Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Қуръон оятлари

“Бақара” сурасининг 3-5-оятлари тафсири

 
 

“Бақара” сурасининг 3-5-оятлари тафсири

  بِسْمِ اللَّهِ  الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ 

 (3) الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِالْغَيْبِ وَيُقِيمُونَ الصَّلَاةَ وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنفِقُونَ 

3. Улар ғайбга иймон келтирурлар, намозни тўкис ўқирлар ва Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар.

Ушбу оятда Қуръон ҳидоятидан баҳраманд бўла оладиган тақводорларнинг сифатларидан учтаси саналган:

Биринчиси – “ғайбга иймон келтирурлар”.

Абул Олия ғайбга иймон келтиришнинг тафсирида: "Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига, қиёмат кунига, жаннатига, дўзахига, мулоқотига, ўлимдан кейинги ҳаётга ва қайта тирилишга ишонишдир", деган эканлар.

Имом ал-Ҳоким Амр ибн Шуайбдан ривоят қиладиларки, бир куни Пайғамбаримиз алайҳис салом саҳобаи киромларига:

“Сизнингча кимнинг иймони ажойиб?” – дедилар. Саҳобалар: “Фаришталарники”, - дедилар. Узот:

“Улар Роббиларининг олдида туриб, иймон келтирмасалар, қандай бўлади?” – дедилар. Саҳобалар:

“Пайғамбарларники”, - дедилар. Пайғамбар алайҳиссалом:

“Уларга ваҳий тушиб туриб, иймонга келмасалар, қандай бўлади?” – дедилар. Саҳобалар:

“Бизники”, - дедилар. У зоти бобарокат:

“Мен ораларингизда туриб, иймон келтирмасаларингиз қандай бўлади?” – деб туриб, сўнгра ўзлари жавоб қиладилар:

“Мен учун халойиқнинг ичида иймони ажойиби сизлардан кейин саҳифалардаги китобларга иймон келтирган қавмлардир” – дедилар.

Ҳақиқатан, ғайбга иймон келтириш билан инсон ҳайвондан ажраб туради. Чунки, ҳис қилиш аъзолари ёрдамида уларга моддий таъсир этувчи нарсаларни идрок қилиш билан ишониш ҳайвонларда ҳам бор. Ғайбга иймон келтириш туфайли инсон ўзини ўраб турган ҳиссий дунёдан чексиз уфқли, кенг оламга чиқади.   

Иккинчиси –“намозни тўкис ўқирлар”.

Яъни, Аллоҳга ибодат қиладилар. Бандага қул бўлишдан озод бўлиб, бандаларнинг Парвардигорига қул бўладилар. Намоз орқали банда Аллоҳ таолога боғланади. Ҳаётида ерга қапишиб юришдан юқори нарсани топади. Шунингдек, бошқа улкан яхшиликларга эришади.

Учинчиси – “Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар”.

Тақводор мўмин-мусулмон одамнинг эътиқоди бўйича, унинг қўлидаги мол-дунё Аллоҳ берган ризқ, ўзи яратган нарса эмас. Шунинг учун ҳам тақводор инсон Аллоҳ берган ризқдан ўзининг заифҳол, муҳтож биродарларига садақа қилади. “Садақа” сўзини тасдиқ маъноси бор, мол-дунёсини сарфлаб садақа қилишда эътиқоддаги маънонинг, яъни, яхшилик қилиш маъносининг тасдиғи бор. “Нафақа” ўзи умумий сўз бўлиб, закот, хайр-эҳсон, садақа каби маъноларни англатади.

(4) وَالَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِمَا أُنزِلَ إِلَيْكَ وَمَا أُنزِلَ مِن قَبْلِكَ وَبِالْآخِرَةِ هُمْ يُوقِنُونَ 

4. Ва улар сенга ва сендан олдин нозил қилинган нарсага иймон келтирарлар ва охиратга аниқ ишонарлар.

Демак, тақводорларга оид навбатдаги тўртинчи сифат - Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган Қуръони Каримга ва у кишидан олдин туширилган самовий китобларга иймон келтириш. Бу нарса, тақводрларнинг, Ислом умматининг буюк сифатларидан бири бўлиб, бошқа ҳеч бир умматда йўқдир. Чунки Ислом умматидан бошқа ҳеч бир уммат Аллоҳдан нозил бўлган барча китобларга бирдек иймон келтирмаган. Ислом уммати Аллоҳ туширган барча китобларга бирдек иймон келтиради.

         Бу ҳол эса, аслида башариятнинг китоблари ва Пайғамбарлари бир экани аломатидир.

         Бешинчи сифат – “охиратга аниқ ишонарлар”.

Яъни, ҳеч шак-шубҳа қилмай ишонадилар. Охиратга ишониш инсонни тор дунёдан кенг дунёга чиқаради. Унинг ҳаёти имтиҳонларга тўла бу беш кунлик дунё билан тугамаслигини билдиради. Келажагининг узоқ эканлигини, ниҳоясиз яшаш олами юор эканини билдиради.

Ушбу беш сифат инсоният учун ниҳоятда зарур сифатлар бўлиб, ким шуларни ўзида мужасам қилса, Қуръон ҳидоятидан тўла баҳраманд бўлади. Қуръон ҳидоятидан баҳраманд бўлган эса, икки дунё саодатига эришади. Шунинг учун ҳам, келаси оятда мазкур беш сифатга соҳиб бўлганлар эришадиган натижанинг эълони келади:

(5) أُولَٰئِكَ عَلَىٰ هُدًى مِّن رَّبِّهِمْ ۖ وَأُولَٰئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ 

  1. Ана ўшалар Роббиларидан бўлган ҳидоятидадирлар ва ана ўшалар, ўшаларгина нажот топгувчилардир.

Ким нажот топишни истаса, ўзида тақводорлик сифатларини мужассам қилишга уринсин.

Юқоридаги оятларда Қуръон ҳидоятига сазовор бўлиш учун сабаб бўладиган тақводорлик сифатларибаён этилган бўлса, келаси оятларда уларнинг зидди бўлмиш ҳидоятдан наф олмайдиган осийларнинг сифатлари зикр қилинади.

 

(“Тафсири Ҳилол” китобидан)

   Давоми бор...


Киритилган вақти: 30/08/2019 16:58;   Кўрилганлиги: 1384
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/islam/ayahs/baqara-surasining-3-5-oyatlari-tafsiri
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 03:02
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг