “Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл идрокнинг, илму-донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”,  деганлар.

Буюк муҳаддис Имом Абу Довуд Ас-Сижистоний кийим тиктирганларида енгини кенг қилиб тиктирар эканлар. Чунки унга китоб солар эканлар. У киши кўп китоб ўқишни яхши кўрар эдилар. Қаерга бормасинлар, албатта ўзлари билан бирга  китобларини олиб юрар, бўш вақт топилди дегунча енгларидан китобларини олиб ўқир эканлар.

Ўтган машҳур уламолардан Абул Фараж Ибн Жавзий китоб мутолаасига бўлган муҳаббати ҳақида шундай дейди: “Мен ўз ҳолим ҳақида айтадиган бўлсам, китоб мутолаасидан ҳеч тўймаганман. Агар ўзим ўқиб кўрмаган бирор китобни кўриб қолсам, гўё хазинанинг ичига тушгандек бўлиб қолардим. Агар мен: “йигирма минг мужаллад китоб ўқиб чиққанман” десам ҳам, муболаға қилган бўлмайман, лекин китоб ўқишда давом этяпман”.

Уламолардан бирлари: “Агар биз китоб ўқишдан топаётган лаззатни мулкдорлар билсалар эди, уни биздан тортиб олишарди”, – дер эди.

Доноларимиз: “Китобларни ёқиб юбориш оғир жиноят, бироқ дунёда ундан-да оғирроқ жиноят бор, у – китоб ўқимаслик”,  деганлар.

Муҳтарам жамоат! Маълумки, динимиз  илм ва маърифат дини. Илм талаб қилишни фазилати ҳақида кўплаб оят ва ҳадислар мавжуд. Жумладан:

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

"طَلَبُ العِلْمِ فَرِيْضَةٌ عَلَىْ كُلِّ مُسْلِمٍ"

(رواه الإِمَامُ ابن ماجه عن أنس بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه)

яъни: “Илм излаш  ҳар бир мусулмонга фарздир” (Имом Ибн Можа ривояти). Бу ҳадиси шарифни пухта ўрганган уламоларимиз ундан қуйидагиларни чиқарганлар:

Илм икки қисмга бўлинади: Фарзи аъйн ва фарзи кифоя.

Фарзи айн. Ҳар бир балоғат ёшига етиб, ақли расо бўлган инсон қайси соҳа ёки касб соҳиби бўлса ҳам, ўз соҳасининг илмини пухта ўрганиши фарзи айндир. Шунингдек, ҳар бир мусулмон киши зиммасига фарз бўлган ибодатларни шариатга мувофиқ даражада бажариши учун зарур бўладиган илмларни ўрганиши ҳам фарзи айн бўлади. Масалан, намоз ибодати ичида фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, ҳаром ва макруҳ амаллари бор. Мана шу амалларни бир-биридан ажрата оладиган киши намозни тўғри адо қилади. Акс ҳолда намоз ўқиш асносида камчиликка йўл қўйиши мумкин.

Шунингдек, масалан, киши савдогар бўлса, унга қачон олди-соттиси шариатга мувофиқ бўлади ва қачон мувофиқ бўлмайди каби савдо-сотиққа тегишли илмларни билиши фарз бўлади. Агар киши зиммасидаги фарзи айн бўлган илмларни ўрганмаса бажараётган иши ёки адо этаётган ибодати тўғри бўлмай, хатога йўл қўяди. Натижада гуноҳкор бўлади.

Фарзи кифоя. Мусулмонлар жамиятининг эҳтиёжи учун зарур бўлган илм  фарзи кифоядир. Мусулмонларнинг бир қисми уни ўрганиши билан бошқаларнинг зиммасидан соқит бўлади. Агар ҳеч ким ўрганмаса, ҳамма бирдек гуноҳкор бўлади.

Уламоларнинг фикрларича, жамиятда қайси соҳага эҳтиёж сезилса, ўша соҳага бўлган эҳтиёжни қондирадиган даражада илмларни ўрганиш фарзи кифоя ҳисобланади. Агар жамиятда бир соҳада ёки бирор фан бўйича мутахассис олим етишмаса ва бунга ҳаракат қилинмаса, шу жамият одамларининг барчаси гуноҳкор бўладилар. Сабаби   ҳар бир соҳада мутахассислар бўлиши шарт.

Киши жаҳолатдан қутилиш мақсадида илм талаб қилиши учун албатта ёш бўлиши шарт эмас, балки қайси ёшда бўлишидан қатъий назар, илмли бўлишга ҳаракат қилиш керак. Чунки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"مَنْ جَاءَ اَجَلُهُ وَهُوَ يَطْلُبُ الْعِلْمَ لَقِيَ اللهَ تَعَالَى وَلَمْ يَكُنْ بَيْنَهُ وَبَيْنَ النَّبِيِّيْنَ اِلَّا دَرَجَةُ النُّبُوَّةِ"

(رَوَاهُ الْإِمَامُ الطَّبَرَانِيُّ عن ابن عباس رضي الله عنه)

яъни: “Кимнинг ажали илм талаб қилаётган вақтида етиб қолса, Аллоҳ таолонинг ҳузурида у билан пайғамбарлар ўртасини фақат пайғамбарлик даражасигина ажратиб туради” (Имом Табароний ривояти).

Муҳтарам азизлар! Илмсизлик ва жаҳолат  жамиятимизнинг энг катта душмани, айни пайтда жамият учун  катта офатдир. Ислом дини илм-марифатга тарғиб этиб, оламни нурга тўлдиришидан олдинги даврни бежизга жоҳилият даври деб аталмаган. Йиллаб давом этадиган урушлар, қон тўкишлар, бой-бадавлат кишилар томонидан фақиру муҳтожларнинг мудом эзилиши, судхўрлик, зинокорлик, ҳаромхўрликнинг авжига чиқиши, будпарастлик, оташпарастликнинг муқаддаслаштирилиши айни жоҳилият даврининг энг кўзга кўринган жиҳатлари эди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай ҳаёт кечираётган кишиларни илму маърифат билан  бир ота-онадан туғилган биродарлардек аҳил ва иноқ кишиларга айланишларига сабаб бўлдилар. Натижада, илм-фан ва маданиятда бутун дунёга ўрнак ва устоз бўладиган авлодлар етишиб чиқди. Хусусан, Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан илм-фаннинг барча соҳасида пешқадам бўлган улуғ алломалар ҳозирги замон авлодлари бўлмиш – бизларнинг фахру ифтихоримиз саналадилар.

Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунимизда ҳам илм-марифатни қўйиб, жаҳолат йўлини тутган кимсалар ҳам йўқ эмас. Маърифат дини бўлмиш Ислом динидан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланаётган кучлар илмсиз ёшларни йўлдан уриб, жаҳолат гирдобига тортаётгани сир эмас. Минглаб ёшлар турли оқимларнинг таъсирига тушиб, ана шундай жаҳолат қурбонига айлангани ҳам барчага маълум. Шунинг учун ёшларни илм олишга ундаш, китоб ўқишга тарғиб этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бўлиб қолмоқда. 

Айни пайтда фарзандларимиз таътилда. Фарзандларни тарбиясига биринчи навбатда масъул шахс эса – ота ҳисобланади. Шундай экан, фарзандларимизни ҳам китоб ўқишга ўргатайлик. Уларни бўш вақтларини китоб ўқиш, илм-маърифат ҳосил қилиш ва касб-ҳунар ўрганиш каби фойдали ишлар билан машғул қилиш  биз, ота-оналар, зиммамизда эканини зинҳор унутмайлик!

Аллоҳ таоло юртимизнинг тинчлиги ва фаровонлигини, халқимизнинг илм ва маърифатини бунданда зиёда айласин! Барчамизни ўқимишли ва китобсевар инсонлардан бўлишимизни насиб этсин! Омин!

ИЛОВА: Гиёҳвандликдан сақланайлик

Муҳтарам жамоат! Бугунги кунда дунёда бир қанча глобал муаммолар юзага чиқди. Шулардан бири  гиёҳвандликдир. Ҳозирда бутун дунё ҳамжамияти томонидан 26 июнь  “Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни” деб белгилангани ҳам бежиз эмас. Зеро, гиёҳвандлик инсоният умри заволидир. Уни истеъмол қилиш инсоннинг динига, ақлига, хулқига, табиатига зарар бўлади. Тананинг фаолияти сусайиб, қарамлик ҳолати юзага келади. Гиёҳвандлик инсон фикрини ўтмаслаштиради, хотирани сусайтиради, ибодатдан тўсади, шарму-ҳаёни кеткизади, меҳр-муҳаббатни йўқотади. Гиёҳвандликка ружу қўйган одам бора-бора оиласидан ҳам ажралади. Чунки уни кўзига на оиласи, на ота-онаси, на фарзандлари кўринади. Молини ҳам, уйини ҳам ва охирида ғурурини ҳам сотади. Гиёҳванд кишилар  ўзини оридан, шаън-ҳурматидан, касб-ҳунаридан айрилади. Оиласи бузилади, фарзандлари тирик етимдек бўлиб қолади.

Тўрт мазҳаб уламолари ўзларининг фатволарида гиёҳвандликнинг ҳаром экани,  уни ҳалол санайдиган киши кофир бўлиб қолишини қайта-қайта таъкидлайдилар. Шунингдек, гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишнинг барча турлари – ичиш, ҳидлаш, суртиш ва игна орқали қабул қилиш кабилар мутлақо ҳаромдир. Гиёҳванд моддаларни истеъмол  қилиш,  ишлаб чикариш, уларнинг тижорати билан шуғулланиш ва у орқали қилинган касб ҳам ҳаромдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни бутун башариятга Ўзи тарафидан элчи қилиб юборишининг қатор сабабларидан бири  сифатида тоза, пок нарсаларнинг ҳалоллиги ва нопок, зарарли нарсаларнинг ҳаромлигини умматларига билдириш эканини шундай баён этади:

... يَأْمُرُهُمْ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَاهُمْ عَنِ الْمُنْكَرِ وَيُحِلُّ لَهُمُ الطَّيِّبَاتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ الْخَبَائِثَ ...

(سورة الآعراف/157)

яъни: “... У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади...” (Аъроф сураси, 157- оят).

Шунинг учун инсон соғлиғини кетишига ёки унинг ҳалокатига сабаб бўлувчи воситалардан сақланиши лозимдир. Ҳадиси шарифда шундай дейилади:

" كُلُّ مُسْكِرٍ خَمْرٌ، وَكُلُّ خَمْرٍ حَرَامٌ" 

رَوَاهُ الإمام أَبُو دَاوُد وَالْإِمَامُ أَحْمَدُ

яъни: “Ҳар бир маст қилувчи нарса  хамрдир ва ҳар қандай хамр ҳаромдир”  (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривояти).

Гиёҳвандлик кишини секин-секин, гоҳида эса тезда ўлимга олиб боради. Бу нарсаларни истеъмол қилиш билан ўз жонига ўзи қасд қилган бўлади. Бу эса  гуноҳи кабирадир! Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки:

 لَعْنُ المُؤْمِنِ كَقَتْلِهِ وَمَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِشَيْءٍ فِي الدُّنْيَا عُذِّبَ بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ

(رواه الإمام الدارامي عن ثابتِ بن الضَحَّاكِ رضي الله عنه)

яъни: “Мўминни лаънатлаш уни ўлдиришга ўхшайди. Дунёда ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ўша нарса билан азобланади”  (Имом Дорамий ривояти).

Қуръони карим ва Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари беш нарсани муҳофазасини мақсад қилган бўлиб, улар дин, нафс (жон), мол, ақл ва наслдир. Шариат олимлари уни “Беш зарурат” деб номлаганлар. Гиёҳванд моддалари шариат кўзда тутган беш заруратга бир вақтни ўзида бирдек зарар келтиради. У одамни диндан чиқаради, нафсига (жонига) завол бўлади, молини беҳудага совуради, ақлини заифлаштиради ва наслини йўқ қилади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Саид ал-Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

"لاَ ضَرَرَ وَلاَ ضِرَارَ"

(رواه الإمام إبن ماجه عن أبي سعيدِ الخُدْرِي رضي الله عنه)

яъни: “Ўзига ҳам, бошқаларга ҳам зарар етказиш – йўқдир” (Имом Ибн Можа ривояти).

Муҳтарам азизлар! Шубҳасиз, ушбу жамоатда гиёҳвандлик каби офатга мубтало бўлган шахс йўқ. Одатда масжидга қатнаб, ибодатларини ўз вақтида адо этадиган инсонлардан бундай шахслар чиқмайди. Лекин орамиздан ҳеч ким “маҳалламизда, туманимизда гиёҳванликка мубтало бўлган шахс йўқ”, – деб айтолмайди. Жамиятдаги мункар ишни тузатишга ҳар бир мусулмон инсон – масъулдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

"مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِه

 وَذَالِكَ أَضْعَفُ الْإيْمَانِ"

(رواه الإمام مسلم عن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه)

яъни: “Сизлардан ким ёмон, мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, тили билан ҳам монелик қила олмаса, унда қалби билан қайтарсин. Ана ўша имоннинг энг заифидир” (Имом Муслим ривояти)

Демак, ушбу ҳадиси шарифга биноан, гиёҳвандликка қарши кураш –ҳаммамизнинг бурчимиздир. Ўзини, оиласини, яқинларини бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир мўмин-мусулмон гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлиши зарур. Гиёҳвандлик офатидан халқимизни ва келажак авлодни халос этиш ва уларни моддий ҳамда маънавий баркамоллик сари йўналтиришдек умумбашарий хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин. Омин!

 

"Жаҳолатга қарши маърифат – динимиз шиори" номли мавъизани юклаб олиш (PDF форматда)


Киритилган вақти: 17/06/2019 15:48;   Кўрилганлиги: 1135
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/islam/juma/21062019-y-jaholatga-qarshi-marifat-dinimiz-shiori
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 15:15
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг