Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

Тежамкорлик-хасислик эмас

 
 

Қадим-қадимдан халқимиз томонидан асрлар оша эъзозлаб келган миллий ва диний қадриятлар ўзига хос турфа хил урф одатлар, удумлар ва маросимлар ижтимоий-маьнавий ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлиб қолган. Афсуслар бўлсинки, кейинги вақтларда шундай гўзал маросим, тадбирларимиз ўз-ўзини кўз-кўз  қилиш, дабдабавозлик, исрофгарчилик ҳамда ортиқча бидьатларни намойиш этиш майдонига айланди.

Олий мажлис сенати ва қонунчилик палатаси кенгашлари 2019-йил 14-сентабр куни “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, марака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўткизилишини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди ва бу низом 2020-йил 1-январидан кучга кирди. Табийки бу қарор халқимиз томонидан ижобий-хурсандчилик билан кутиб олинди. Янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак ортиқча сарф-харажату кераксиз удумлардан чарчаган ҳар бир фуқаронинг дилидаги орзуси бўлди десак янглишмаймиз.

Оилада чақалоқ дунёга келиши билан боғлиқ маросимлар: ақиқа, бешик тўйи, суннат тўйи, йигит ва қизнинг турмуш қуришида-никоҳ тўйи ва бир қанча маросим ва тадбирларнинг айрим хонадонларда катта дабдаба ва исрофгарчиликлар билан ўтказилиши миллий урф-одатларимиз, ҳамда аньана ва   қадриятларимизга тамомила зиддир. Бу маросимларни динимиз кўрсатмалари эканини ҳисобга олсадиган бўлсак, демакки ушбу амалларда улкан ажр ва савоблар бор эканини унутмаслигимиз, бу масалага ибодат даражасида қарамоғимиз ҳамда риёкорлик ва гуноҳлардан тийилмоғимиз зарур бўлади.

Кейинги пайтдаги пайдо булаётган бидьат хурофотлар айниқса, қиз томонни қийнаб қўймоқда. Келиннинг сепи учун кийим-кечак турлари кўпайиб кетган, камига, келин борадиган уйга қиммат парда, гилам, замонавий мебел ваҳоказолар. Бу каби ортиқча сарф харажатлар тўйдан сўнг ҳам чорлади, бешик тўйи, чилла қувди каби маросимлар катта тўйхоналарга кўчиши ҳам ниҳоятда салбий ҳолатдир.

Тўйлардаги манманликнинг асл сабабчиси бу - риёкорлик, моддий бойликка ҳаддан зиёда боришдир. Кибр, худбинлик, риёкорлик ва бу дунёнинг ўткинчи ҳою ҳавасларига берилиш каби иллатлар инсонни ҳалокат жари томон етаклайди. Шу боисдан ҳам динимиз бу каби иллатларни қаттиқ қоралайди. Ваҳоланки Қурьони Каримда Аллоҳ таоло:

“Одамлардан баъзилари: “Роббимиз, бизга бу дунёда бергин”, – дейдир ва охиратда унга насиба йўқдир.  Ва улардан баъзилари: “Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах олови азобидан сақлагин”, дейди. Ана ўшаларга қилган касбларидан насиба бор. Ва Аллоҳ тез ҳисоб қилувчидир”

 (Бақара сураси, 200-202 оятлар), - дея ҳар бир амалимизда дунё ва охиратни унутмаслигимиз лозимлиги, аксинча инсонларнинг мартаба обрўси уларнинг камтарликларида эканлиги эслатмоқда. Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким Аллоҳ учун камтарлик қилса, Аллоҳ унинг мартабасини баланд қилиб қўяди”, деганлар  (Муслим ривояти).

Шу ўринда аза маросимлари ҳақида ҳам айтиш жоизки етти, йигирма, қирқ, йил ва шунга ўхшаш маросимларнинг ҳеч бири динимизда кўрсатилмаган. Айрим жойларда аёлларнинг яқинлари вафот этганда йиллаб азадорлик либосларида юришлари тамомила хунук одатдир. Зайнаб бинти Абу Салама (разияллоҳу анҳо) дан ривоят қилинади: “Зайнаб бинти Жаҳшнинг олдига акаси вафот этган вақтда кирдим. У хушбуй нарса суриб олди ва менга ҳам суртди. Сўнгра: Аллоҳга қасамки хушбуй нарса сурадиган ҳолим йўқ, лекин Расулуллоҳнинг минбарда туриб “Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёлга бирор маййит учун уч кундан ортиқ мотам тутиши ҳалол эмас. Фақат эри учун тўрт ойу ўн кун тутади”, деганларини эшитдим” дедилар.

Шундай экан мўмин одам эл ичида ўринсиз гап-сўзлар, маломатлардан эмас балки, Аллоҳдан қўрқиб яшамоғи лозим.

Аллоҳ таоло Қурьон каримда шундай марҳамат қилади:

Аллоҳ сиздан (юкингизни) енгиллатмоқни хоҳлайдир. Ва инсон заиф яратилгандир. (Яратувчининг Ўзи, заиф яратилган, деб тургандан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда Аллоҳ таоло оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, у енгилликни хоҳлайди.) (Нисо сураси 28-оят).

Ҳадиси шарифда эса Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: “Албатда дин енгилдир. Кимда-ким уни оғирлаштирса, дин уни албатта, мағлуб қилади” (Имом Бухорий ривояти).

Албатда бу кўрсатмаларга амал қилган кишининг ҳаёти гўзал, савобларга тўла бўлади. Акс ҳолда, нафақат ўзини балки, бошқаларни ҳам оғир аҳволга солиб қўяди.

Азизлар, бир-биримизни ўзаро совобли эзгу амалларни қилишга чорлайлик. Динимиз ва ҳукуматимизнинг манфаьатимизни кўзловчи кўрсатмаларига тўлиқ риоя этайлик. Зеро Аллоҳ таоло ояти Каримада “Эзгулик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг” (Моида 2) дея буюрди. Аллоҳ таоло барчамизни кибру ҳаводан йироқ қилиб, камтарлик ила тўғри йўлда юришимизни насиб қилсин.

 Нурулла ўғли Насруллахон - Пастдарғом туман “Чандиробод” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 07/02/2020 11:52;   Кўрилганлиги: 260
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/society/tejamkorlik-xasislik-emas
Чоп этилган вақт: 16/07/2020 09:29
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг