Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

Мусулмон мусулмоннинг туғишганидир

 
 

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, уни ташлаб ҳам қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ Қиёмат кунида унинг айбини беркитади”, деб айтганлар”.

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Дарҳақиқат, мусулмон мусулмоннинг биродари. Улар бир-бирига зулм қилиши ҳаромдир. Мусулмон мусулмонга нафақат зулм қилмаслиги, балки уни ёрдамсиз ташлаб қўймаслиги ҳам лозим. Мусулмон одам бирор сабабга кўра зулмга учраб қолса, биродари уни бу зулмдан қутқаришга қўлидан келганича ҳаракат қилишга ва унинг ҳожатини раво қилишга интилиши керак экан. Шунингдек, мусулмон одам биродарининг ғам-ташвишларини аритиш учун ҳам имкон қадар ҳаракат қилади. Чунки у биродарининг ғамини аритган одамнинг ғамини Аллоҳ таолонинг Ўзи аритишига ишонади.

Хабарингиз бор, вилоятимизда эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган инсонларнинг кўнгилларига хурсандчилик улашиш, уларнинг динимиз аҳкомларини ўрганишга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида улар билан Самарқанд шаҳридаги “Хўжа Исҳоқ Валий” жоме масжидида масжид имом хатиби Ё.Мансуров маърифий суҳбатлар ўказиб келмоқда. Навбатдаги учрашув ҳам ўзгача бўлди. Ислом динининг инсонпарвар ғоялари ҳақида кенгроқ тушунчага эга бўлиб бораётган фуқаролар мана шундай маърифий суҳбатдан сўнг “Ер юзидаги энг яхши сув” - “Зам-зам” сувидан истеъмол қилдилар. Балким, уларнинг айримлари бундай бахтга илк бор сазовар бўлаётгандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Замзам нима мақсадда ичилса, ўша учун бўлади”, - деган муборак сўзларига биноан қалбларини тўрида Ўзидан ўзгага айта олмайдиган ниятларни тилаб ичган бўлсалар неажаб!

Суҳбат иштирокчиларининг моддий жиҳатдан эҳтиёжмандларига ҳам кўмак берилмоқда. Бунга Булунғур туманида яшайдиган, эшитиш ва гапириш имконияти чекланган Мелибоев Акромни Жомбой туманидаги гўштни қайта ишлаш цехига ишчи бўлиб жойлаштирилиши яққол мисол бўлади. Бу эса унинг доимий меҳнат билан банд бўлишини таъминлади. Албатта, бу каби савобли ишларини ташкил этаётган Жоме масжид ходимлари ва “Вафқ” хайрия жамоат фондининг Самарқанд вилоят филиали ходимлари ҳамда бундай ишларга ҳисса қўшаётганлар улкан ажрларга эга бўладилар, иншааллоҳ!


Киритилган вақти: 11/03/2019 00:00;   Кўрилганлиги: 1540
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/society/musulmon-musulmonning-tugishganidir
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 00:57
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг