Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

Ҳалоллик – икки дунё саодати

 
 

Рамозон кунлари эди. Хизмат юзасидан қўшни малҳалладаги тазияхонада эдим. Устозимиз Нуриддинхон Исломов ҳам тазия изҳор этгани ташриф буюрди. Шу жойда суҳбат асносида бир отахон узтоздан закот ва унинг ҳукмлари ҳақида савол сўради.

Устоз, “Закот шундай нарсаки, мусулмон киши учун рўзадан кейин, ҳаждан олдин турадиган зиммасидаги фарздир. Закот, мол мулкингиз нисобига етганда берилади. Унинг шу дунёда ҳам бир қанча фойдалари бор. Бу молиявий ибодатни адо этган кимсанинг мол-мулкида барака бўлади. Мен сизларга бўлиб ўтган воқеани айтиб бераман”, дедиларда  бундан анча йил олдин бўлиб ўтган воқеани ҳикоя қила бошладилар.

“Ёш ўспирин пайтларим эди. Раҳматли қиблагоҳимиз билан ҳар ҳафта шаҳарга жума намозини ўқишга борар эдик. Дадамнинг Регистон майдони яқинида бир водийлик этикдўз ошнаси бўлар эди. Ҳар доим ўша биродари бизни ўз хонасига ё намоздан олдин ёки кейин таклиф этар, хонадаги печкага ўтин қалаб чой қайнатар, аччиқ чой билан бизни зиёфат қилиб, сўнг кузатиб қўяр эди.

Бир сафар йўлимиз ўнг бўлиб, шаҳарга анча барвақт етиб бордик. Одатдагидек бизни этикдўз бобо яна ҳужраларида печга ўт ёқиб, чой билан меҳмон қилди. Вақт бўлиб, жума намозини ўқиш учун ҳаркатга тушдик. Уста бобо нимжонгина эшикни бир амаллаб ёпиб қўйди. Эшикнинг аҳволи бу бўлса,  амаки хонани ёлғиз ташлаб кетишдан хавотирланмасмикан, деган фикр хаёлимдан ўтди. Жума намозини адо қилиб бўлгач, этикдўз амаки бизни қўярдан қўймай яна хонасига таклиф қилди ва печкага ўтин қаладиларва ва чой қайнатиб олдимизга қуйдилар. Чойни ичиб суҳбатлашиб турганимизда этикдўз амакининг тўсатдандан рангги ўзгариб кетди. Дадам раҳматли, ҳа биродар, нима бўлди, маззанггиз қочдими? деб сўради. Йўқ, ҳаммаси жойида фақат, мени бор топган тутганим мана шу печни ичида эди. Бирор жойга чиқсам, ўғирланишидан қўрқиб мана шу жойда сақлар эдим, деди.

Дадам,  “Мол-мулкингиздан закот бериб турасизми?”, деб сўраган эди.

У киши, “Ҳа, ҳар йили бериб келаман”, деб жавоб берди.

         “Закотни бериб, бировнинг ҳаққига хиёнат қилмаган бўлсангиз Аллоҳнинг Ўзи асрайди, қўйинг, кўп сиқилманг, деди дадам.

         Амаки оташкурак билан печни ковлай бошлади ва “Эшонбобо, айтганингиз тўғри чиқди. Мана, пулларимни Аллоҳни Ўзи асрабди”, деб чет-четлари сал куйган, бироз қорайган пулларни кўрсатди”.

         Устоз ҳикоясини тугатар экан “Агар сўзларимга ишонмасангиз, ҳозирги кунда 90 ёшни қоралаган отахонимиз, этикдўз Омонқул бободан бориб сўранглар” деди.

         Мен пайтини топиб Омонқул бобони зиёрат қилдим ва у кишидан ҳам шу воқеани эшитдим.

         Шундан сўнг мен, бу ҳаёт давомида ҳар бир инсон тўғри яшаб, ҳалол касб-ҳунар қилса, ўзганинг ҳақига хиёнат этмай, закот ва тўловларни  ўз вақтида адо этса, албатта, топгани баракали бўлади, бу дунёда роҳат-фароғатда умр кечиради деган хулосага келдим.

Ғолиб РАСУЛОВ – Тайлоқ тумани “Сада Қайроғоч” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 13/11/2019 11:46;   Кўрилганлиги: 1193
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/society/halollik-ikki-dunyo-saodati
Чоп этилган вақт: 25/04/2024 14:30
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг