Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Қуръон оятлари

Муҳкам ва муташобиҳ оятлар

 
 

Қуръони Каримда муҳкам ва муташобиҳ оятлар борлиги, муҳкам оятлар китобнинг асли экани қуйидагича баён қилинган:

هُوَ الَّذِي أَنْزَلَ عَلَيْكَ الْكِتَابَ مِنْهُ آيَاتٌ مُحْكَمَاتٌ هُنَّ أُمُّ الْكِتَابِ وَأُخَرُ مُتَشَابِهَاتٌ

«У сенга китобни туширган Зотдир. Унда муҳкам – ойдин оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ (оят)лар ҳам бор» ("Оли Имрон" сураси, 7-оят).

Ушбу оятга кўра, эътиқодий ҳукмларда ҳам, амалий ҳукмларда ҳам асосий таянч китобнинг асли бўлган муҳкам оятлар ҳисобланади.

Муҳкам луғатда «очиқ-ойдин», «аниқ-равшан» маъноларини англатади.

Муҳкамнинг истилоҳий маъноси тўғрисида кўплаб таърифлар берилган бўлиб, уларнинг энг мўътабар ва машҳурларидан бири Ломиший раҳматуллоҳи алайҳнинг қуйидаги таърифидир:

ما أحكم المراد به قطعا ولا يحتمل إلا وجها واحدا

«Ирода қилинган маъноси қатъий равишда очиқ-ойдин бўлиб, фақат битта маънонинг эҳтимоли бўлган оятлар муҳкам дейилади»[1].

«Муташобиҳ» луғатда «ўхшаш», «ноаниқ» ва «қоронғу» каби маъноларни англатади. Муташобиҳнинг истилоҳий маъносини Ломиший раҳматуллоҳи алайҳ бундай таърифлаган:

المتشابه ما اشتبه به مراد المتكلم على السامع لاحتماله وجهين مختلفين و حكمه التوقف فيه

«Бир-бирига зид икки хил маънонинг эҳтимоли бўлгани учун сўзловчининг ирода қилган нарсаси эшитувчига ноаниқ бўлиб қолган сўзлар муташобиҳ дейилади»[2].

Демак, муташобиҳ оятлар деганда лафзидан кўзланган маъноси аниқ-равшан бўлмаган оятлар тушунилади. Муташобиҳ оятлар уч қисмга тақсимланади[3]:

1. Лафзи муташобиҳ оятлар. Лафзи муташобиҳ оятларнинг ўзи икки навга бўлинади:

А. Фақат битта лафзи муташобиҳ оятлар. Масалан:

وَفَاكِهَةً وَأَبًّا

«Ва меваларни ва ўт-ўланларни ҳам (ўстириб қўйдик)» ("Абаса" сураси 31-оят).

Ушбу оятдаги «ўт-ўланлар» дея таржима қилинган أَبًّا лафзидан ирода қилинган маъно «мевалар» маъносини англатувчи فَاكِهَةً лафзи каби аниқ эмас;

Б. Умумий жумласи муташобиҳ оятлар. Масалан:

لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ

«У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир» ("Шуро" сураси 11-оят).

Ушбу оятнинг жумласи муташобиҳдир. Яъни مِثْلِ лафзидан олдин كَ ҳарфи келгани сабабли оятнинг умумий жумласи муташобиҳ бўлиб қолган. Шунга кўра, ушбу оятнинг умумий жумласи ҳақида олти хил қараш айтилган:

1) كَ ҳарфи зоида бўлиб келган;

2) таъкид ҳарфи, ўхшашликни инкор қилишни таъкидлаш учун келган;

3) مِثْلِ калимаси مَثَلِмаъносида келган, бундан сифат маъноси тушунилади;

4) مِثْلِهِ калимаси نَفْسِهِ яъни «Унинг Ўзи» маъносида келган;

5) бу жумла киноя бобидандир;

6) бу жумла худди مثلك لا يبخل (Сенинг мислингдек киши бахиллик қилмайди) жумласига ўхшашдир. Яъни ушбу сўздан унга бир мислни (ўхшаш, каби) исбот қилишни эмас, балки أنت لا تبخل (сен бахиллик қилмайсан) маъноси тушунилади.

2. Маъноси муташобиҳ оятлар. Аллоҳ таолонинг сифатларини баён қилган оятлар. Масалан:

فَسُبْحَانَ الَّذِي بِيَدِهِ مَلَكُوتُ كُلِّ شَيْءٍ وَإِلَيْهِ تُرْجَعُونَ

«Бас, барча нарсанинг том эгалиги қўлида бўлган Зот покдир. Унгагина қайтарилурсизлар»("Ёсин" сураси, 83-оят).

Мазкур оятда Аллоҳ таолонинг ўзбек тилида «қўл» маъносини англатувчи «яд» сифати зикр қилинган. Ушбу «яд»дан нима ирода қилингани муташобиҳдир.

3. Лафзи ҳам, маъноси ҳам муташобиҳ оятлар. Лафзи ҳам, маъноси ҳам муташобиҳ оятларни умумий қилиб беш навга ажратиш мумкин:

1. Миқдори жиҳатидан муташобиҳ оят. Масалан:

فَاقْتُلُوا الْمُشْرِكِينَ حَيْثُ وَجَدْتُمُوهُمْ

«Мушрикларни қаерда топсангиз, ўлдиринглар» ("Тавба" сураси, 5-оят).

Ушбу оят умум ва хосликда муташобиҳдир. Яъни ушбу оятнинг маъноси, уруш қилган ё қилмаганидан қатъий назар, катта-кичик, эркак-аёл – барча мушрикларга умумийми, ёки мусулмонларга қарши урушаётган араб мушрикларига хосми ҳамда «қаерда топсангиз» маъносига Ҳарам ҳудуди ҳам кирадими ё кирмайдими? Ушбу оят ана шу умум ва хосликда муташобиҳдир.

2. Кўриниши жиҳатидан муташобиҳ оят. Масалан:

فَانْكِحُوا

«Никоҳлаб олинглар» ("Нисо" сураси, 3-оят).

Ушбу оятдаги буйруқ никоҳга олишнинг вожиб ё мандуб эканига далолат қилишида муташобиҳдир.

3. Замони жиҳатидан муташобиҳ оят. Масалан:

وَإِنْ يَكُنْ مِنْكُمْ مِائَةٌ يَغْلِبُوا أَلْفًا مِنَ الَّذِينَ كَفَرُوا

«Агар сиздан юзта бўлса, куфр келтирганлардан мингтасини енгадир» ("Анфол" сураси, 65-оят).

Ушбу оят қуйидаги оят билан қайси бири носих, қайси бири мансух эканида муташобиҳдир:

فَإِنْ يَكُنْ مِنْكُمْ مِائَةٌ صَابِرَةٌ يَغْلِبُوا مِائَتَيْنِ

«Бас, агар сиздан юзта сабрли бўлса, икки юзтани енгадир» ("Анфол" сураси, 66-оят).

Яъни ушбу оятларнинг қайси бири кейин нозил қилингани оятларнинг ўзидан аниқ равшан билинмайди.

4. Макони ва нозил бўлган ишлари жиҳатидан муташобиҳ оят. Масалан:

وَلَيْسَ الْبِرُّ بِأَنْ تَأْتُوا الْبُيُوتَ مِنْ ظُهُورِهَا

«Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас» ("Бақара" сураси, 189-оят)

Жоҳилият даврида инсонлар агар Ҳаж ё Умра учун эҳромга кирсалар, то эҳромдан чиққунларига қадар уйларининг эшикларидан кириш яхши эмас, деб эътиқод қилар эдилар. Ушбу эътиқодларига кўра, мазкур кишилар уйларига кирмоқчи бўлсалар, уйларининг орқасидан дарча очиб кирар эдилар. Уларнинг бу одатларини билмаган киши ушбу оятни тушуна олмайди. Шунинг учун ушбу оят замони ва нозил бўлган ишлари эътиборидан муташобиҳ ҳисобланади.

5. Шартлари жиҳатидан муташобиҳ оят. Масалан:

فَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ

«Бас, намоз ўқинглар ва закот беринглар» ("Мужодала" сураси, 13-оят).

Яъни ушбу оятда намоз ўқиш ва закот беришга амр қилинган, лекин намоз ва закот ибодатининг шартлари баён қилинмагани жиҳатидан муташобиҳ ҳисобланади. Мазкур ибодатларнинг шартлари ҳадиси шарифларда баён қилиб берилган.

Ушбу мисоллардан кўриниб турибдики, ирода қилинган маъноси очиқ-ойдин бўлмаган барча оятларга муташобиҳ исми ишлатилган. Натижада муташобиҳ оятлардан ирода қилинган маъноларни бандалар билишлари мумкин ё мумкин эмаслиги тўғрисида табиий равишда турли ихтилофлар юзага келган.

---

[1] Аҳмад ибн Аби Саид Мулла Жийван "Нурул анвор" . Ҳофиз Санауллоҳ Зоҳидий таҳқиқ ва таълиқи. 2-жилд, 224-бет.

[2] Аҳмад ибн Аби Саид Мулла Жийван "Нурул анвор" . Ҳофиз Санауллоҳ Зоҳидий таҳқиқ ва таълиқи. 2-жилд, 263-бет.

[3] Аллома Абул Фазл Абдурраҳмон ҳофиз Жалолиддин Суютий, "Итқон фи улумил Қуръан" 1-жуз, 244-бет.

Манба: "Azon.uz"


Киритилган вақти: 08/10/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 2343
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/islam/ayahs/muhkam-va-mutashobih-oyatlar
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 12:01
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг