Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Тазкия

ШУБҲАЛИ НАРСАНИ ТАРК ЭТ

 
 

عن أبي الحوارء السعدي قال قلت للحسن بن علي : ما حفظت من رسول الله صلى الله عليه و سلم ؟ قال حفظت من رسول الله صلى الله عليه و سلم دع ما يريبك إلى مالا يريبك فإن الصدق طمأنينة وإن الكذب ريبة

 

Абул Ҳавро Саъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Ҳасан ибн Алига: “Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламдан нимани ёдлаб олгансан?” дедим. У менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сени шубҳалантираётган нарсани тарк этиб, шубҳасизини ол. Чунки ростлик хотиржамликдир, ёлғон эса шубҳа-гумондир”, деб ўргатганлар, деди» (Имом Термизий ривояти).

Турбаштий раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳадис шарҳида дейди: “Сенга дуч келган шак-шубҳали нарсадан воз кечиб, бегумон ва шубҳасизини ол! Ҳадисдаги: “Сени  шубҳалантираётган нарсани тарк эт”, деган гапнинг маъноси шуки: “Ман этилганми ёки рухсат этилганми, суннатми ёки бидъат эканини билолмай, сени шубҳалантирган гаплар ҳамда амалларни тарк этиб, шубҳа-гумонсизини танла”.

Банда дин борасидаги ишларни гумонга эмас, балки аниқ ва ишончли амаллар, сўзларга асосан бажариши керак. Тўғри ва рост нарсадан эса инсон хотиржам бўлади ва таскин топади. Ёлғон қалбнинг безовталиги ва изтиробига сабаб бўлади. Кишининг ташвишга тушиб қолиши унинг бирор-бир ишида шубҳа борлигидан даракдир. Хотиржамлик эса шубҳалардан йироқ бўлиш биландир.

Юқоридаги ҳадисда бир қисса баён қилинади. Буни Имом Аҳмад “Муснад”ида ривоят қилган. Абу Ҳавро розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Ҳасандан сўрадим: “Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нимани эслаб қолгансан?” Ҳасан розияллоҳу анҳу: “Мен садақа учун ажратиб қўйилган хурмодан бир дона олиб, уни оғзимга солган эдим. Буни кўрган Расулуллоҳ алайҳиссалом менинг оғзимдаги хурмони сўлаги билан қўшиб чиқариб ташладилар ва бояги хурмоларга қўшиб қўйдилар. Шунда бир киши Набий алайҳиссаломга айтди: “Хурмолардан сизлар ҳам есангиз нима бўлибди?!” У зот: “Биз Бани Ҳошим авлодига садақа ейиш ман этилган”, дедилар. Ҳасан ибн Али дейди: “Мана шу воқеадан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Сен шубҳалантираётган нарсани тарк этиб…” дердилар ва бизга мана бу дуони ўргатардилар: “Аллоҳумма иҳдиний фийман ҳадайт, яъни: “Ё Аллоҳ, ҳидоятга бошланганлар қаторида мени ҳам тўғри йўлга йўналтиргин”».

Мухтасар айтганда, мўмин киши ҳар доим шубҳалардан йироқ, эзгу амалларнинг пайида бўлиши даркор.

“Туҳфатул аҳвазий би шарҳи жомеъ ат-Термизий” асари асосида

Ургут шаҳар “Ёқуб Охун” масжиди имом- хатиби Ҳусниддин Ибрагимов  тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 14-сонидан


Киритилган вақти: 23/09/2019 12:08;   Кўрилганлиги: 316
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/tazkiyah/shubhali-narsani-tark-et
Чоп этилган вақт: 05/07/2020 18:18
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг