Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Ҳадислар

МАККА БИЛАН УНДАГИ БИНОНИНГ ФАЗИЛАТИ ҲАҚИДА

 
 

Аллоҳ таоло бу хусусда бундай дейдир: «Биз Каъбани одамлар учун ҳар йили тўпланадиган жой қилиб бердик ва унга тинчлик-омонлик бахш этдик, шундай экан, Иброҳим Мақомини ўзингизга намозгоҳ қилиб олинг! Биз Иброҳим ва Исмоилга «Уйимни (Байтуллоҳни) тавоф ва эътикоф этгувчилар учун ҳамда рукуъ ва сажда қилиш учун покиза қилинг!» деб топширдик. Иброҳим: «Ё раббий, бу юртни тинчлик-омонлик масканига айлантиргин, унинг Аллоҳга иймон келтирган, охират кунига ишонган аҳлига неъматингни бисёр қилгил!» – деб илтижо қилган эди. Аллоҳ таоло: «Ким кофир бўлса, кам неъмат бераман, сўнг уларни дўзах азобига мубтало қиламан», – деган. Охират қанчалик даҳшатлидир! Эсланг, Иброҳим ва Исмоил Каъбанинг пойдеворини қураётиб: «Ё раббимиз, ушбу биномизни қабул қилгин, ҳақиқатан сен ўзинг эшитгувчи, билгувчи зотдирсан! Ё раббимиз, бизни ўзингга бўйин эгган мусулмон банда қилгин, зурриётимизни ҳам мусулмон уммат қилгин, бизга ҳажда адо этмоғимиз лозим бўлган удумларни кўрсатгин (айтгин), бизнинг тавбаларимизни қабул этгин, ҳақиқатан сен ўзинг тавбамизни қабул қилгувчи меҳрибон зотдирсан!»-дейишган».

Жобир ибн Абдуллоҳ ривоят қиладилар: «Каъба қайта қурилаётганда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Аббос тош ташишга бордилар (келдилар). Аббос Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Изорингни ечиб, елкангга қўйиб олгин!» – дедилар. Жаноб Расулуллоҳ шундай қилган эдилар, кўзлари тиниб, бошлари айланиб, чалқанча йиқилиб тушдилар. Кейин: «Изорим қани, олиб беринг!» – дедилар. Изорларини олиб беришган эди, ўраниб олдилар».

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг заифалари Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Қавминг Каъбани қайта қурган вақтда Иброҳим қурган пойдеворни пасайтирганларини билмасмисан?» – дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, Иброҳим қурган пойдеворни аслига келтириб қўймасмисиз?» – дедим. Жаноб Расулуллоҳ: «Агар қавминг яқиндагина кофир бўлмаганда эди, шундай қилган бўлар эдим», – дедилар».

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Агар Оиша розияллоҳу анҳо бу ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган бўлсалар, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижр (девор) яқинидаги икки устунни силаб, ўпмаганлар, деёлмасман, чунки Каъбанинг пойдевори Иброҳим давридагидек қилиб, аслига келтирилмаган».

Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Каъба девори ичкарига олинадими?» – деб сўрадим. Жаноб Расулуллоҳ: «Ҳа», – дедилар. Мен: «Нима учун улар деворни Каъба ичига олмаганлар?»-дедим. Жаноб Расулуллоҳ: «Қавмингга нафақа камлик қилган», – дедилар. Мен: «Нима учун эшиги баланд қилиб қурилган?» – дедим. Жаноб Расулуллоҳ: «Қавминг ўзлари истаган кишиларни киритиб, истамаганларини қўймаслик учун шундай қилишган. Агар қавминг жоҳилиядан чиқиб, эндигина исломга қадам қўйган бўлмаганида, деворни бузиб, Каъба ичкарисига олар эдим, эшигини бўлса, ерга ёпиштириб (остонасини паст қилиб) қурар эдим, лекин уларнинг қалблари инкор қилишидан (феъллари айниб, исломдан қайтиб қолишларидан) чўчийман».-дедилар».

Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: Агар қавминг яқиндагина кофирликни тарк этиб, эндигина исломга қадам қўйган бўлмаганида эди, мен Иброҳим алайҳи-с-салот ва-с-салом давридаги пойдеворни тиклаб, Каъбани қайта қурган бўлар эдим. Қурайш аҳли бинони паст қуриб қўйди. Мен орқадан ҳам эшик қурган бўлар эдим», – дедилар».

Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Оиша, агар қавминг жоҳилиядан чиқиб, эндигина исломга қадам қўйган бўлмаганида, мен Каъбани шаксиз бузишга амр қилар эдим, ундан нимаики ташқарига олиб чиқиб қурилган бўлса, ичкарига олар эдим, мавжуд эшик остонасини пасайтириб, яна иккита – машриқ ва мағриб томондан эшиклар очар эдим. Иморатнинг пойдеворини Иброҳим алайҳи-с-салот ва-с-салом давридагидек қилиб қурар эдим», – дедилар.

Мана шуларнинг ҳаммасини бузиш Ибн Зубайр зиммасига тушди. Язид розияллоҳу анҳу: «Мен Ибн Зубайр Каъбани бузиб, янгидан барпо қилганининг шоҳиди бўлганман, у ҳижрнинг (деворнинг) бир қисмини Каъба ичкарисига олди, кейин мен Иброҳим қурган пойдевор тошини ҳам кўрдим, у туя ўркачига ўхшар экан», – дейдилар. Жарир розияллоҳу анҳу бундай дейдилар: «Мен Язиддан эски пойдеворнинг қаердалигини сўрадим. У киши: «Ҳозир сенга кўрсатаман», -дедиларда, мени ҳижр ортига олиб ўтиб, «У мана шу ердадир», – деб кўрсатдилар. Мен пойдеворнинг кенглигини тахминан олти зироъ (1 зироъ – 75 см) деб чамаладим».


Киритилган вақти: 04/10/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 2011
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/islam/hadiths/makka-bilan-undagi-binoning-fazilati-haqida
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 10:12
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг