Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Ҳадислар

Ҳадислардан намуна

 
 

“Уч тоифа жаннат аҳлидир: Адолатга муваффақ бўлган подшоҳ; Қариндошлари ва мусулмон биродарларига раҳмли ҳамда қалби юмшоқ киши; Болалари кўп ва ўзи муҳтож бўлса-да тиланчилик қилмайдиган киши”. Имом муслим ривояти.

Мазкур ҳадиси шарифда ижтимоий ҳаётдаги барча инсонларнинг, салтанат подшоҳидан оддий, муҳтож, фарзандлари кўп бўлган кишигача ҳаётлари қамраб олинган бўлиб, дунё ҳаётида инсон қайси мартабада бўлишидан қатъий назар бахтли бўлиши учун кифоя бўладиган гўзал ахлоқ-одоб зикр қилинган.

1. Адолатга муваффақ бўлган подшоҳ; Адолатсизлик энг ёмон хулқлардандир. Дунёнинг бутун тизими ва мартабаси адолат билан қўлга киритилади. Ислом ҳукмдорларининг аксари, хусусан халифалардан Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Умар ибн Абдулазиз, Марвон ибн Абдулмалик, Ҳорун ар-Рашид ва бошқалар ўта адолатпарварликлари билан машҳур бўлишган.

2. Қариндошлари ва мусулмон биродарларига раҳмли ҳамда қалби юмшоқ киши; Соғлом қалб эгаси – қалбини ширк, хиёнат, гина, ҳасад, манмансираш, дунё ва раҳбарлик муҳаббатидан, яъни, Аллоҳ таолодан узоқлаштирадиган барча офатдан саломат сақлаган одамдир. Қалб саломатлигининг сабаблари ва юрилиши керак бўлган йўллари бор. Ўша сабаблардан бири, Аллоҳ таолога ихлос қилишдир. Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилинади: (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар): «Уч нарса борки, мусулмон одамнинг қалби уларга бахиллик қилмайди: амалнинг холислиги, раҳбарларга насиҳат қилиш ва мусулмонлар жамоатидан айрилмаслик» (Имом Аҳмад ).

Болалари кўп ва ўзи муҳтож бўлса-да тиланчилик қилмайдиган киши; Кишининг болалари кўп бўлиб, муҳтож бўлсада тиланчилик қилмаслиги унинг ҳаёсидир, ҳаё эса имондандир. Мусулмон киши ҳар қандай ҳолатда иффатини сақлаш учун дунё матоҳидан воз кечади. Ризқни Аллоҳдан деб билади ва шунга ҳаракат қилади. Қуръони карим бизни ризқ борасида хотиржам бўлишга чақиради: “Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У Зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билади. Ҳамма нарса очиқ-равшан Китобда бордир” (Ҳуд сураси, 6-оят).


Киритилган вақти: 09/10/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 2179
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/islam/hadiths/hadislardan-namuna-1
Чоп этилган вақт: 25/04/2024 10:08
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг