Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

Нега эр-хотин орасида хиёнат кўпаймоқда?

 
 

Дилмурод билан Дилдора оила қуриб, беш йил бирга яшашди. Икки нафар фарзанднинг ота-онаси бўлишди. Ҳа, фарзанд оила қувончи деймиз. Улар учун елиб-югурамиз. Фарзандлари бўй тортиб, ташвишлари ҳам шунга яраша бўлишига қарамай ота бўлмиш бир ишнинг бошини тутай демади. Онда-сонда қўлига тушадиган пулга ҳам аввал ичарди. Шундан қолгани уйга келарди. Бундай пайтда Дилдоранинг жағи очиларди:

“Болалар катта бўляпти. Тузукроқ иш топсангизчи, сиз ҳам одамларга ўхшаб, қачонгача шундай яшаймиз”. Аёлнинг бундай зорланишлари узоқ давом этарди. Дилдора эса хорижга ишлагани йўл олди. У ерда аёл шайтоний ҳирсларга берилиб хиёнат қилди. Тез орада бу гап эрининг қулоғида етиб борди, бир оила барбод бўлди(ҳаётий воқеа).

Бу каби хиёнатлар, зино барча халқлар тушунчасида бегона эркак ва аёлнинг никоҳсиз жинсий алоқада бўлишидир. Бу ислом динида қабиҳ ва разолат ҳисобланади. Халқимиз зинони улкан гуноҳ, кечирилмас айб деб билади. Аллоҳ таоло хитоб қилиб: “Зинога яқинлашманглар, албатта у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир”, деган (Исро,32). Чунки зино наслу насаб поклигининг бузилиши, оилаларнинг парчаланиши, инсоний  муносабатларнинг ёмонлашуви, турли касалликларнинг пайдо бўлиши ва хайр-бараканинг кетиши сабабидир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қайси қавмда зино тарқалса, Аллоҳ таоло уларни ота-боболари билмаган касалликка мубтало қилади”, деганлар. Ота-боболаримиз зинони хаёлларига ҳам келтирмаган. Чунки улар пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зинокор зино қилганида мўминлигида қолмайди”, деганларини билишган. Мўминлик имонли боболаримиз учун ҳамма нарсадан устун бўлган. Улар охират азобидан қўрқишган.

Бугун хиёнат билан боғлиқ воқеаларни тез-тез эшитиб турибмиз. Бунга энг биринчи сабаб оилада, маҳаллада ўсмирларга жинсий тарбия, одоб-ахлоқ, дину диёнатни ўргатиб борилмаслигидир. Тўғри, баъзилар “Биз болага ушбу тарбияни бермасакда, қинғир ишларга қўл ураётгани йўқ”, деб фикр билдириши мумкин. Аммо, бу ҳол шу ва шу сингари тарбия билан шуғулланмаса ҳам бўлади, деган фикрни илгари сурмайди. Чунки фарзанд вояга етгач, ўқиш ёки иш туфайли ота-она назоратидан бироз бўлсада узоқлашади. Ана шу маҳалда ёшлигида тарбиядан мосуво бўлиб ўсган, боз устига ота-она назоратсиз қолган фарзанд бузуқликлар таъсирига тушиб, ҳаёсиз ишлар қилиши мумкин.

 

Баҳодир ШАРИПОВ - Самарқанд туман бош имом хатиби, “Хўжа Аҳрор Валий” жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 22/10/2019 10:35;   Кўрилганлиги: 1323
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/society/nega-er-xotin-orasida-xiyonat-kopaymoqda
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 02:42
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг