Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Ҳадислар

Муҳаддисларни ўрганамиз

 
 

Давр машаққатларига қарамасдан ҳаётларини илм-маърифатга боғлаган, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзларини тўғрилигича жамлаган, илм йўлида золимларга бўйин эгмаган, ўзларидан кейин бой меросларни қолдирган буюк муҳаддислар билан танишамиз. Уларнинг аввалгиси Имом ал-Бухорий

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Муғийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг қўлида исломга кирган. Шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий ҳижрий 194 — йилда Бухоро шаҳрида туғилди. Етим бўлиб ўсдилар. Ўн ёшга етмай ҳадис ёдлашга киришдилар. 16 ёшларида оналари ва акаси билан Маккага сафар килдилар ва хаж фарзини адо этдилар. Хадис, усул ва фиқҳ уламоларидан илм олиш мақсадида бир мунча вақт Маккада қолдилар. Айни мақсадда 16 йил давомида илм билан машҳур бўлган Ислом диёридаги шаҳарларнинг биридан бошқасига кўчиб, ўтиб юрдилар. Бу йилларда илм билан машҳур бўлган шаҳарларнинг кўпини айланиб чикдилар.

Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг хадисларини тўпладилар. Ҳатто йиққан хадислари 600,000 дан ошиб кетди. Минг муҳаддисга мурожаат қилиб бу ҳадислар тўғрисида музокара олиб бордилар. Улар ростгўйлик, тақво ва дуруст ақида билан танилган зотлар эдилар.

Имом Бухорий ушбу катта миқдордаги ҳадислар ичидан ўзининг «Саҳиҳ» китобини саралаб ёздилар. Баҳс, текшириш, саҳиҳни носаҳиҳдан ажратиш ва ровийларни саралашда энг нозик илмий услубни қўллаб, ўзининг бу китобига энг саҳиҳ ҳадисларни жойладилар. Шундай бўлсада бу китоб барча саҳиҳ ҳадисни қамраб олмади. Бу китобни Росулуллох саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари, суннатлари ва айёмларидан иборат бўлган «Жомеъ Сахих Муснад» — деб номладилар.

Бухоро амири фарзандларига таълим бериш, уларга хадис эшиттириш учун уйига имом Бухорийнинг келишини хоҳлади. Бухорий ҳазратлари унамади ва «илмга келинади, илм бормайди», деб одам юборди. Яъни ким уламолардан илм олишни хоҳласа масжид ва уйларда улар хузурига боради.

Шу сабаб амир имом Бухорийни ёмон кўриб, уни Бухородан чиқариб юборишга буйруқ берди. Самарқандга яқин Хартанг деган кишлокка кўчдилар. У ерда у кишининг қариндошлари бор эди. Шу ерда хижрий 256-йил, 62 ёшларида вафот этдилар. У кишини Аллох рахамат килсин.


Киритилган вақти: 20/10/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 2119
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/islam/hadiths/muhaddislarni-organamiz
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 10:26
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг