Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жума мавъизалари

20.09.2019 й. Мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳақлари

 
 

بسم الله الرحمن الرحيم

الْحَمْدُ للهِ الَّذِي قَالَ فِى كِتَابِهِ الشَّرِيف "وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاءُ بَعْضٍ" وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الَّذِي قَالَ فِى حَدِيْثِهِ الْمُنِيف "الْمُؤْمِنُ لِلْمُؤْمِنِ كَالبُنْيَانِ يَشُدٌّ بَعْضُهُ بَعْضًا" وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمِعِينَ أَمَّا بَعْدُ

Муҳтарам жамоат! Динимиз мўмин-мусулмонларни бир-бирлари билан ака-укалардек яхши муносабатда бўлишга буюради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُون  (سورة الحجرات الاية-10)

яъни: “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз” (Ҳужурот сураси, 10-оят).

Икки мусулмонни ўртасини ислоҳ қилиш – аслида уларга ёрдам қилишдир. Чунки баъзан оддий тушунмовчиликлар ортидан ҳам ўзаро адоватлар келиб чиқади. Бу борада Аллоҳ таоло мусулмонларни бир-бирларига ёрдам беришга чақириб, шундай марҳамат қилган:

 ...وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ

яъни: “... Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).

Демак, динимиз ўзаро бирдамликка ва эзгу ишларда бир-биримизга кўмакчи бўлишга буюрар экан, аввало ўз ҳаққимиз ҳамда зиммамиздаги бошқа мусулмонларнинг ҳақларини ҳам яхши билмоғимиз даркор. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"حَقُّ الْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمِ سِتٌّ، قِيلَ مَا هُنَّ يَا رَسُولَ اللَّهِ قَالَ: إِذَا لَقِيتَهُ فَسَلِّمْ عَلَيْهِ، وَإِذَا دَعَاكَ فَأَجِبْهُ، وَإِذَا اسْتَنْصَحَكَ فَانْصَحْ لَهُ، وَإِذَا عَطَسَ فَحَمِدَ اللَّهَ فَشَمِّتْهُ، وَإِذَا مَرِضَ فَعُدْهُ، وَإِذَا مَاتَ فَاتَّبِعْهُ،"

(رواه الامام مسلم عن أبي هريرة رضي الله عنه).

яъни: “Мусулмонни (бошқа) мусулмоннинг зиммасидаги ҳақлари олтитадир”, – дедилар. Шунда: “Улар нималар, ё Расулаллоҳ?” – дейилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон учратсангиз, унга салом беринг; сизни (уйига меҳмонга) чақирса, унга ижобат қилинг (яъни чақирилган жойга боринг); насиҳат сўраса, насиҳат қилинг; акса урса ва “Алҳамдулиллаҳ” деса, унга жавоб қайтаринг; бемор бўлса, уни зиёрат қилинг; агар вафот этса, жанозасида иштирок этинг”, – дедилар (Имом Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифларида умматларига бир-бирларидаги ҳақларини ўргатмоқдалар:

1. Қачон учратсангиз, унга салом беринг;

Икки мусулмон учрашганда уларнинг бирларида иккинчисига нисбатан салом бериш ҳақи бор. Улардан қай бири аввал салом берса, савобнинг кўпини олади ва нариги биродарига алик олишни фарз қилади.

2. Агар сизни (уйига меҳмонга) чақирса, унга ижобат қилинг;

Бир мусулмон тўй ёки маросим қилиб, бирор танишини таклиф қилса, ўша таклифга жавобан мазкур маросимга бориш – таклиф қилинганнинг мусулмонлик бурчидир.

3. Агар насиҳат сўраса, насиҳат қилинг;

Қийин вазиятга тушган инсон маслаҳат сўраганда, унга тўғри маслаҳат бериш ҳам мусулмонлик бурчи ҳисобланади.

4. Агар акса урса ва “Алҳамдулиллаҳ” деса, унга яхшилик тиланг;

Ҳар бир мусулмон акса урганида “Алҳамдулиллаҳ” дейиши лозим. Унинг акса уриб, ҳамд айтганини эшитган кишига эса, унга “Ярҳамукаллоҳу” (Аллоҳ сизга раҳм қилсин) деб, яхшилик тиламоғи – мусулмонлик бурчидир.

5. Агар бемор бўлса, уни зиёрат қилинг;

Бемор бўлган мусулмонни зиёрат қилиб, кўнгил сўраб, унинг дуосини олиш –аввало мусулмонлик ҳаққи, қолаверса – инсонийлик бурчидир.

6. Агар вафот этса, жанозасида иштирок этинг;

Вафот этган мусулмонни шариат аҳкомларига мувофиқ дафн қилиш –мусулмонлар зиммасидаги фарзи кифоядир. Шунинг учун бирор мусулмоннинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитган ҳар бир мусулмон иложи борича жанозага қатнашмоғи лозимдир.

Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсинки, ота-боболаримиз минг йиллардан буён мана шундай мўмин-мусулмончилик ҳақларига риоя қилиб келганлар. Маҳалладаги боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиш, ёши улуғларни хизматларида бўлиш каби эзгу ишлар халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Ҳозирги кунимизда ҳам миллий-диний қадриятларимиз ўлароқ, маҳаллаларимиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳамда айрим имконияти чекланган фуқароларимизга моддий ва маънавий кўмак бериш мақсадида Президентимиз ташаббуслари билан “Вақф” фондини ташкил қилиниши ҳам мусулмонларнинг бир-бирларидаги ҳақларини адо этишларига замин яратди.

Мусулмон инсон бошқа мусулмоннинг бирор гуноҳ иш қилаётганидан хабардор бўлса, уни бу ишидан қайтариши ҳам – бир мўминлик бурчидир. Чунки бу – ҳақиқий дўст-биродарлик рамзидир. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى يُحِبَّ لِأَخِيهِ مَا يُحِبُّ لِنَفْسِهِ (رواه الامام البخاري والامام مسلم)

яъни: “ “Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани бошқа мусулмон учун ҳам раво кўрмагунича (комил) мўмин бўла олмайди”, – дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Сўфи Оллоёр бобомиз ҳам бу ҳақда шундай деганлар: 

Худонинг буйруғидин тойса ногоҳ,

Биродарлик ўшалдур қилсанг огоҳ.

Мусулмон инсоннинг зиммасидаги бошқа мусулмонларнинг ҳақларидан бири – унинг тилидан ва қўлидан бошқалар озор чекмаслигидир. Аллома ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Жомеъул улум вал ҳикам” асарларида: “Мусулмонга ҳар қандай кўринишда,  хоҳ сўз билан, хоҳ феъл билан бўлсин, ноҳақ азият бериш ҳалол эмаслиги шарий далилларда ўз ифодасини топган”, – деганлар.

Мусулмон инсоннинг бошқалардан уч кундан ортиқ аразламаслиги ҳам мусулмонлик ҳақларидан ҳисобланади. Афсуски, бугунги кунда арзимаган сабабларга кўра бир-бирлари билан аразлашиб юрган  мўмин-мусулмонлар кўзга ташланиб турибди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси муборакларида:

لَا يَحِلُّ لِمُسْلِمٍ أَنْ يَهْجُرَ أَخَاهُ فَوْقَ ثَلَاثٍ، فَمَنْ هَجَرَ فَوْقَ ثَلَاثٍ فَمَاتَ دَخَلَ النَّارَ

 (رواه الامام ابو داود والامام احمد عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни “Мусулмон кишига ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаш ҳалол эмас. Ким уч кундан ортиқ аразласа ва шу ҳолида вафот этса, дўзахга киради”, –  дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Мусулмонларнинг бир-бирларидаги ҳақлари бир қанча бўлиб, қуйида улардан баъзиларини санаб ўтамиз:

  • Бирор мусулмоннинг ҳузурига унинг изнисиз кирмаслик;
  • Катта ёшлиларни улуғлаш, уламоларни ҳурмат қилиш ва болаларга раҳмли бўлиш;
  • Қарзини вақтида бериш;
  • Омонатга хиёнат қилмаслик;
  • Берган ваъдасига вафо қилиш;
  • Қўшничилик ҳақларига риоя этиш;
  • Мусулмон биродарининг жони, моли ва обрўсига етадиган зулмни даф қилиш ва унга бу ишда ёрдам бериш;
  • Барча мусулмонларнинг айбини беркитиш;
  • Ҳар бир мусулмонга нисбатан тавозели бўлиш, улардан бирортасига мутакаббирлик қилмаслик;
  • Бошқа мусулмонларга ноҳақ туҳмат қилишдан ва ўзи ҳақида ҳам бошқаларни ёмон гумонга боришидан сақлаш.

Муҳтарам жамоат! Ҳозирги шиддат билан ривожланаётган техника асрида турмушимизнинг ажралмас қисмига айланган автотранспорт воситаларини бошқаришда ҳам бир-бирларимизнинг ҳақларимизга риоя қилишимиз лозим. Кўчаларимизга ўрнатилган светофорларга амал қилиш, пиёдалар йўлакларидан ўтаётган пиёдаларга йўл бериш ва бошқа йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш ҳам мусулмонлик бурчларимиздан биридир. Ҳатто светофорнинг тақиқловчи қизил чироғида ҳаракатланиш – ўзганинг ҳаққини поймол қилишдир. Демак, нафақат ҳайдовчилар, балки пиёдалар ҳам йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишлари талаб этилади. Айниқса, автомобил йўллари ва кўчаларда ҳаракатланаётган тўй кортежлари бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларининг эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қилиб, уларнинг ҳавфсизлигига раҳна солмоқда. Баъзан бу айрим кўнгилсиз ҳодисаларни келтириб чиқармоқда. Аслида бундай дабдабабозлик шариатимизда ҳам, қонунчилигимизда ҳам қораланган. Озгина эътиборсизлик қилиб, бошқа одамларнинг ҳақларини поймол этиб қўймаслигимиз зарур.

Дарҳақиқат, бугун ислоҳотлар даврида яшаяпмиз десак муболаға бўлмайди. Жойларда “Халқ қабулхоналари”нинг ташкил қилиниши ҳам том маънода фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бирорта инсоннинг ҳаққи поймол бўлмаслигини таъминлаш ҳамда халқимизнинг турмуш шароитини янада яхшилаш мақсадида қилинган ишлардандир.

Сўнги йилларда ўнлаб янги масжидлар очилиши, юзлаб масжидлар эса қайта барпо этилиши, ҳадис, ақида, фиқҳ ва тасаввуф мактабларининг очилиши ва мадрасаларда қабул квоталарининг кўпайиши ҳукуматимизнинг мўмин-мусулмонларга, шак-шубҳасиз, юксак эътибори ҳисобланади.   

Бундай ислоҳотларни кўрган ҳар бир мусулмоннинг қалбида шукроналик ҳисси жўш уради. Аслида шундай бўлиши ҳам керак! Чунки, Аллоҳ таолонинг неъматларини бардавом бўлиши ҳам айнан ўша неъматга шукр келтириш билан бўлади.

Муҳтарам азизлар! Маърузамиз давомида ақидамизга тегишли бўлган васила қилиш масаласи ҳақида суҳбатлашамиз.

Васила бу – Аллоҳнинг исм ва сифатлари, пайғамбарлар, саҳобалар ва солиҳ бандалар, шунингдек яхши амалларни  восита қилиб, Аллоҳ таолога дуо қилишдир. Бу иш аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига кўра, жоиз амал ҳисобланади.

Ҳозирги кунда сохта салафийлар томонидан ихтилофга сабаб бўлаётган масалалардан бири бу – васила қилиш (тавассул) жоиз эмас, деган даъводир. Баъзи фирқалар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ва солиҳ инсонларни дуосида васила қилаётганларни кофирга чиқариб, уларга “мушрик” номини тамға қилиб қўймоқдалар.

Аҳли сунна уламолари ўз асарларида васила қилишнинг жоиз эканига оят ва ҳадислардан қатор далилларни келтиришган. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўмин инсонларни васила қилишга амр қилиб шундай дейди:

“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга васила (восита) излангиз” (Моида сураси, 35-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсонларга Ўзига васила излашларини буюрмоқда. Тафсир китобларида василани Аллоҳнинг исм ва сифатлари, яхши амаллар, пайғамбарлар ва солиҳ бандалар экани айтилган.

Усмон ибн Ҳаниф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир кўзи ожиз киши Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Аллоҳга дуо қилинг, менга шифо берсин”, – деди. “Хоҳласангиз,  дуо қиламан. Хоҳласангиз, сабр қилинг. Бусиз учун яхшидир”, – дедилар”. “Дуо қилинг”, – деди. Уни яхшилаб таҳорат қилишга ва ушбу дуони ўқишга амр қилдилар: “Аллоҳим! Албатта, мен Муҳаммад – раҳмат Пайғамбари ила Сендан сўрайман ва Сенга юзланаман. Эй Муҳаммад! Албатта, ушбу ҳожатим раво бўлиши учун Парвардигоримга сизни васила қилиб юзландим. Аллоҳим! Унинг менинг ҳақимда шафоатини қабул қил. Шундан сўнг унинг кўзи очилган ҳолда қайтиб кетди (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривояти).

Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам кўзи ожиз инсонга дуо қилаётганда Пайғамбарни васила қилиб сўрашни ўргатдилар. Демак, инсонлар дуоларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни ўртага қўйиб ҳожатларини сўрашлари айнан ҳадисга мувофиқ бўлади.

Манбаларда саҳобаларнинг ҳам васила қилганлари келтирилади. Бу борада Ҳазрати Умарнинг қурғоқчилик вақтида қилган қуйидаги василалари жуда машҳурдир.

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу қурғоқчилик вақтида Аббос ибн Абдулмутталиб ила Аллоҳдан сув сўраб, қуйидагича дуо қилар эди: “Эй Аллоҳим! Биз Сенга Пайғамбаримиз ила васила қилар эдик ва Сен бизни сув билан сероб қилар эдинг. Энди биз Сенга Пайғамбаримиз амакисини васила қиламиз. Бизни сув билан сероб қилгин”. Натижада улар сув билан сероб қилинар эдилар (Имом Бухорий ривояти).

Аҳли суннанинг тўрт мазҳаби – ҳанафий, моликий, шофиий ва ҳанбалий уламолари томонидан васила қилиш жоиз эканлиги баён қилиниб, у ҳақда кўплаб асарлар ёзилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, васила қилувчи инсон дуосида ҳақиқий яратувчи – Аллоҳ таоло эканини эътиқод қилиши лозим. “Эй Аллоҳим! Мен Сендан фалон яхши амалим ёки фалон инсоннинг сенинг ҳузурингдаги ҳурмати ила сўрайман” шаклида бўлади. Аксинча,  қабрларни зиёрат қилиш чоғида баъзи илмсиз инсонларнинг қабрларга тўғридан-тўғри сажда қилиб, қабр эгаларидан “Эй фалончи, менга фарзанд бер!” ёки “Эй фалончи, мени ҳожатимни чиқар!” деб сўрашлари эътиқодимизга зид амал ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мусулмон киши қабр зиёрати ҳамда улуғларни васила қилишни шариатга мувофиқ ҳолда амалга оширмоғи лозим ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, васила қилиш жоиз эканлигига оят ва ҳадисларда етарлича далиллар мавжуд. Ҳозирги кундаги баъзи тоифалар, хусусан, сохта салафийлар ва бемазҳаблар “ширк” ва “бидъат” деб даъво қилаётган амаллар аслида “мустаҳаб”, “жоиз” эканлиги аҳли сунна уламолари томонидан асослаб берилган.

Аллоҳ таоло барчамизни аҳли сунна вал-жамоа эътиқоди ва ҳанафий мазҳабида собитқадам қилиб, ўзаро ҳамжиҳат бўлиб яшашни муяссар қилсин! Омин!

 

"Мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳақлари" номли мавъизани юклаб олиш (PDF форматда)


Киритилган вақти: 18/09/2019 18:17;   Кўрилганлиги: 105
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/islam/juma/20092019-y-musulmonning-musulmon-ustidagi-haqlari
Чоп этилган вақт: 24/10/2019 08:16
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг