Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

Тил – миллатнинг юрагидир

 
 

1989 йил 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Бугун, 21 октябрь, 2019 йил ушбу воқеага 30 йил тўлди. Ушбу сана мамлакатимизда кенг нишонланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 октябрь куни “Давлат тили ҳақида"ги қонуннинг 30 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди.

Тил ҳар бир миллатнинг улкан бойлиги, беназр қадрияти ва бебаҳо мулкидир. Ҳар бир халқ, ҳар бир элат, ўзи ҳурмат ва эҳтиром қиладиган тилга эга. Тилда ана шу тилнинг ижодкори бўлган халқ, элатнинг тарихи ва маданияти акс этади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонлар ўзаро танишишлари уларни халқлар ва қабилалар қилиб қўйганини баён қилган.

يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَىٰ وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا ۚ إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ ۚ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ

                “Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”.

Ушбу ояти каримада “Эй одамлар!” деб барча инсониятга қарата нидо қилинмоқда, шу билан бирга уларнинг асли бир эканлиги эслатилмоқда. Демак, одамларнинг асли бир — ҳаммалари Одам Ато ва Момо Ҳаводан таралганлар. Айни чоғда Аллоҳ таоло уларни турли халқлар ва қабилаларга ажратиб ҳам қўйганини таъкидламоқда. Инсонларнинг турли халқ ва қабилаларга бўлинишини сабаби эса, ўзаро танишиш, маърифат ҳосил қилиш эканлиги уқтирилмоқда.

Инсонларнинг турли халқлар, миллатлар, элатлар, қабила ва уруғлар ҳамда турли фирқаларга бўлиниши, тилларининг ҳар хил бўлишининг асосий сабаби бу - халқлар  ўзаро танишиш, муомалага киришиш, дўстлашиш экан. Аллоҳ таоло оятда уришишингиз учун, жанжал учун, фахрланиш учун, мақтаниш учун, ўзаро адоватлашишингиз учун демаяпти ёки бошқа сабабларни айтмаяпти. Демак, халқларнинг турли-туманлигини илоҳий мақсаддан – танишувдан бошқа мақсадга ишлатиш Аллоҳнинг иродасига қарши чиқиш билан баробар бўлар экан.

Барчамизнинг аслимиз Одам ато ва Момо ҳавво онамиздир. Бизлар ҳам ушбу аслнинг катта бир бўлгимиз. Мустақил давлатимизда ўзбек миллатига мансуб яъни ўзбек тилида суҳбатлашадиган шахслар сони миллионлаб кишиларни ташкил этади. Аллоҳ таоло бизни ўзбек миллатига мансуб халқ бўлишимизни ирода этди.

Ҳар бир давлатнинг асосини туб миллат ташкил қилади. Миллатни миллат қилиб турган нарса эса унинг ўзига хослиги, ўз тили, ўз миллий хусусиятларидир. Шу боис ҳам “Тил бойлиги – эл бойлиги” дейишади. Тилни асраш, авайлаш, бойитиш, мазмунли сўзлаш ҳар бир инсоннинг бурчи, вазифаси ҳисобланади. Қадимда элчиларнинг тилига, гапириш оҳангига разм солиб, халқининг маданияти, дини ва урф одатларигача илғаб олишган. Адиблардан бири: “Тил – миллатнинг юрагидир” деган эди. Минг йиллардан буён ўзлигини, диний ва миллий қадриятларини йўқотмай, уни бизга мерос қолдирган аждодларимизга муносиб авлод бўлишимизни Аллоҳ насиб этсин!

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ  - ЎМИ Самарқанд вилоят вакили


Киритилган вақти: 21/10/2019 15:53;   Кўрилганлиги: 1640
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/society/til-millatning-yuragidir
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 07:17
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг