Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

Ризқ талабида тўғри ҳаракат қилиш

 
 

Аллоҳ таоло айтади: “У (Аллоҳ) сизлар учун Ерни хокисор – бўйсунувчи қилиб қўйган Зотдир. Бас, сизлар у (Ер)нинг ҳар томонида юринглар ва У (Аллоҳ)нинг ризқ-рўзидан енглар! Ёлғиз Унинг ҳузурига қайтиш бордир” (Мулк, 15).

Аллоҳ таоло бандалар учун Ерни бўйсундириб, уни хокисор ва сокин қилди. Қаттиқ силкиниб устидаги махлуқотларни ҳалок қилмаслиги учун тоғлар билан мустаҳкамлаб қўйди. Ердан сув чиқариб, анҳор, дарё ва денгизларни яратди. Махлуқотлари фойдаланиши, бандалари зироат ва чорвачиликда манфаат олишлари учун Аллоҳ шундай қилди. Шунингдек, Аллоҳ Ерда турли йўлларни пайдо қилди. Бас, эй инсонлар, Ернинг турли жойларида юринглар, ризқ талабида ҳаракат қилинглар! Унутмангларки, қиёмат кунида дунёда қилиб ўтган ҳар бир амалингиз ҳақида ҳисоб бериш учун Аллоҳнинг даргоҳига қайтасизлар.

Ушбу оятда бандаларни ризқ талабида ҳаракат қилиш, ҳалол касб билан шуғулланиш, илм олиш, фаровон ҳаёт кечириш учун интилишга тарғиб қилиниб, дангасалик ва ишёқмасликдан қайтарилмоқда.

Аллоҳ таоло ҳар бир жонзотнинг ризқини азалда тақдир қилиб белгилаб қўйгани кўп бора айтилди. Махлуқотлар ўша ризққа эришиш учун лозим бўлган сабабларни ишга солишлари, ризқ талабида ҳаракат қилишлари керак бўлади. Бироқ ризқ топишда ёлғиз ҳаракатнинг ўзи кифоя қилмайди. Бунда таваккул (Аллоҳга суяниш) ҳам шартдир. Ризқ топиш учун ҳаракат қилиш ва таваккулни бир-бирига мувофиқ нарса деб билиш лозим. Зеро, таваккул қалб иши. Ҳаракат эса аъзоларнинг ишидир. Ризқ топишда, аввал Аллоҳга таваккул қилинади. Яъни, ризқ Аллоҳдан эканига тўлиқ имон келтириб, У Зотнинг ёрдами ва мададига суянган ҳолда, ишларни енгил қилишини сўраб дуо қилинади. Сўнгра ризқ талаб қилишга ўтилади. Бу иккиси асло бир-бирига зид эмас. Бири иккинчисисиз мукаммал бўлмайди. Фақат таваккул қилсаю, интилиш бўлмаса, банда текинхўрга айланиб қолади. Оқибатда қашшоқлашиб, одамлар олдидаги обрўъ-эътиборидан ҳам айрилади. Аксинча, таваккул қилмасаю, фақат ҳаракат қилишнинг ўзи билан чекланса, ризқ топиш фақат ўзимга боғлиқ, ўзимни ўзим боқаман, мана шу касбим орқасидан кун кўраман, деган нотўғри фикрга борса, киши ширк иллати томон қадам ташлаган бўлади. Демак, ризқ топишда таваккул ва ҳаракатни жамлаган ҳолда иш юритиш ҳақиқий мўминнинг сифатидир.

Ибн Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Албатта, Аллоҳ касб-кор қилувчи мўмин бандани яхши кўради” (Имом Табароний, Ибн Адий,  Ҳаким Термизий ва Байҳақий “Шуъабул иймон”да ривоят қилган).

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ – ЎМИ Самарқанд вилоят вакили, вилоят бош имом хатиби


Киритилган вақти: 14/11/2019 10:10;   Кўрилганлиги: 1465
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/society/rizq-talabida-togri-harakat-qilish
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 00:28
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг