Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

Маънавий ва моддий ҳаёт уйғунлиги

 
 

Ислом дини таълимотида баён қилинишича, инсон жисм ва руҳдан таркиб топган. Маълумки, жисм моддий бўлиб, тупроқдан яратилгандир. Аллоҳ таоло айтади:

"Албатта, мен лойдан башар яратувчидирман" (Сод сураси 71 оят)

Руҳ ғайб оламига тегишлидир: Шаъни улуғ Зот:

"Бас, қачонки, уни ростлаб, унга руҳимдан пуфлаганимдан сўнг, унга сажда қилган ҳолингизда йиқилингиз!" (Сод сураси 7 оят)

Демакки инсон мана шу икки нарсанинг жамланмасидан яратилган. Агар жисмни руҳ тарк этадиган бўлса, энди биз уни инсон демаймиз, балки жасад деймиз. Шундай экан, инсоннинг камолот топиши, икки дунё саодатига етиши учун унинг ҳам моддий ҳаёти, ҳам маънавий олами ислоҳ бўлиши керак.

Инсоният ўзининг устидан моддий ҳаёт ғолиб келмаслигига уриниши, маънавий фалсафаларга шўнғиб кетишликдан сақланиши лозим. Дунё дея охиратни, охиратни дея дунёни ташлаб қўймаслиги керак. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

"Охиратни деб дунёни, дунёни деб охиратни тарк қиладиганларингиз яхшиларингиз эмасдир. Лекин яхшиларингиз ундан ҳам, бундан ҳам насибасини олган кишидир", деганлар. Яна бир ҳадиси шарифда:

"Дунё қандай ҳам яхши уловдир. Уни улов қилиб олинглар. Сизларни охиратга етказади", дейилган. Бир киши Али розияллоҳу анҳунинг ҳузурларида дунёни ёмонлади. У зот: "Дунё уни ростга чиқарган киши учун ростлик диёри, уни тушунган киши учун нажот диёри, ундан зоди роҳила оладиган киши учун бойлик диёридир", дедилар. Демак, қачонки биз дунёга шунғиб кетиб, асл моҳиятни эсламайдиган бўлсак, бу бизнинг дунёни тўғри англамаганимиздан бўлар экан. Бунинг аксини қилиб, моддий ҳаётдан буткул юз бурадиган бўлсак, бунинг сўнгидан келган фасод кўзлаган мақсадимизга таъсир қилмай қолмайди. Зеро, ҳакимлардан бири: "Бадан озуқаланадиган нарсаларни тўплаш дўнёга ўчлик эмас", деган.

Шу ўринда баъзи бир назариётчиларнинг олдин моддий ҳаётни, кейин маънавий масалаларни ўйлаш керак, деган мазмундаги фикрлари мутлақо хато бўлиб, кишига фақат зарар етказишини бугун ҳаётнинг ўзи ҳар қадамда тасдиқлаб турибди.

Юқоридаги ҳадисда Дунё уловга ўхшатилди. Улов бўлмаса манзилга етишлик мушкул. Шунинг билан бирга ҳамма нарсани улов учун сарф қилиб, манзилга қуруқ кириб бориш ҳам оқиллар ишидан эмас.

Аллоҳ таоло барчамизга дунё уловида охират манзили томон беталофат етиб олишимизни насиб айласин.


Киритилган вақти: 01/12/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 1895
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/society/manaviy-va-moddiy-hayot-uygunligi
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 21:11
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг