Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

Ҳидоятга йўл

 
 

Мамлакатимизда шундай ўзгаришлар бўляптики, санаб адоғига етмайсан. Дунёдаги энг фаровон, энг тинч давлатда яшаётганингдан кўнглингда фахр туйғуси намоён бўлади. Ёшларимизнинг илм олиш, ишлаш, ҳунар эгаллашлари учун барча имкониятлар муҳайё. Кексаларимиз учун ҳам мазмунли дам олишлари учун сиҳатгоҳлар, даволаниш муассасалари, масжидлар қурилиб, уларнинг ихитиёрига топширилган. Давлатимиз раҳбари томонидан халқимизни қўллаб қувватланиши ҳар қандай юртдошимизнинг қалбига шукроналик туйғусини солади. Лекин орамизда шундай инсонлар борки, на жамиятга, на ота-онасига фойдаси тегади. Нафсининг қули бўлиб, ўзи учун кони зарар бўлган спиртли ичимликлар ичиш, гиёҳванд моддалар истеъмоли, атрофдагиларга доимо зарар етказиш билан банд бўлиб юради. Охир оқибат тушуниб етганида эса ёши бир жойга борган, қарилик эшик қоққан бўлади.

Бизга маълумки, қаерда одоб ахлоқ ҳукмрон бўлса, ўша ерда файзу барака бўлади. Илоҳий ахлоқ эса ҳалоллик ва тақво демакдир. Ҳалоллик барчага аниқ ва маълум тушунча. Тақво эса анча кенг тушунчларни ўзига қамраган бўлиб, биргина Али розияллоҳу анҳунинг айтганларини эслаш билан кифояланамиз: “Тақво Аллоҳдан қўрқиш, Қуръонга амал қилиш, озга қаноат қилиш, кетадиган кунга тайёргарлик кўришдир”. 

Кеч бўлса ҳам ҳаётда ўзининг ҳақ йўлини топган инсонлар ҳақида бўлиб ўтган воқеани айтиб бериш орқали “Ҳечдан кўра кеч яхши” деган мақолни эслатмоқчиман:

Масжидда намоз ўқишга тайёрланиб турганимизда бир пайтлар гиёҳванд модда, спиртли ичимлик ичиб, одамлар асабига тегиб юрадиган Зарифбой (исми ўзгартирилган-таҳририят) исимли киши кириб келди. Биз ҳайратдан ёқа ушладик. Ўзимизча “ё тавба, бу инсонга ҳам Аллоҳ инсоф берибди-да” дедик. Ҳақиқатдан ҳам Зарифбой ҳар куни намоз ўқиш учун масжидга қатнай бошлади. Мен бу кишини зимдан кузатардим. Чунки, баъзилар ўн-ўн беш кун масжидга қатнайдида, кейин кўринмай кетишади. Орадан бир неча кунлар ўтди. Унинг эътиқоди баланд, масжидга қатнашни канда қилмас эди. Зарифбойни ёнимга чақириб, намоз ўқишга бўлган жасорат қандай пайдо бўлганини сўрадим.

“Эй мулла ака, ўзингиз биласиз, мен бир саркаш, нобакор, умримда пешонам “ер кўрмаган” киши эдим. Укамнинг кўзи ожиз ўғли Отабек шаҳарда мусиқа мактабида ишлайди. Унга бир флешка бериб, менга қўшиқ ёздириб кел, дедим. У ишдан қайтгач, мана амаки, буюртмангиз, деб қўлимга флешкани тутқазди. Мақсадим, ширакайф чоғимда мириқиб қўшиқ эшитиш эди. Хурсанд бўлиб уйга келдимда ёнбошлаб, флешкани ДВД қурилмасига жойладим. Қарасам, қўшиқ ўрнига домланинг маърузаси экан. Ўчиримоқчи эдим, хотиним: -қўйинг, эшитамиз,- деди.  Мен ўрнимдан турдим-да жиянимнинг уйига йўл олдим. Уни чақириб, аччиқ билан менга қанақа нарсалар ёзиб келдинг, дея дағдаға қилдим. У кулимсираб ҳазил оҳангида: - Амаки, ёшингиз олтмишга боряпди. Энди сизга қўшиқмас, чиройли маърузалар эшитиш ярашади. Бас, етар шунча бебош юрганингиз, - деди. Ўғил-қиз, набираларга ўрнак бўлинг, намоз ўқиб, уларга панд насиҳатда бўлинг, эртага Худонинг олдига ёруғ юз билан борасиз, деб айтди. Унинг гаплари менга қаттиқ таъсир қилди. Наҳотки, ўша кўзи ожиз боладек менда ақл йўқми, шунчалик нотовонманми? деб ҳар хил ўй-хаёл билан уйга келсам, уйдагилар имом домланинг маърузасини эшитаётган эканлар. Мен ҳам қулоқ сола бошладим. Раҳматли Фозил қорининг маърузаси экан.

Маъруза намоз ҳақида эди. Тинглаб турсам: “Кимники рўзғорида хотини намоз ўқиса-ю, эри намоз ўқимаса тўнғиз билан ётгандек бўлади, деб айтдилар. Бу сўз кўнглимга қаттиқ ботди. Чунки, кўп йиллардан бери хотиним намоз ўқийди. Мен нобакор ўқимас эдим. Кўзимдан ёш чиқиб кетди. Кейин қўшним мулло Баҳодир аканинг кўмаги ва насиҳатлари билан “Намозлик” китоб олиб, ундан намоз ўқишни ўргандим. Шундан буён Аллоҳнинг тоатидаман. Намоз ўқисам, қалбим ёришиб, ўзимни енгил ҳис қила бошладим. Устозлар, намозга боришимни жамоа намозини савоби кўп бўлишини айтдилар. Жума намозини ўқишни ният қилиб, масжидга бора бошладим. Мени ҳаётда тўғри йўл топиб, намоз ўқишга ундаган жияним Отабектдан миннатдорман. У сабаб барча ёмон иллатлардан қутилиб, Аллоҳга истиғфор айтиш билан машғул бўлган ҳолда устачилик билан шуғулланиб, эл-юрт хизматидаман. Мен қураётган иморатларда инсонлар бахтли ҳаёт кечиришмоқда, жамиятга нафи тегадиган инсонга айланганимдан хурсандман, дея Зарифбой мен билан хайрлашди.

Бекорга айтишмаган “Бир йигитни тарбиясига етти маҳалла жавобгар” – деб. Аллоҳим, ҳеч бандани йўлидан адаштирмасин, ҳидоят сари йўлласин.

Абдусами Азизов - Ургут туман “Ғиштли” жоме масжиди имом хатиби                                                   


Киритилган вақти: 21/02/2020 15:56;   Кўрилганлиги: 224
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/society/hidoyatga-yol
Чоп этилган вақт: 04/06/2020 19:18
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг