Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

Меҳр-оқибатли бўлайлик

 
 

Қурони каримда Аллоҳ таолонинг шундай сўзлари бор:

Агар сизларга берган неъматимни санасангиз, санаб адоғига ета олмайсизлар” (Наҳл, 18).

Шундай неъматлардан бири бу меҳр неъматидир. Аллоҳ таолонинг неъматлари икки хилдир. Бири моддий, иккинчиси маънавийдир. Меҳр - бу маънавий озуқа. Ватанга, маҳалла, ота-она, ака-ука, ўғил-қиз, опа-сингил, набира ва барча инсонлар орасини боғлаб турадиган мустаҳкам ришта. Агар биз барча инсонларга камаймайдиган маънавий неъмат - меҳрни берсак, улар орасидан ваҳобий, ҳизбчи каби адашган кимсалар чиқмайди. Оиласида меҳр бор инсон ҳеч қачон Ватанига, оиласига, ота-онасига нисбатан қўпол муомала қилмайди. Меҳрни бошқа нарса билан алмаштирадиган инсон адашган бўлади, чунки қалбида меҳр бор инсон  қурол кўтармайди, ўзгани қалбини оғритмайди.

Меҳр - Дин танламайди. Меҳр - динларни, халқларни, миллатларни ва дунёдаги Аллоҳ таоло яратган барча махлуқотларни бирлаштиради.

Меҳр зиёда бўлса, оналар фарзандларини сотмайди.

Меҳрни бозори йўқ. Меҳр - бу ерга сочиладиган уруғ каби улуғ неъмат. Уни инсонларга қанча кўп улашсак ўзимизга шунча кўп бўлиб қайтади. Ҳаттоки, экилган кўкатга меҳр бермаса у қурийди.

Меҳрсизлик эса ёмон иллат. Нима учун инсонлар ўз ота ёки онасини қариялар уйига олиб бориб ташлайди? Ўша қариялар уйига боришга мажбур бўлган инсонни орқасида тоға-жиян, ака-ука, ўғил-қизларни бепарво қараб туришига меҳрсизлик сабаб эмасми?!

Иккинчи Жаҳон уруши бўлиб турган вақтда Россиядан келган фарзандларни нима учун ўзбеклар бағрини очиб, хонадонига киритди, ўз фарзандлари қаторида фарзанд қилиб, тарбиялаб, вояга етказди. Чунки уларда меҳр бор эди. Чунки улар мусулмон ва мусулмонларни фарзандлари эди.

Меҳр, кўп маъноларни ўз ичига олган неъматдир. Шулардан бири раҳмдилликдир. Убода ибн Сомир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ким катталаримизни улуғламаса, кичикларимизга раҳм қилмаса ва олимимизнинг ҳаққини билмаса, менинг умматимдан эмас”, - дедилар”.
Имом Аҳмад ривоят қилганлар.

Агар бизни қўлимизда ўзгага берадиган мол-давлат бўлмаса ёки  кўмаклашишга жисмоний қувватимиз етмаса унутмайликки,  бизда энг улуғ неъмад – меҳр-оқибат бор.

Келинг, дўстлар, меҳр-оқибатли бўлайлик.

Абдулҳамид ЯХШИЛИҚОВ - Иштихон тумани “Иштихон” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 16/11/2019 16:12;   Кўрилганлиги: 1306
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/society/mehr-oqibatli-bolaylik
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 09:37
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг