Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

НИКОҲ-МУҚАДДАС РИШТА

 
 

ОИЛА-муқаддас даргоҳ. Оила пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотин ўртасини маҳкам боғловчи ришта никоҳдир. Никоҳ-инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади.

Шунинг учун, динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради. Аллоҳ таолонинг эр-хотин жуфтлигини яратишдан иродаси ҳам инсон наслини кўпайтириб, ер юзини обод қилиш эди. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантиради...” (Наҳл сураси: 72-оят).

Ота-боболаримиз азалдан никоҳ масаласига жиддий масъулият билан қараган. Турмуш қуриш инсон наслининг давомийлигини таъминлаш учундир. Шундай экан, бу муқаддас риштанинг қадрига етиб, оила мустаҳкамлигини таминлашимиз зарур.

Кейинги пайтларда умр йўлдошни танлаш асносида тиббий кўрикдан ўтиш масаласи ҳам ўртага чиқди. Бунга шаръий жиҳатдан қандай баҳо берилишини уламоларимиз кўриб чиқиб, қуйидаги қарорни қабул қилганлар: Фатво ва илмий баҳслар бўйича Европа мажлисининг 2005 йил 23-27 февраль кунлари ўтказилган ўн тўртинчи сессиясида “Тиббий кўрикни ман қилувчи нарса шариатда йўқ. Жумладан, ирсий кўрикнинг ҳам. Фақат, шарт шуки, айбни ошкор қилмаслик керак ва даволанишга йўл топиш лозим”.

Демак, тиббий кўрикдан ўтишга қонунчиликда ҳам, шариатимизда ҳам рухсат этилган. Албатта, бу ислоҳотларнинг барчаси оиланинг мустаҳкамлиги ва соғломлигига қаратилган. Бош қомусимизнинг 63-моддасида белгиланганидек, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.

Албатта, оила мустаҳкамлиги никоҳнинг қонунийлигига ҳар жиҳатдан боғлиқ. Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 13 июн куни бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш-давр талаби” мавзусидаги анжуманда бу ҳақида алоҳида тўхталиб, шундай таъкидлаган эдилар: “Ахир, тегишли давлат идорасида қонуний қайд этилмаган “никоҳ”дан туғилган фарзандларнинг тақдири, келажаги эртага нима бўлади? Табиийки, давлат қонунлари бўйича улар кўпгина ҳуқуқлардан маҳрум бўлиб қолади”.

Шунингдек, бундан буён ФҲДЁ бўлимлари томонидан берилган ҳужжатга эга бўлмаган шахсларга шаръий никоҳ ўқиган ҳар қандай мулла ёки имом-хатиб жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида қатъий огоҳлантирилган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратларининг ҳам бу борада махсус буйруқлари қабул қилинган.

Аммо бу ҳақиқатни ҳамма ҳам бирдек англаб етавермайди. Бу борада охирги пайтларда бир қанча этиборсизликлар кўзга ташланмоқда. Жумладан, ижтимоий тармоқларда эълон қилинишига сабаб бўлган вилоятимизнинг Булунғур тумани "Самарқанд" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро биринчи никоҳидан қонуний ажрашмасдан туриб иккинчи марта турмуш қурган оиласида жанжал юзага келиб, бунинг оқибатида эр ўз турмуш ўртоғига оғир тан жароҳати етказганини мисол қилиб кўрсатишимиз мумкин.

Албатта бу ерда биринчи туғиладиган савол жанжалнинг сабаблари нима ва қонуний никоҳ қайдномаси бўлмаган оилага шаръий никоҳ ўқиган шахс ким? Ўрганишлар натижасида ушбу никоҳни шу маҳалла мулласи ўқигани аниқланган. Ваҳоланки, жойларда фаолият олиб бораётган барча имом хатибларга, ноиб ва маҳалла мулларига никоҳни фақат фаолият кўрсатиб турган масжид имом хатиби ёки имом ноиби ўқиши ҳақида тушунча ва топшириқлар берилган эди. Шунга қарамай бу тартибга амал қилмаслик ҳолатлари кўзга ташланмоқда. Буларнинг барчаси жойлардаги мутасаддиларнинг эътиборсизлиги сабабли юзага келмоқда.

Энди бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Чиндан ҳам, оила қўрғонини муқаддас деб билмаслик, арзимас сабаблар билан ажралишлар, бегуноҳ болаларнинг тирик етим бўлиб, меҳр ва эътиборга энг ташна вақтида ота-она тарбиясидан четда қолиши қонуний никоҳдан ўтмай турмуш қуришнинг оқибати эмасми? Шундай экан, нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, ҳокимият ва ФҲДЁ бўлимлари ходимлари, балки ота-оналар, қўни-қўшни, маҳалла-кўй, жамоатчилик ҳам оила масаласига янада жиддий, масъулият билан ёндашишлари лозим. Зеро, юқоридаги каби ҳеч кимнинг гулдек оиласи завол топмасин, тинч-тотув ҳаётига асло путур етмасин.


Киритилган вақти: 18/06/2019 00:00;   Кўрилганлиги: 1337
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/society/nikoh-muqaddas-rishta-
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 13:16
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг