Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

СИЛАИ РАҲМ ФАЗИЛАТЛАРИ

 
 

         “Силаи раҳм” арабча сўз бўлиб, “сила” - боғламоқ, “раҳм” –қариндошлак, маъноларини англатади яъни, “қариндошлик  риштасини боғлаш” маъносидадир. Қариндошлар деганда, аввало ота-она, фарзандлар, ака-ука, опа-сингиллар ва яқин қариндошлар тушунилади. Ислом динида аввалдан қариндошлар билан яхши муомала қилишга буюрилади. Ҳаттоки, қариндошлар билан борди-келди қилиб, улар билан ришталарни боғлашни ибодат даражасига кўтарган.

Қариндошликнинг олий намунаси яқинлари билан чиройли муомалада бўлиш, имкон топса уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишдир, паст даражаси эса ҳеч бўлмаса салом-алик қилиб туришдир. Шариатда ўзига тўқ инсон ночор қолган яқин қариндошларга ёрдам кўрсатиши вожибдир.

       Силаи раҳм қилиш борасида Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

    “Сиздан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Нафақа қилган яхшилигингиз ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга ва йўқсил йўлчига бўлсин. Нимаики яхшилик қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни ўта билувчидир, – деб айт.”. (Бақара сураси, 215-оят).

Қариндошлар - ота-онанинг яқин кишилари бўлганлигидан уларга яхшилик қилиш бевосита ота-онадан  кейинги  ўринга қўйилади. Имом Бухорий ва Имом Муслим Анас разиаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда,  Расуллуллоҳ саллолоҳу алайҳу вассалам: “Кимки ризқи кенг ва умри узоқ бўлишини яхши кўрса, қариндошлари билан алоқасини яхшиласин”, деганлар.

         Дархақиқат, қайси хонадонда қариндош уруғларига нисбатан ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, эътибор, раҳм-шавқат бўлса, ўша жойда файзу барака бўлиб, Аллоҳнинг раҳмати ёғилади. Акс ҳолда, ризқидан барака, ҳаётидан ҳузур ҳаловат кўтарилади.

         Яна Имом Бухорий ва Имом Муслим Жубайир ибн Мутъим разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Қариндошлари билан алоқани узган киши жаннатга кирмайди”, деганлар.

         Ибн Можа Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тақдирни ҳеч нарса қайтара олмайди магарам дуо қайтара олади ва умрни ҳеч нарса узайтира олмайди, магарам ота-она  ва қариндошларга қилинган  яхшилик ўзайтира олади. Ҳар бир киши қилган гуноҳи сабабидан ризқидан маҳрум бўлади”, деганлар.

         Аллоҳ  таоло бандаларига ниҳоятда меҳрибонлигидан уларга ўзини рози қилиб, жаннатга кириш йўлларини кенгайтириб қўйди. Ака-ука, опа-сингил, қариндош-уруғлар билан яқин муносабатда бўлиш, хурсандчиликларига шерик бўлиш, мусибатларига ҳамдард бўлиш,  муҳтож бўлганда ёрдам бериш, ҳамда қариндошчилик ришталарини ўзмай, кек сақламай кечириб юбориш, уларга нисбатан   қалбида ҳасад ва адоват сақламаслик,  кексалар дуоларини олиб, ёшлари ҳақига хайрли дуолар қилиш, ўртада қариндошлик муҳаббати зиёда бўлиши учун бор куч-ғайратини сафарбар қилиш ва шунга ўхшаш хайрли ишлар мўминни жаннатга олиб боради.

Силаи раҳм мавзусида ҳулоса қиладиган бўлсак, осон ва енгил амаллар билан бўлсада силаи раҳмни ўрнатган киши оятларда қораланган кимсалар қаторига кирмайди. Бироқ зиммасига вожиб бўлган, ўзи қодир бўлган силаи раҳмни тўлиқ амалга оширмаса, у динимизни талаб қилган амалини  адо этган бўлмайди, балки оят ҳадисларда огоҳлантирилган кишилар тоифасига кириб қолади.

 ЗАЙНИДДИН НУРИДДИНОВ – Иштихон туман “Деҳқонобод” жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 22/01/2020 10:46;   Кўрилганлиги: 251
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/society/silai-rahm-fazilatlari
Чоп этилган вақт: 13/07/2020 10:46
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг