ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ ВАКИЛЛИГИ

Кун хикмати " Бойларнинг камбағалларга тавозеъ қилиши диёнат, камбағалларнинг бойларга тавозеъси эса хиёнатдир. Абу Али Даққоқ."

ЎЗБЕКИСТОН
МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ
САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ
ВАКИЛЛИГИ

Кун хикмати " Бойларнинг камбағалларга тавозеъ қилиши диёнат, камбағалларнинг бойларга тавозеъси эса хиёнатдир. Абу Али Даққоқ."



Қидирмоқ!

ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШ ОСИЙЛИК ВА ҚЎРҚОҚЛИКДИР

Мақола кўрилди: 113
Сана: 05.01.2018

Муаллиф: Хайруллоҳ Сатторов – Самарқанд вилояти бош имом хатиби ўринбосари


 

Яратган зот Парвардигори олам ўзини танитиш учун еру-осмонни барпо қилиб, унда барча маҳлуқот ва мавжудодларни яратди. Шуларнинг ичида инсонни бошқаларидан афзал эканини ва яратганнинг олдида ҳурматли эканини билдириб қўйди. Бу борада Аллоҳ таоло шундай дейди:

“Дархақиқат, (Биз) одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ҳамда денгизда (от - улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни (ўзимиз) яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70). 

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло борлиқдаги турли-туман мавжудодларни бир-биридан афзал қилиб яратган, шуларнинг ичида одам боласини барчаларидан мукаррам этганини маълум қилмоқда. Одамнинг шакли, барча аъзоларининг тузилиши, ҳаракати ва унга берилган ақл неъмати азизу мукаррамликдан далолатдир.

Инсоннинг яралиши ва бу дунёга келиши буюк мўжиза бўлиб, барчаси яратганнниг хоҳиш-иродаси биландир. Бу оламда тақдир қилганича яшаб ўтиши ҳам бир мўжиза. Демак, инсоннинг яралиши, бу дунёда яшаши ва дунёни тарк қилиши яратганнинг иродаси билан боғлиқ экан, энди У Зотнинг бандалири учун  ирода қилган қонуни ҳам бор эканини инсонлар билишлари шарт бўлиб қолади. Зеро, Аллоҳ таоло Меҳрибон ва Раҳмли зот-ки, бандаларига зулм қилмас. Бу қонун – диндир! Унга амал қилган бандаларни мусулмон дейилади.  Шу билан инсон бахтли ҳаёт кечиради. Бу борада Аллоҳ таоло шундай деди:

«Бас, (эй Муҳаммад!) Юзингиз (ўзингиз)ни тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг! Инсонларни ўша асосда яратган Аллоҳнинг яратувчилигини (англангиз!) Аллоҳнинг яратишига ўзгартириш йўқ. Энг тўғри дин шудир, лекин кўп одамлар (буни) билмаслар.  Унга ўзингизни топширган ҳолларингизда  (динни маҳкам тутингиз) ва Ундан қўрқингиз ҳамда намозни баркамол адо этингиз,  мушриклардан бўлмангиз» («Рум» сураси, 30-31-оятлар).

У Зотнинг таълимотида инсонлар ер юзини обод қилиши, эзгу амаллар билан машғул бўлишлари, жамиятга манфаатли бўлиши ва унга берилган неъматларга шукрона қилиб яшашга буюрилганлар. Шу ўринда инсонга етадаган баъзи дард, қийинчилик ва мусибатлар Яратган Зот томонидан бандасига синов ёки гуноҳларига каффорот эканини суюкли Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтиб ўтганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мусулмон кишига етадиган ҳар бир дард, қийинчилик, мусибат, қайғу-алам, озор ёки ғам ва ҳатто унга кирган тикан сабабли ҳам Аллоҳ таоло унинг хатоларини каффорат қилади”.  

Ҳаётнинг қадрига етмаган, унга берилган неъматнинг шукронасини қилмаган, яшашни истамаган, атрофдагилардан норози кишиларнинг ҳатти-ҳаракатлари натижаси – ўз жониган қасд қилиш билан ниҳоя топади. Бу борада динимизда бир қанча ваъидлар баён этилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким тоғдан ташлаб ўзини ўзи ўлдирса, у жаҳаннам оташида абадулабад ўзини тоғдан ташлаб туради. Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирган бўлса, у заҳарни қўлида тутган ҳолида жаҳаннам оташида абадулабад заҳар ичиб туради. Ким ўзини ўзи темир (тиғ) билан ўлдирса, у темирни қўлида тутган ҳолда жаҳаннам оташида абадулабад ўша темирни қорнига санчиб туради”, дедилар. (муттафақун алайҳи)

Инсон ўз жонига қасд қилиши Аллоҳниниг қазои қадарига қарши чиқиши, қолаверса такрор берилмайдиган неъмат ҳисобланган умр неъматига ношукрлик, осийлик, иродасизлик ва мусулмонган хос бўлмаган қўрқоқликдир. Бунга мусулмонлар жиддий эътибор бермоқликлари лозим. Чунки, ҳаётда йўқотилган неъматларнинг барчаси, банданинг тавбаси ва истиғфори билан яна қайтарилиши мумкин, аммо умр неъмати кўтарилса, бошқа қайтиб келмайди. Агар фикр юритиб, ибрат назари билан кузатадиган бўлсак, инсон умрининг ўтиши, кеча ва кундузларнинг кетма-кет алмашиши каби жуда ҳам тезлик билан ҳаракатланади. Шунинг учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом: Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишига насиҳат қилиб: “Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил: Кексайшингдан олдин ёшлигингни, касал бўлишингдан олдин соғлигингни, фақир бўлишингдан олдин бойлигингни, банд бўлишингдан олдин бўшлигингни ва ўлимингдан олдин ҳаётингни ғанимат бил”, дедилар. 

Дарҳақиқат, инсон бутун умр давомида Аллоҳнинг розилигини топай, мукофоти – жаннатига етай деб яшайди, гарчи гуноҳкор ва хато қилувчи бўлса ҳам. Аллоҳ таоло ҳам бандаси қилган гуноҳларини чин дилдан пушаймон бўлиб тавба қилса, кечиришини ваъда қилган. Аммо, динимиз хатолар ичида бесабрлик сабабли ўз жонига қасд қилишни улкан гуноҳ эканлигини ва бундай кишилар учун жаннат ҳаром қилинганини ҳам хабарини берган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси қудсийда: “Сизлардан илгари ўтганлардан бир киши жароҳатланди. Бесабрлик қилиб пичоқни олди-да, қўли (томири) ни кесиб ташлади ва кўп ўтмай, қон йўқотиб вафот этди. Аллоҳ: “Бандам жонига қасд этди, унга жаннатни ҳаром қилдим”, деди”. Ҳа азизлар, умр - бебаҳо неъмат. Зеро, уни қадрига етишда ва атрофимиздаги кишиларга бу борада насиҳатчи бўлишимизда бизлардан шижоат ва жидду-жаҳд талаб қилинади.

Изоҳлар