Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

ШАРЪИЙ ВА РАСМИЙ НИКОҲ. БИЗДА ВАЗИЯТ ҚАНДАЙ?

 
 

Яратувчи Қодир Аллоҳ ер юзидаги инсон наслининг давомли бўлишига никоҳни шарт ва сабаб қилган. Инсониятнинг ворислигига энг муносиб авлод, албатта никоҳ ва ҳалоллик орқали дунёга келган авлодлардир.

Никоҳ луғатда “Қўшилиш”, “Яқинлик” маъноларини англатади. Шариъатда эса, никоҳ, “Эр кишининг никоҳида шаръан монеълик бўлмаган яъни  аёл кишидан ҳузур олишини ҳалол қилишдир”.

Нисо сурасининг 3-оятида:

"Бас ўзингиз ҳуш кўрган аёллардан икки, уч, тўртини никоҳлаб олинг. Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани" деган.
Аллоҳ таоло ушбу оятда мўъмин бандаларга пок йўл билан никоҳда бўлишни амр этмоқда. Ушбу оят никоҳга бўлган кучли тарғибдир. Бундан ташқари мусулмон киши фақат ўзи никоҳда оилали бўлибгина қолмай, бошқа, ўз қўл остидагилар ва қарамоғида бўлганларнинг ҳам никоҳига масъулдир.

Ўзингиздан оиласизларни, қўл ва чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг, агар фақир бўлсалар Аллоҳ ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ кенг ва билимдон зотдир”. (“Шўро” сўраси 32-оят) - деб Аллоҳ таоло марҳамат қилган.

Оилали бўлиш, уйланиш ва зурриётли бўлиш барча Пайғамбар алайҳимуссаломларнинг суннатларидир. Термизий ривоятида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидан: “Ҳаё, хушбуй сепмоқлик, мисвок ва никоҳ" дедилар. Ушбу тўрт нарса Одам алайҳиссаломдан тортиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган барча пайғамбарларнинг суннати экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадиси шарифларида: “Никоҳ менинг суннатимдир. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас”, дедилар. Расулуллоҳнинг (с.а.в) ушбу сўзлари имкони бўла туриб оила қурмаслик, никоҳланмаслик мусулмон кишининг иши эмаслигини англатмокда.

Юқорида танишиб ўтганларимиз ояти карима ва ҳадиси шарифларда оила қуриб яшашга бўлган тарғиботларга гувоҳ бўлдик. Аллоҳ таоло инсонларни оила бўлиб яшаши ҳамда оилалардан зурриётлар дунёга келиб, инсон насли давом этишини ирода қилган экан. Шариъатмизда оила қуришни ихтиёр қилганлар учун бир нечта шартлар қўйилади. Булар:

Никоҳланишини хоҳлаган икки тараф бир-бирига маҳрам даражасида қариндош бўлмасликлари лозим. Ислом шариъати мусулмон эркакларга уйланишни ҳаром қилган тоифалардан баъзилари “Нисо” сурасининг 23-24 - оятида баён қилинган. 

Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа - сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз, хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари ҳаром қилинди. Агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз (қизларига уйланишингизда) гуноҳ йўқ. Ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари, опа-сингилни қўшиб хотин қилмоғингиз ҳаром қилинди. Магар аввал ўтган бўлса майли. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳимдил зотдир. Қўлингизга мулк бўлиб тушганлардан бошқа эрли аёллар ҳам (ҳаром қилинди). Бу сизларга Аллоҳнинг ёзганидир”.

Никоҳ тугуни ийжоб ва қабул билан боғланади. Яъни, эр-хотинлик алоқаси никоҳланмоқчи бўлган икки тарафдан бирининг никоҳланиш рағбатини билдириши ва иккинчисининг ўша рағбатни қабул қилиши билан юзага чиқади. Ушбу ийжоб ва қабулда ишлатилган иборалар абадийликни ифода қилиши шарт. Агар бу иборалар вақтинчаликни ифода қилса, никоҳ боғланмайди. Вақтини тайин қилиб “фалон ойга, фалон йилга никоҳландик” дейилса, никоҳ ботил бўлади.

Келин-куёв бир-бирларининг ийжоб ва қабул ҳақидаги лафзларини эшитишлари шарт. Шунингдек, куёв-келиннинг ийжоб ва қабул ҳақидаги лафзларини ўша ерда ҳозир бўлган гувоҳлар ҳам эшитишлари шарт.

         Ушбу жараёнга икки адолатли гувоҳнинг иштирок этиши ҳам никоҳнинг аосий шартларидан ҳисобланади. Янги қурилган оила жамиятнинг янги аъзоси бўлади. Шунинг учун ҳам жамиятнинг вакиллари бўлмиш гувоҳлар уларнинг ҳалол-пок оила қураётганларига жамият номидан шоҳид бўладилар ва буни бошқа кишиларга ҳам етказадилар. Шунингдек, эр-хотин орасида никоҳ масаласида даъволашув бўлиб қолса, қозининг олдида гувоҳлик ҳам берадилар. Ушбу эътибордан никоҳ гувоҳсиз бўлиши мумкин эмас.

Маҳр белгиланиши ҳам никоҳнинг шартларидан биридир. Яъни, эр томонидан хотинга бериладиган совғанинг миқдори ёки нималиги аниқлаб олиниши керак.

            Никоҳга таъриф берган Шайх Муҳаммад Абу Заҳра “Никоҳ эркак ва аёл орасидаги яқинликни, иккисининг ўзаро ҳамкорлигини ифода қилувчи ҳамда иккисининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини чегараловчи ақддир”, -деганлар.

Минг афсуски, ҳозиргача мусулмонлар орасида никоҳнинг асли, оила пойдевори, ҳаромни ҳалол қиладиган, бошқалар учун шунчаки одат бўлган эр-хотинлик алоқасини ибодат даражасига кўтарадиган асосий омил бўлмиш никоҳ ақдига унчалик аҳамият бермайдиган, унга “эскича одат” деб қарайдиганлар бор.

Бу ўта нохуш ҳолатга чек қўйишимиз керак. Айнан шаръий никоҳ саодат манбаи эканини англаб етишимиз ва уни қадрлай билишимиз лозим. Шариъатнинг ҳар бир мусулмон учун фарз бўлган ушбу ҳукмини яхшилаб ўрганишимиз зарур.

Оила тушунчаси Конституциямизга ҳам киритилиб, унинг жамият бошқарувидаги мақоми қатъий белгилаб қўйилган. Бош қомусимизнинг 63-моддасида бу ўз ифодасини топган. Унда оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги, жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамлаб қўйилган. Шунингдек, никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлиликка асосланиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексида ҳам никоҳ тузиш тартиби белгиланган бўлиб, кодекснинг 13-моддасида “Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас”, -дея қайд этилган.

Хўш, бизда шаръий никоҳ ўқиш ким томонидан ва қандай амалга оширилади? Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш хақида” ги низомини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Оталиқни белгилаш ва ноқонуний никоҳларни олдини олиш мақсадида” ги буйруғи 2-банди, “Никоҳ ўқишдан олдин жойлардаги ФҲДЁ бўлимларининг маълумотномасига қатъий эътибор қаратилиши”, ушбу қарорнинг биринчи  бандида эса “Шаръий никоҳларни барча расмий масжид имом-хатиблари ва имом-ноиблари  томонидан  амалга оширилиши” белгилаб қўйилган. Мазкур ЎМИ буйруғининг 4-бандида “норасмий шахслар томонидан шаръий никоҳ ўқилишини олдини олиш учун имом-хатибларга зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқиш” юклатилган. Мана шуларга биноан ФҲДЁ бўлимларида никоҳи қайд этилиб, бу ҳақда тузилган гувоҳнома билан  фуқаролар расмий фаолият олиб бораётган масжидларнинг имом хатиб ва имом ноибларига мурожаат қиладилар. Шундан сўнг имом хатиблар томонидан уларга шаръий никоҳ ўқилади ҳамда бу ҳақда масжиднинг “Никоҳни қайд этиш” дафтарига маълумот киритилади.

                Расмий никоҳдан ўтмаган, ФҲДЁ гувоҳномасига эга бўлмаган ёш оилалар ажрашиб, она ўзининг тирик етим боласи билан кўчада қолишини ҳисобга оладиган бўлсак, шаръий никоҳ шартларига ҳукумат томонидан бериладиган ФҲДЁ  гувоҳномасини суриштирмай никоҳ ўқилиши ёш оилаларни ижтимоий ҳуқуқларини камситиш бўлади. Гувоҳномани кўриб, сўнгра никоҳ ўқилиши эса ҳуқуқий жамият барпо қилинаётган бир вақтда ёш оилаларнинг ижтимоий ҳуқуқини муҳофаза қилишдир.

Муаллиф: Х.Саттаров - Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакили ўринбосари


Киритилган вақти: 30/07/2019 16:19;   Кўрилганлиги: 1225
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/society/shariy-va-rasmiy-nikoh-bizda-vaziyat-qanday
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 11:41
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг