Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

Отинойи ким?

 
 

Мустақиллик йилларида, айниқса, сўнгги 2-3 йил ичида мамлакатимизда барча соҳалар қатори диний жабҳада ҳам чуқур ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Аҳолининг диний-маърифий савиясини ошириш, бидъат-хурофотларга барҳам бериш, қалбларга соғлом исломий ақидани сингдиришга эътибор қаратилмокда. Бу жараёнда диний соҳа ходимлари, хусусан отинойилар фаол иштирок этишлари мақсадга мувофиқдир.

Отинойилар ўз зиммаларидаги масъулиятли ишни тирикчилик манбаига айлантириб олмасликлари керак. Улар зиммасида маърака ёки эҳсонларда икки оғиз дуо қилиш эмас, балки дин ва жамият равнақи учун холис хизмат қилиш бор. Бугунги отинойидан диний, дунёвий илмларни эгаллаш, янгиликлардан хабардор, ўз тарихини яхши билган, катта тажрибага эга, фидокор, халқпарвар бўлиш талаб этилади.

         Афсуски, нафақага чиқиб зерикиб қолган ҳам, ҳаётдан аламзада аёл ҳам муқаддас динимизни ўрганмасдан отинойиликка даъвогар бўлмоқдалар. Отинойиликка бу тариқа бирёқлама ёндашиш дин ривожи ва жамият тараққиётига хизмат қилмайди.

         Кечагина турли бидъат ва хурофотларни эл орасида ёйиб юриб, бугун давраларнинг тўрида “отин” бўлиб ўтирганлар йўқ эмас. Отинойи зиммасидаги масъулият биргина рўмол, қофиядош дуо ёки нотиқлик санъати билан сўзлаш эмас, балки аёл-қизларнинг эътиқодини тўғри шакллантиришдир. Бунинг учун отинларимиз Ислом тарихидан яхши хабардор бўлиб, саҳобия оналаримизнинг ҳаётларини чуқур билишлари керак.

         Шукрлар бўлсинки, фаровон юртда, маърифатли эл орасида яшаяпмиз. Бундай шароитда динга хизмат қилиш ота-боболаримизнинг орзуси бўлган.

         Отинойиларнинг билимлари имтиҳон қилиб кўрилганда, аксариятининг билим савияси пастлиги сезилиб қолди. Уларнинг билим ва савиясини ошириш мақсадида  икки ҳафталик малака ошириш курслари ташкил этилиб бугунгача вилоятимизда фаолият юритаётган отинойиларимизнинг 581 нафари сертификатлар билан тақдирландилар. 32 нафари эса янги даврада малака ўқув машғулотларида ўз билимларини оширмоқдалар. Бугунги давр отинойиси нафс балосидан, илмсизликдан йироқ бўлиши, диний-маърифий тизимга доир қабул қилинаётган қарорлардан, янгиликлардан хабардор бўлиши лозим. Отинойи ўзи ўрганмаса ўргата олмайди, ўргата олмаса фаолият юрита олмайди. Шунингдек, кенг диний ва дунёвий билимларга эга бўлсагина, ўзгаларга маърифат улаша олади.

Н. Темирова - ЎМИ Самарқанд вилоят вакили маслаҳатчиси


Киритилган вақти: 28/01/2020 16:25;   Кўрилганлиги: 2085
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/society/otinoyi-kim
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 19:13
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг