Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жума мавъизалари

19.07.2019 й. Ҳасад ва гина – ҳамжиҳатлик заволи

 
 

بسم الله الرحمن الرحيم

الْحَمْدُ لله  الذِي أمَرنَا بالْإِسْتِعَاذَةِ مِنْ شَرِّ الحَاسِدِ إِذَا حَسَد ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الذِّي حَذَّرَ أُمَّتَهُ عَنْ ذَلِكَ وَزَجَرْ وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِيْن أَمَّا بَعْدُ

Ҳурматли жамоат! Жамиятимизда мўмин-мусулмонлар амал қиладиган турли хил яхши хислатлар билан бирга зарарли хулқлар ҳам мавжуд. Мусулмон инсон доимо мақталган хислатларни қўлга киритиб, ёмон хислат ва одатлардан нафсини поклашига тарғиб қилинган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

﴿ قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا  وَقَدْ خَابَ مَنْ دَسَّاهَا ﴾ (سورة الشمس/9-10)

яъни: “Ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур.  ва у (нафс)ни (гуноҳлар билан) кўмиб, хорлаган кимса эса (Аллоҳнинг раҳматидан) ноумид бўлур!” (Шамс сураси, 9-10 оятдар).

Шундай нафс иллатларидан бири – ҳасаддир. “Ҳасад” луғатда “бирор нарсани терисини шилмоқ ёки қирмоқ” деган маънони билдиради. Унинг истилоҳий маъноси ҳақида аллома Муновий шундай дейдилар:

الْحَسَدُ : تَمَنَّي زَوَالَ نِعْمَةٍ عَنْ مُسْتَحِقٍّ لَهَا

яъни: “Ҳасад – неъматга лойиқ бўлган кишидан уни завол бўлишини умид қилишдир” (“Ат-Тавқиф ала муҳимматит-таориф” 139-бет).

Энг биринчи гуноҳ ҳам Иблис томонидан Одам алайҳиссаломга кибр ва ҳасад қилишидан келиб чиқди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

قَالَ مَا مَنَعَكَ أَلاَّ تَسْجُدَ إِذْ أَمَرْتُكَ قَالَ أَنَاْ خَيْرٌ مِّنْهُ خَلَقْتَنِي مِن نَّارٍ وَخَلَقْتَهُ مِن طِينٍ (سورة الأعراف/12)

яъни: “(Аллоҳ) айтди: “Сенга буюрганимда сажда қилишингга нима монелик қилди?” У деди: “Мен ундан яхшиман, мени оловдан яратгансан. Уни (Одамни эса) лойдан яратдинг” (Аъроф сураси, 12-оят).

Ибн Атия раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ таолога биринчи қилинган гуноҳ –ҳасаддир. У Иблисдан содир бўлган эди”, – деганлар.

Қатода разияллоҳу анҳу ушбу оят тафсирида: “Аллоҳни душмани бўлган Иблис Одам алайҳиссаломга Аллоҳ таоло берган иззат-ҳурматига хасад қилди ва “Мен оловдан, у эса лойдан яратилган”, – дея кибрланди”, – дейдилар.

Уламоларимиздан бирлари бу хақда: “Албатта ҳасад қилувчи Иблисга ўхшайди. Чунки у мусулмонлардан Аллоҳнинг неъматларини кетиши, улар орасида фасод кўпайиши каби Шайтонга маҳбуб бўлган ишларни талабида бўлади”, - деганлар.

Ер юзидаги биринчи қотиллик ҳам ҳасад сабабли содир бўлди. Одам алайҳиссаломнинг ўғли Қобил ўз укаси Ҳобилга ҳасад қилди ва унинг қотилига айланди. Қуръони карим оятларининг бирида шундай дейилади:

﴿ فَطَوَّعَتْ لَهُ نَفْسُهُ قَتْلَ أَخِيهِ فَقَتَلَهُ فَأَصْبَحَ مِن الْخَاسِرِين ﴾ (سورة المائدة/30)

яъни: “Унинг (ҳавойи) нафси биродарини ўлдиришни хуш кўрсатди ва дарҳол, уни ўлдирди. Шу билан у зиён кўрувчилардан бўлиб қолди” (Моида сураси, 30-оят).

Ҳазрати Одам алайҳиссаломнинг ўғиллари Қобил тарафидан бу иш содир бўлгунига қадар ер юзида барча инсонлар итоаткор мусулмон ҳолларида тинч тотув ҳаёт кечиришар эди.

Афсуски, бугунги кунда жамиятимизнинг турли соҳаларида ҳасад иллатига мубтало бўлингани сир эмас. Кўп ҳолларда зиёли инсонларга нисбатан ҳасадгўйлик билан муомала қилиниши – жуда ачинарли ҳол. Бундай ҳолатлар Исломнинг аввалида мушриклар тарафидан кузатилар эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

﴿ أمْ يَحْسُدُونَ النَّاسَ عَلَى مَا آَتَاهُمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ فَقَدْ آَتَيْنَا آَلَ إِبْرَاهِيمَ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ

 وَآَتَيْنَاهُمْ مُلْكًا عَظِيمًا ﴾ (سورة النساء/54)

яъни: “Ёки (улар) Аллоҳ Ўз фазлидан берган неъматлари учун одамларга ҳасад қилишадими? Ахир, Биз (илгари ҳам) Иброҳим наслига (Юсуф, Довуд, Сулаймон каби зотларга) Китоб, Ҳикмат бериб, яна уларга буюк мулк (ҳукмронлик) ҳам ато этган эдик-ку!” ( Нисо сураси, 54-оят)

Демак, илму-ҳикмат ҳам Аллоҳ таоло тарафидан берилган улуғ бир неъмат бўлиб, бунга ҳасад билан эмас, балки ҳавас билан қараш – айни динимиз буюрган ишлардандир.

Ҳавас мазмунидаги ҳасад ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

اَ حَسَدَ إِلاَّ فِى اثْنَتَيْنِ رَجُلٌ آتَاهُ اللَّهُ قُرْآنًا فَهُوَ يَقُومُ بِهِ آنَاءَ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ ، وَرَجُلٌ آتَاهُ اللَّهُ مَالاً

فَهُوَ يُنْفِقُهُ آنَاءَ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ" (رَوَاهُ الإِمَامُ الْبُخَارِىُّ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

яъни: “Икки кишидан бошқага ҳасад қилиш йўқ: Аллоҳ Қуръонни ато қилган киши ва Қуръонни кечаю кундуз ҳаққини адо қиладиган киши, Аллоҳ мол берган ва у молни кечаю кундуз инфоқ-эҳсон қиладиган киши” (Имом Бухорий ривояти).

Бу ҳадис ҳақида Имом Жалолиддин Суютий шундай дейдилар: “Ҳасад икки хил бўлади: ҳақиқий ва мажозий. Ҳақиқий ҳасад – бир кишидан неъматни кетишини исташ. Бу ҳаром эканига уламолар ижмоъ қилишган. Мажозий ҳасадни “ғибта”, яъни “ҳавас” дейилади. Бунда – неъмат эгасидан кетмасдан, кишининг ўзида ҳам бўлишини орзу қилади. Дунё ишларида ҳавас қилиш – мубоҳ иш. Ўзгалар қилаётган тоатларни орзу қилиш эса – мустаҳаб (яъни мақталган иш)дир”.

Бошқа ривоятда ҳам мазкур маънодаги ҳасад зикр этилган:

لاَ حَسَدَ إِلاَّ فِي اثْنَتَيْنِ ، رَجُلٌ آتَاهُ اللَّهُ مَالا فَسَلَّطَهُ عَلَى هَلَكَتِهِ فِي الْحَقِّ ،

وَرَجُلٍ آتَاهُ اللَّهُ حَكْمَةً فَهُوَ يَقْضِي بِهَا وَيُعَلِّمُهَا " (مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه)

яъни: “Ҳасад икки нарсада бўлади. (биринчиси) Аллоҳ таоло бир кишига моли дунё бериб, уни ҳақ йўлда сарфлаш имконини ҳам беради, (иккинчиси) Кишига Аллоҳ таоло илму-ҳикмат беради. У илму ҳикматни (ҳаққини) адо қилади ва уни (одамларга) ўргатади”,  дедилар (Муттафақун алайҳ).

Ҳасаднинг иккинчи хили ёмон ҳасад бўлиб, у бошқадаги неъматни йўқ бўлишини умид қилишдир. Бундай ҳасад шариатда ҳаром қилингандир.

Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз вақтида ҳасад иллати жамият аъзолари ўртасида нақадар хавфли экани, ҳатто кишининг имонига ҳам путур етказиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб шундай деганлар:

"لاَ يَجْتَمِعُ فِي جَوْفِ عَبْدٍ الإِيَمانُ وَالحَسَدُ" (أخْرَجَ الإِمَامُ النَّسَائِيُّ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

яъни Бир бандада имон ва ҳасад асло бирга бўлмайди (Имом Насаий ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса:

"لا يَزَالُ النَّاسُ بِخَيْرٍ مَالَمْ يَتَحَاسَدُوا" (رَوَاهُ الإِمَامُ الطَّبَرَانِيُّ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

яъни Инсонлар бир-бирларига ҳасад қилмасликда бардавом бўлсалар, яхшилик узра бардавом бўладилар,  дедилар. (Имом Табароний ривояти)

Буюк аждодимиз Имом Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ ҳасаднинг заралари тўғрисида шундай деганлар: “Ҳасаддан зарарлироқ нарса йўқ. Ҳасад ўз эгасига бешта уқубат келтиради:

  1. Ҳасадчининг ғам-ташвиши узилмайди;
  2. Унинг ушбу ғам-ташвишига ажр келмайди;
  3. Хорлик олиб келади;
  4. Аллоҳ таоло унга ғазаб қилади;
  5. Унга тавфиқ эшиклари ёпилади”.

Бошқа бир ўринда эса: “Уч кишининг дуоси қабул бўлмайди. Улар:

  1. Ҳаром ризқ егувчи;
  2. Кўп ғийбат қилувчи;
  3. Қалбида мусулмонларга адовати ва ҳасади бўлган кишилар” деганлар.

Ҳурматли жамоат! Муқаддас динимиз бир қанча салбий иллатларнинг давосини ўргатгани каби, бу ҳасад иллатидан фориғ бўлиш йўлларини ҳам кўрсатиб берган. Бу ҳақда суюкли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

"ثلاثٌ لازماتٌ لأُمَّتِي سُوءُ الظَّنِّ والحَسَدُ والطِّيَرَةُ فإذا ظَنَنْتَ فلا تُحَقِّقْ وإذا حَسَدْتَ فاسْتَغْفِرِ اللهَ

وإذا تَطَيَّرْتَ فَامْضِ" (رَوَاهُ الْإِمَامُ الطَبَرَانِيُّ عَنْ حَارِثَةَ بْنِ النُّعْمَانِ رضي الله عنه)

яъни: “Учта хислат умматимда доим бўлади: ёмон гумон, ҳасад ва шумланиш. Гумон қилсангиз, юзага чиқарманг. Ҳасад қилсангиз, Аллоҳга истиғфор айтинг. Шумлансангиз, йўлингизда давом этинг”, – деганлар (Имом Табароний ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса:

"كُلُّ بَنِي آدَمَ حَسُودٌ وَلاَ يَضُرُّ حَاسِداً حَسَدُهُ مَا لَمْ يَتَكَلَّمْ بِاللِّسَانِ أَوْ يَعْمَلْ بِالْيَدِ"

 (رَوَاهُ الْإِمَامُ أَبُو نُعَيْمٍ عَنْ أَنَسِ ابْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه)

яъни: “Ҳар бир Одам боласи – ҳасадчидир, (лекин) модомики (ҳасадини) тилига чиқармаса, (ҳасадига) қўли билан амал қилмаса, ҳасадчига ҳасади зарар қилмайди” (Имом Абу Нуайм ривояти).

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг охирги сураларидан бўлган “Фалақ” сурасида ҳасад қилувчининг ёмонлигидан паноҳ сўрашга буюради:

"وَمِنْ شَرِّ حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ" (سورة الفلق/5)

яъни: “Ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан (паноҳ сўрайман деб айтинг)” (Фалақ сураси, 5-оят).

Ҳасад ақлни чеклаб қўйиши фанда ҳам ўз тасдиғини топган. Днепропетровск университетидаги тадқиқодларда аниқланишича, ҳасад – чекланишдир. Бу ҳолатда инсон фақат битта мақсад учун ҳаракат қилади. Мотивациянинг бу тарзда чекланиши эса фикр доирасининг торайишига олиб келади. Оқибатда шахс шаклланиши бузилиб, ақлий жараён сусаяди.

Ҳар бир иллатнинг давоси бўлгани каби, ҳасад иллатининг ҳам давоси бор. Бу бўйича уламоларимиз “Ким ўзида бошқаларга бўлган ҳасадни сезса, унга қарши тақво ва сабрни ишлатсин”, – дейишган. Шу билан бирга қуйидаги омилларни ҳам ишга солиши талаб этилади: 

- Аввало Аллоҳ таолодан ёрдам сўраб, унга кўп боғлансин. Ушбу иллатдан халос бўлишга муваффақ этишини умид қилсин;  

- Ислом шариати кўрсатмаларига амал қилиши лозим. Зеро шариатга амал қилиш кишини турли иллатлардан узоқлаштиради;  

- Бу дунёдаги ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг Қазо ва Қадари ила бўлишини имонини мустаҳкамласин;

- Ҳасад ҳасадчининг бу дунёда саломатлигига, охиратда эса Аллоҳнинг ғазабига дучор қилиши каби зарарларини кўп тафаккур қилсин;  

- Ўлимни кўп эсласин. Зеро, ўлим – ҳар қандай ҳавойи-нафс истакларини парчаловчи омилдир.  Машҳур саҳобалардан бирлари Абу Дардо разияллоҳу анҳу инсонларга насиҳат қилиб, шундай дер эканлар:

مَا أَكَثَرَ عَبْدٌ ذِكْرَ الْمَوْتِ إلّا قَلَّ فَرَحُهُ وَقَلَّ حَسَدُهُ

яъни: “Қайси бир банда ўлимни кўп эсласа, унинг (беҳуда) ҳурсандчилиги ва ҳасади камаяди”.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳасаддан, адоватдан асрасин, ўзаро ҳамжиҳат бўлиб яшашни муяссар қилсин! Омин!

Муҳтарам жамоат! Мавъизамизни ҳозирги кунда баъзи ҳудудларда авж олиб бораётган иллатлардан бири – ҳайвонларни уриштириш ҳақида суҳбатлашамиз.

Динимизда турли ҳайвонларни уриштириш, бу ўйинларга пул тикиб қимор ташкил қилиш ва ҳатто томоша қилиш – таъқиқланган, ҳаром ишдир. Бу ҳақда Ибн Аббос разияллоҳу анҳу шундай дейдилар:

نَهَى رَسًولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ التَّحْرِيشِ بَيْنَ الْبَهَائِمِ )رَوَاهُ الْاِمَامُ التَّرْمِذِيُّ(

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларни уриштиришдан қайтардилар” (Имом Термизий ривояти).

Бу ҳадиси шарифнинг шарҳида муҳаққиқ Мулло Алийюл Қори шундай дейдилар: “Яъни, Пайғамбаримиз саллалллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонлар бир-бирини шохлаши, тишлаши, босиб-янчиши ёки ўлдириши учун уларни гиж-гижлаш (уриштириш)дан қайтардилар. “Ниҳоя” китобида ҳадисдаги “тахриш” – ҳайвонларни бир-бирига гиж-гижлаш, дейилади. Туя, қўчқор, хўроз, фил ва буқаларни бир-бири билан уриштирадилар. Буқа ва шерни ҳам гиж-гижлашади. Ҳайвонларни бир бири билан уриштириш мумкин эмас экан, одамларни бир-бири билан уриштириш ундан ҳам ёмонроқдир. Одам уриштириш айрим шаҳарларда кўп учрайди. Бу ҳадисни Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилган” (“Мирқотул мафатиҳ”).

“Авнул Маъбуд” китобида бу ҳақида шундай дейилган: “Ҳайвон уриштиришдан ман қилишнинг сабаби – ҳайвонларга ҳеч бир фойдасиз, балки ўйин учун азоб бериш ва қийнашдир”.

Ҳайвонларни уриштиришнинг ҳаромлиги ҳақида Халқаро ислом уюшмаси қошидаги Ислом фиқҳи академиясининг Макка шаҳрида 1987 йил (1408 ҳ. йил Сафар ойида)  бўлиб ўтган ўнинчи давра мажлисида қатъий фатво берилди. Ҳайвон уриштиришнинг ҳаромлиги аниқ бўлгандан кейин, ўртага пул қўйиб уриштириш ёки томошабинлар пул билан гаров боғлашларининг ҳам ҳаром иш эканлиги келиб чиқади.

Динимизда ҳайвонларга ҳам сабабсиз озор, азият ва азоб бериш мумкин эмас. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларнинг ҳам ҳуқуқлари борлигини асослаб бердилар. Пайғамбаримиз  саллаллоҳу алайҳи васаллам юз қисмига тамға урилган эшакни кўриб: “Бунга тамға урганни Аллоҳ лаънатласин!” – дедилар (Имом Муслим ривояти). Яна ҳайвонларни “мусла” қилиш (тирик ҳайвонларни аъзоларини кесиб яралаш)дан ҳам қайтарилганмиз. Демак, ҳайвонларга озор бериш, азоблаш ва уларга шафқат кўрсатмаслик шариатимизда оғир жиноят ҳисобланади. Ҳайвонларни қамаб қўйиб, очликдан ўлдириш – ҳаромдир. Ҳадиси шарифда бир мушукни қамаб қўйиб қийнаган аёлнинг азобланиши ҳақида хабар берилди (Имом Бухорий ривояти).  Кунларнинг бирида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам эти суягига ёпишиб кетган туяни кўриб қоладилар ва: “Бу тилсиз ҳайвонлар тўғрисида Аллоҳдан қўрқинглар. Минишга яроқли қилиб мининглар, ейишга яроқли қилиб енглар”, – дедилар (Имом Абу Довуд ривояти). Ҳар бир ҳайвонни нима учун яратилган бўлса, шу ишда фойдаланиш ҳам – динимизнинг кўрсатмаларидан биридир. Бир ҳадиси шарифда: “Уловларингиз устини минбар қилиб олишдан сақланинглар...”, – дейилган (Имом Абу Довуд ривояти). Бунинг маъноси, кимнидир кутаётганда, савдо-сотиқ қилаётганда ёки бошқа ишларни қилаётганда, зарурат бўлмаса, уловни устига миниб турманг, деганидир. Ҳадиси шарифларда тирик жонзот (товуқ, қўй, эчки кабилар)ни ўқ отишга нишон қилиб олишдан қайтарилади (Имом Бухорий ривояти).

Динимиздаги ҳайвонларга боғлиқ яна бир асл қоида – уларга раҳм-шафқат кўрсатишдир! Чанқаган итга шафқат кўрсатиб, қудуқдан сув олиб чиқиб берган кишининг гуноҳларини Аллоҳ таоло кечиргани ривоят қилинган (Имом Бухорий ривояти). Саҳобийлар сафарда чумчуққа ўхшаган қушнинг палопонларини олиб қўйишганда, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам палопонларни қайтариб, ўз жойига қўйишни буюрдилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳайвонларга раҳм-шафқатнинг бундан ҳам олий даражаси – ҳатто гўшти учун сўйилаётган ҳайвонни ҳам қийнамасликдир. Ҳадиси шарифларда сўйилаётган ҳайвонни қўпол равишда судрамаслик, пичоқни ҳайвонни олдида қайрамаслик, пичоқни ўткир қилиш ва бошқа ҳайвонлар олдида сўймаслик буюрилади. Қўйни йиқитиб қўйиб, пичоғини қайраётган бир кишига Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни бир неча марта ўлдирмоқчимисан?!” – деб танбеҳ бердилар (Имом Ҳоким ривояти). Фатво китобларда агар зарар етказмаса, ҳашаротларни ҳам беҳуда ўлдириш мумкин эмаслиги зикр қилинган.

 

"ҲАСАД ВА ГИНА –ҲАМЖИҲАТЛИК ЗАВОЛИ" номли мавъизаси юклаб олиш (PDF форматда)


Киритилган вақти: 16/07/2019 09:08;   Кўрилганлиги: 1239
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/islam/juma/19072019-y-hasad-va-gina-hamjihatlik-zavoli
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 03:26
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг