Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

"Мен дин кишиларини ёмон кўраман..."

 
 

Шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

Хонамга бир қиз кирди. Аввал унинг кийиниши менга ёқмади. Аммо унинг кўзида ва ҳолатида кишининг раҳмини келтирадиган ғам ва маҳзунлик кўрдим. У ўтиргач менга ташвишлари ҳақида гапирди ва мендан яхшилик умид қилди.

Мен уни узоқ тингладим. Билдимки, у араб қизи экан. Францияда таълим олган экан. Ислом ҳақида деярли ҳеч нарса билмас экан.

Мен унга ислом ҳақиқатларини баён қилдим. Шубҳаларига раддия бердим. Саволларига жавоб бердим. Миссионерлар ва шарқшуносларнинг шубҳаларига раддиялар бердим. Ўйлайманки, мақсадимга эришдим ёки эришишимга оз қолди. Гапимнинг орасида замонавий маданият аёл кишига очиққан кўзлар нигоҳини қаратадиган гўшт каби муносабатда бўлишини, ҳамда бу маданиятда иффат, гўзаллик ва сакинат йўқлигини қистириб ўтдим.

Қиз кетишга изн сўради. Мен рухсат бердим. У чиқиб кетиши билан ташқи кўринишида диндорлик белгилари кўриниб турган бир йигит кириб шиддат билан деди:

- Бу ифлос нега келган экан?

Мен унга:

- Табиб соғлом кишиларни эмас, беморларни даволайди, дедим.

Йигит:

- Тўғрику-я, унга ҳижобдан гапиргандирсиз, деди.

Мен:

- Иш бундан кўра каттароқ. Мен унга асосларни гапирдим. Аллоҳга иймон келтириш, охиратга иймон келтириш, китоб ва суннатдаги ваҳийга итоат, ибодат ва ахлоқ соҳасидаги исломий рукнлар ҳақида гапирдим, дедим.

Йигит гапимни бўлди:

- Бу дегани ҳижоб ўрамасин, дегани эмас-ку!

Мен:

- Мен ҳам уни қалби Аллоҳдан холий ҳолда, ҳаётида рукуъ ва саждани кўрмай, роҳибалар кийимида кўришни хоҳламайман. Мен унга беҳаёларча, очиқ-сочиқ кийинишдан жирканишни ўргатадиган асосларни ўргатдим.

Йигит менинг сўзларимни яна бўлмоқчи бўлди. Мен шиддат билан унга дедим:

-  Мен сизлар каби Исломнинг этагидан тортишни хоҳламайман. Мен аввало пойдеворни қуйиб сўнгра унинг устидан бинони қураман. Ва ниҳоят хоҳлаган нарсамга ҳикмат билан эришаман.

Икки ҳафтадан кейин ҳалиги қиз аввалгидан афзал кийимда келди. Бошида ҳарир рўмоли ҳам бор эди. У яна саволларни бошқаттан сўради. Мен яна қайта жавоб бердим.

Кейин унга:

- Нима учун уйингизга яқин жойдаги масжидга бормайсиз? - дедим. Шундай деганимга дарҳол надомат ҳам қилдим. Чунки масжидлар аёлларга ман қилингани ёдимга тушди. 

Қиз деди:

- Мен дин кишиларини ёмон кўраман. Уларни эшитишни хоҳламайман.

Мен:

- Нима учун?-дедим.

У:

- Чунки улар қалби қаттиқ, қўпол кишилардир. Мақтанчоқлик  билан ва таҳқирлаб муомала қиладилар.

Негадир Абу Суфённинг хотини Ҳинд ёдимга тушди. Унинг аввалда Ҳамза розиёллоҳу анҳунинг жигарларини чайнаганини, сўнгра мусулмон бўлганини эсладим. У Расулуллоҳни саллоллоҳу алайҳи ва салламни танимаган эди. Танигандан сўнг у зотга яқинлашди, иймон келтирди ва у зотга ушбу сўзларни айтди:

"Эй Аллоҳнинг расули! Олдин ер юзида  сизнинг уйингизни хорланишга энг муносиб уй деб билар эди. Энди эса мен учун азиз бўлишга сизнинг уйингиздан муносиброқ уй йўқ".

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбларидан отилиб чиққан муҳаббат булоғи "жигар чайновчи Ҳинд"ни "Ҳинд розиёллоҳу анҳо"га айлантирди.

Даъватчилар буни Набиййимиздан ўрганиб, кишиларни тафриқага солишнинг ўрнига улфат қилишса, нафратлантиришнинг ўрнига хушхабар беришса бўлмайдими?!

"Аччиқ ҳақиқат" китобидан.

Абдулқодир Полвонов

Манба: Azon.uz


Киритилган вақти: 20/01/2020 16:13;   Кўрилганлиги: 264
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/society/men-din-kishilarini-yomon-koraman
Чоп этилган вақт: 16/07/2020 07:52
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг