ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ ВАКИЛЛИГИ

Кун хикмати " Бойларнинг камбағалларга тавозеъ қилиши диёнат, камбағалларнинг бойларга тавозеъси эса хиёнатдир. Абу Али Даққоқ."

ЎЗБЕКИСТОН
МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ
САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ
ВАКИЛЛИГИ

Кун хикмати " Бойларнинг камбағалларга тавозеъ қилиши диёнат, камбағалларнинг бойларга тавозеъси эса хиёнатдир. Абу Али Даққоқ."



Қидирмоқ!

Ота-онага яхшилик қилиш фазилати (Бир ҳадис шарҳи)

Мақола кўрилди: 969
Сана: 24.06.2017

Муаллиф: Олимхон Юсупов, “Махдуми Аъзам” жоме масжиди имом хатиби


 

قال النبي صلى الله عليه وسلم: {رِضَا الرَّبِّ في رِضَا الوالِدِ، وَسَخَطُ الله في سَخَطِ الوَالِدِ}.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Роббнинг розилиги отанинг розилигида ва Аллоҳнинг ғазаби отанинг ғазабидадир”.

 

Шарҳ: Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қилиш хусусида шундай марҳамат қилган:

 

"واعبدوا الله ولا تشركوا به شيأ وبالولدين احسانا"

 

“Аллоҳга ибодат қилингизлар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангизлар! Ота-оналарга эса яxшилик қилингизлар!...”.[1]

Анкабут сурасида эса:

 

"ووصينا الانسان بولديه حسنا"

 

“Биз инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик[2] (яъни ота-она хоҳ яхши, хоҳ ёмон бўлсин, хоҳ мусулмон, хоҳ кофир бўлсин, уларга яхшилик қилиш фарзанднинг бурчидир), деган.

 

Демак, ота-она номига сазовор бўлган шахс борки, динимизда улар эҳтиромга лойиқ зотлар сифатида қадрланади. Юқоридаги ҳадиси шариф матнида келган “Роббнинг розилиги” отанинг розилиги ва “Аллоҳнинг ғазаби” отанинг ғазабида эканининг ўзи ҳам, Исломда уларнинг қадри қанчалар юксак эканига далолат қилиб турибди.

 

Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда иккала ўринда ҳам “ота” сўзи ўрнига “ота-она” сўзи келтирилган ва буни ровийдан шак дейилган. Ҳадис китобларнинг баъзи жойларида “ровийдан шак” деган сўзга кўзимиз тушади. Бу эса ўша ҳадиси шарифни кучсиз эканига эмас, балки фақат ўша лафз ҳақида ровийнинг шакда эканини ифодалайди. Яна ҳам аниқроқ айтсак, ровий шу иккала сўздан қайси бирини айтганлари ҳақида шакка тушганини тушунсак бўлади.

 

Дунёда ҳеч бир буюк шахснинг сўзи ёки у ҳақидаги маълумотлар, охирзамон пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ва ҳаётлари сингари аниқлик билан сақланиб қолинмаган. Ҳаттоки, ўзимиз ҳам бундан бир неча кун олдин ўзимиз айтган сўзларни сўзма сўз айтиб беришимиз амри маҳол. Лекин саҳобалар ва улардан кейинги масъулиятли мусулмон уламоларнинг шарафли хизматлари сабабли, ҳадислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан қандай эшитилган бўлса, худди шундайлигича бизгача етиб келган.

 

Имом Термизий бу ҳадиси шарифни мавқуф деганлар. Ота дейилганда ўзининг асл ота ва бобоси киради. Ота-онани рози қилишлик билан Аллоҳнинг розилигига эришилади. Уларни ғазаблантириш билан Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлинади. Агар бу амр ва қайтариқлар фарзанднинг шахсига зулм бўлса ҳам, Аллоҳ таолонинг шариатига хилоф бўлмаса, фарзанд савоб умидида ота онанинг бу ишига сабр қилади. Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда шундай дейилади:

 

عن بن عباس قال : "مَا مِنْ مُسْلِمٍ لَهُ وَالِدَانِ مُسْلِمَانِ، يُصْبِحُ إِلَيْهِمَا مُحْتَسِبًا، إِلاَّ فَتَحَ لَهُ اللهُ بَابَيْنِ - يَعْنِى مِن الْجَنَّةِ - وَإِنْ كَانَ وَاحِدٌ، فَوَاحِدٌ. وَإِنْ أَغْضَبَ أَحَدَهُمَا لَمْ يَرْضَ اللهُ عَنْهُ حَتَّى يَرْضَى عَنْهُ. قِيلَ: وَإِنْ ظَلَمَاهُ،

قَالَ: وَإِنْ ظَلَمَاهُ".

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот: “Бир мусулмон инсоннинг мусулмон ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса бир эшикни очади. Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ундан ўша шахс рози бўлмагунича, Аллоҳ рози бўлмайди”, дедилар. “Ота-она унга зулм қилган бўлса ҳамми?” – дейилди. “Зулм қилган бўлсалар ҳам” – дедилар.

 

Имом Таҳовий: "Фарзанд мубоҳ нарсаларда бўйсунади. Наҳй қилинган нарсаларда эмас”, дейдилар.

 

Тоҳир Фатаний: “Агар икковлари дунёвий ишларда унга зулм қилсалар, кўнади ва бўйсунади, охират ишларида эмас” деган.

 

Имом Ғаззолий: “Кўпчилик уламолар ота онанинг итоати шубҳали нарсаларда вожиблигини айтганлар. Тўлиқ ҳаромда вожиб бўлмайди. Чунки, шубҳани тарк қилиш вараъга киради. Ота онанинг итоати эса мажбурийдир", деганлар[3] деганлар.

 

Уламолар яна қуйидагиларни айтадилар: “Агар ота-онанинг ҳаққига баробар риоя қилиш мумкин бўлмай қолса, улуғлаш ва эҳтиром маъносида ота устун қўйилади. Чунки, насаб ундандир. Хизмат ва инъом юзасидан онанинг ҳаққи устун қўйилади. Мисол учун, ота-она ташқаридан кириб келганда ота учун ўриндан турилади. Фарзанд бирор нарса ҳадя қиладиган бўлса онасидан бошлайди. Фарзанд ота-онадан фақат биттасига нафақа беришга қодир бўлса, онасига беради[4].

 

Демак ота-онани рози қилиш бу дунёда ҳам, охиратда ҳам фақат ва фақат яхшиликка сабаб бўлишини унутмаслик лозим. Аллоҳ таоло барчаларимизга, ота-оналаримизни рози қилиб, Аллоҳ таолонинг розилигига эришмоғимизни насиб қилсин!



[1]Нисо  сураси 36-оят мазмуни.

[2]Анкабут сураси 8- оят мазмуни.

[3]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Одоблар ҳазийнаси. Шарқ. Тошкент. 2011. Б.67.

[4]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Одоблар ҳазийнаси. Шарқ. Тошкент. 2011. Б.67.

 

Изоҳлар