Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

Яхшилик - инсон зийнати

 
 

Яхшилик  ҳақида Қуръони Каримда кўплаб оятлар келган.

Қандай яхшилик қилсангиз, шубҳасиз Аллоҳ уни билгувчидир” (Бақара сураси, 215-оят);

Қандай яхши амал қилсангиз, албатта Аллоҳ билади” (Бақара сураси, 197-оят);

Бас, ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқолича яхшилик қилса, (Қиёмат куни) ўшани кўрур” (Залзала сураси, 7-оят);

Ким бирон яхшилик қилса, бас, ўзи учун (яъни, ўз фойдасига қилган) бўлур” (Жосия сураси, 15-оят);

Абу Заррдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Менга умматимнинг яхши ва ёмон амаллари кўрсатилди. Йўлдан азият берадиган нарсаларни олиб ташланишини яхши амаллар сирасидан топдим...", дейдилар.

Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким ризқи кенг бўлишини ҳамда умри узун бўлишини яхши кўрса, қариндошлари билан борди-келди қилсин", дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Шу ўринда фақат ризқим кенг бўлсин деган ният билан эмас балки, чин ихлос билан бу амал адо этилса икки томон ҳам манфаат кўради.

Яна Абдуллоҳ ибн Амир ибн Оссдан (р.а.) ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бир қариндошидан яхшилик кўргандагина борди-келди қилган одам силаи раҳм қилувчи эмас. Балки ёмонлик кўрганда ҳам борди-келди қилаверадиган киши силаи раҳм қилувчи, дейилади", дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).

Акобирлар айтишадики, ҳаттоки "киши атрофидаги инсонларга очиқ юз билан қараши" ҳам яхши амаллардан эканлиги зикр қилинган.

Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Икки неъмат борки, у ҳақда кишиларнинг кўпчилиги зиён топиб, бебаҳра қолишади. Сиҳат-саломатлик ва бўш вақт", дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).

 Албатта, дастурхон бошида ўтирганда дуогўй отахону онахонларимиз қўл кўтариб, биринчи навбатда "сиҳат-саломатлик ва тинчлик-хотирижамлик"ни сўрашганида ҳам катта ҳикмат бор.

Шунингдек, вақт қадрини ғанимат билиб, ўзимизга, атрофу акноф, қўни қўшни, қавми қариндошлар ёру дўстлар, қўйинки, таниган ва танимаган инсонларга ҳам вақти келса, қўлдан келса, имкон борича яхшилик қилинса бу вақтлар бизнинг фойдамизга хизмат қилади.

Бизга берилган имкониятдан унумли фойдаланиб, танимиз сиҳатлигида, қувватимиз борида кишиларга яхшилик улашсак, умримиз сермазмун бўлади, ризқимиз ҳалолидан зиёда бўлиб, ҳаётда муносиб ўрин топишимизга замин бўлади.

 ИСМОИЛХОН АЪЛАМХОН ЎҒЛИ - Ургут туман “Аҳмад Яссавий” жоме масжиди имом хатиби томонидан Абу Закарий Яҳё ибн Шараф Нававийнинг "Риёзус солиҳийн" (солиҳлар гулшани) асари асосида таёрланди.


Киритилган вақти: 19/02/2020 15:12;   Кўрилганлиги: 1477
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/society/yaxshilik-inson-ziynati
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 09:38
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг