Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

Хотиржамлик ярим соғликдир

 
 

Ривоятларда келтирилишича, бир замонлар Боғдод шаҳрига ўт тушиб, уйлар бирин-кетин ёна бошлаган экан. Ана шундай хонадонларнинг бирида ёш болалар қолиб кетибди. Ўша ердан ўтаётган бир солиҳ киши болаларнинг ота-онаси кўтараётган дод-фарёдни эшитиб, ўйлаб ҳам ўтирмасдан ўт ичига кириб болаларни олиб чиқибди. Ҳайратлиси шу эдики, у одамнинг бир дона туки ҳам куймаганди. Гўдакларнинг ота-онаси чексиз қувониб у одамга ўн тилла танга узатса, у киши “тиллаларни оладиган одам бўлганимда оловдан соғ чиқмас эдим” дея жавоб берган экан.

Зикр этилган қиссадан ҳисса шулки, инсонларга мусибат етганда одамийлик фазилати, иймонини унутмаган ҳолда, кишиларга холис кўмак беришга шошилган кишиларни Аллоҳ таолонинг Ўзи қўллаб, авайлаб-асрар экан.

Афсуслар бўлсинки,  бугунги вазиятда  хотиржамликни сақлаган ҳолда, бор имкони билан атрофдаги одамларга ёрдамга шошилиш, уларни сабрга, вазминликка чорлаш ўрнига, ноўрин гаплари, ҳатти-ҳаракатлари билан  ноқобил ишларни қилаётганлар ҳам учраб турибди. Турли асоссиз ёлғон, миш-мишлар тарқатиб, аҳоли орасида ноўрин ваҳималар пайдо қилиш бу улкан гуноҳ. Ҳеч қандай сабабсиз бозору-дўконлардаги маҳсулотларни уйларига ортиқчаси билан ғамлаш ёки уларни сақлаб янада қиммат нархларда сотишни мақсад қилиш эса икки карра улкан гуноҳдир. Ахир  биз ризқимиз Аллоҳ таолонинг зиммасида эканига ишонган кишилармиз. Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилинган: “Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадур” (Ҳуд сураси, 6-оят).

         Савдогарлик аслида савобли касб. Бу касб сабаб инсон ҳам дунёсини, ҳам охиратини обод қилиши мумкин токи, динимиз кўрсатмаларига амал қилса. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу бундай ривоят қилади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Энг яхши касб савдогарликдур. Агар совдогар ёлғон гапирмаса, омонатга хиёнат қилмаса, ваъдага хилоф этмаса, сотиб олаётган нарсаларини ёмонламаса, (ҳаддан ортиқ) қиммат сотмаса, зиммасидаги ҳақни беришни чўзмаса ва ўз ҳақларини олишда ҳам қўпол бўлмаса”, дедилар.

        Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ғазотларнинг бирида мусулмонларни   жуда қаттиқ очарчилик, қурғоқчилик ушлади. Нарх-наво ниҳоятда қимматлаб кетди. Бир қанча вақт аҳвол шу тарзда давом этганидан кейин  Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай дедилар.

     “Аллоҳга қасам, бугун кун ботгунча Аллох бизга ризқ етказади”.

        Усмон ибн Аффон бу сўзларни эшитиб “Ҳа, бугун келаркан, каёкдан келаркин?”, деб ўтирмадилар. Шартта туриб, озиқ-овқат, бошқа керакли нарсалар юкланган 14 та туяни сотиб олиб, мусулмонларга тарқатдилар. Расулуллоҳ бу моллар Усмондан эканини эшитиб, ниҳоятда хурсанд бўлдилар ва унинг ҳаққига узоқ дуо қилдилар.

      Шу каби вокелар ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврларида ҳам юз берган. Мусулмонлар очарчиликдан қийналишиб халифага шикоят қилишди. Умар: Аллоҳга истиғфор айтинглар, Аллоҳ хоҳласа эрталабгача ризқ етказади”, дедилар. Дарҳақиқат эртаси куни Мадинага Усмон ибн Аффоннинг карвони кириб келди. Савдогарлар шошиб бориб бизга сотинг- бизга сотинг, дейишди.

“Ҳа сотаман. Қанча бера оласиз?”

“Бир динорга икки динор”.

“Йўқ, оз”,

“Бир динорга уч динор”.

“Йўқ, оз”,

“Бир динорга беш динор”.

“Йўқ оз. Бундан кўп берадиган билан ваъдалашиб қўйдим”.

“Мадинада биздан бошқа савдогарлар йўқ, қолаверса биз биринчи келдик. Ким билан ваъдалашган эдингиз?”

“Бирига ўн бера оласизларми? Бирига юз бера оласизларми?”

“Йўқ бунча бера олмаймиз”.

“Гувоҳ бўлинглар, бу туялар устидаги озиқ-овқатлари билан Мадина аҳлига садақа”.

Тарихда ана шундай чин инсонлар ўзларининг саховатлари билан ўрнак бўлиб, ўзгаларнинг қийин кунларидан фодаланиб қолишни эмас балки бошқаларга ёрдам қўлини чўзиб бизларга намуна бўлишган.

Ривоятларда келтирилишича бир солиҳ киши йўлда вабо-ўлатни учратиб қолиб, қаерга кетаябсан? деб сўрабди.  Вабо “Мен фалон шаҳарга 100 кишини ўлдиргани боряпман” дебди. Орадан вақт ўтиб ўша шаҳарда эллик минг одам ўлгани ҳақида хабар тарқалибди. Тақдир тақозоси билан ўша киши яна вабони кўриб, “Сен ўша шаҳардан юз кишини умрига зомин бўламан дегандинг, ваҳоланки у шаҳарнинг эллик минг кишиси вафот этибдику? деб сўраса, вабо “Мен сабаб чиндан ҳам ўша шаҳарнинг  юз кишиси вафот этди аммо қолганлари ўзларини-ўзлари ваҳимага солиб ўлдилар”, деган экан. Бу ривоятдан хулоса шулки, бу кунлар ҳам Аллоҳнинг бир синови. Кимдир нафсига қул бўлиб, ўз манфаатини йўлида фойдаланиб қолишга уринса, яна кимлардир элининг корига яраб чин инсонийлигини, мўминлигини исботлаб холис, савоб умидида ҳаракат қилмоқда. Барча амалларимизни эса Яратганнинг ўзи кузатиб турибди. Ажрини ҳам берувчи ёлғиз Ўзидир.

Оиламиз ва атрофдагиларга гигиена қоидаларига, кўрсатма ва тавсияларга риоя қилишларини таъкидлайлик.  Сўзимизни интиҳосида буюк бобомиз Абу Али Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн Синонинг қуйидаги пурмаъно ҳикматли сўзига амал қилишни тавсия қиламиз: “Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир, хотиржамлик ярим соғликдир. Сабр эса шифонинг бошланишидир”. Аллоҳ таолонинг ўзи барчамизни бу синовлардан эсон-омон ўтишимизни насиб этсин. Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин.

 Насруллохон Нурулло ўғли - Пастдарғом туман “Чандиробод” жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 24/03/2020 11:09;   Кўрилганлиги: 1625
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/society/xotirjamlik-yarim-soglikdir
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 14:48
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг