Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

“Билиминг осмонга етган бўлса ҳам, бошқалар илмига қулоқ сол ҳар дам!”

 
 

Ургут тумани бош имом-хатиби Шоди домла ҲАҚБЕРДИЕВ билан суҳбат

– Ассалому алайкум, домла. Суҳбатимизни инсон ҳаётидаги муҳим сана ва ҳодисаларнинг нишонланиши ҳақидаги саволдан бошласак. Масалан, ҳозир чақалоқни туғуруқхонадан уйга олиб келиш ҳам катта маросимга айланиб боряпти. Ҳатто боланинг мактабга чиқишини карнай-сурнай, қиммат машина иштирокида ўтказиш ҳолатига гувоҳ бўлдик. Буларга динимиз нима дейди?

– Раҳматли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Ижтимоий одоблар” китобида бундай ёзади: «Уламоларимиз маросимлар ҳақида келган шаръий қоидаларни батафсил ўрганиб ва таҳлил қилиб бўл­ганларидан ке­йин, қайси маросимлар шариатда борлигини белгилаб беришган. Масалан, “Ал-инсоф” китобида “Одамларни чорлаб, маросим қилиб бериладиган таомлар ўнтадир”, дейилган…” Сўнг керакли шарҳлар берилган: “валийма” – келин тушириш (никоҳ тўйи), “азийра” – хатна маросими, “хурса” – бола туғилиши ила ўтказиладиган маросим, “ва­кийра” – янги уй-бино муносабати ила, “на­қийя” – бировнинг ғойиб бўлганидан кейин сафардан қайтиб келиши, “ақийқа” – бола етти кунлик бўлганда, “вазийма” – мотам муносабати билан, “маъдаба” – оддий, алоҳида сабабсиз зиёфат, “ҳизоқ” – Қуръонни ёдлаб бўлиш муносабати билан, “туҳфа” – бирор киши шарафига қилинадиган маросим, шунингдек, бало-офатдан қутулгани шукронасига эҳсон қилиш, катта муваффақиятга ва ютуққа эришгани шукронасига уюштириладиган маросимлар ҳақида маълумотлар келтирилган».

Шу китобда булардан фақат “валийма” – никоҳ тўйидан бошқа барчаси мустаҳабдир, истаган қилади, истамаган йўқ, деб таъкидланган. Китобда мазкур маросимларни амалга оширишда нималарга риоя қилиш кераклиги ҳақида ҳам аниқ кўрсатмалар берилган. Шуни эътиборда тутиш лозимки, “Исломда ёр-биродарларни бир дастурхон устига жамлаш мустаҳаб амаллардан. Унда яхшилик ва барака бордир…” “Шу билан бирга, маросимларда шариат кўрсатган чегарадан чиқишнинг зарари бор” (ўша китоб, 107-бет).

Сиз айтаётган ҳолатлар эса юмшоқ қилиб айтганда – исроф. Мусулмон киши ҳаётдаги ҳар бир хатти-ҳаракатида, ҳар қандай вазиятда Аллоҳ таолонинг ризолигини ўйлаб иш тутиши зарур.

         – Кўп йиллардан буён имомлик вазифа­сида ишлаб келмоқдасиз. Халқ орасида тарқалган баъзи хурофотлар, бидъат маросим­ларга ҳануз гувоҳ бўляпмиз. Тажри­бангиздан келиб чиқиб айтинг­-чи, бундай ишлар авваллари кўпмиди ё кейинги пайтларда урчидими?

         – Одамлар орасида ҳануз сақланиб келаётган иллатларнинг барчаси илмсизликдан. Айниқса, хотин-қизлар орасида бундай маросимлар оз эмас. Яшаш шароитларимиз тобора яхшилангани сари ортиқча орзу-ҳавасларга берилиш ҳам, афсуски, кучайиб кетмоқда. Алҳамдулиллаҳ, кейинги йилларда диний идорамиз масъул ходимлари, имом-хатиблар ҳаракатлари билан тўй-маърака ва бошқа маросимлардаги нолойиқ ҳолатларга барҳам берилмоқда. .

         – Ҳаж зиёратидан келган ҳожини дабдабали кутиб олиш, пойига кийим, гилам ёки шунга ўхшаш нарса ёзиб, устига чиқиб беринг, дейиш урф бўлган. Шунингдек, ҳожилар орасида “ҳожи оши”, “ҳожи гапи” каби йиғинлар оммалашган. Булар ҳаж ибодатини бажариб келган кишини ноқулай аҳволга солиб қўймайдими?

         Ҳожиларимиз имкон борича бундай ҳолатлардан ўзларини сақлашлари, бошқалар шунга интилганда, “Йўқ, маъзур тутинглар, Аллоҳ насиб этиб, покланиб келган бўлсам, энди мени номашруъ ишларга чорламанг”, деб бундай амаллардан сақланиши лозим.

         Ҳожиларни сафарга кузатишдан аввал ҳаж комиссияси томонидан йиғилиш ўтказилиб, келганларидан кейинги дабдабали ҳолатларга йўл қўймаслик кераклиги тушунтирилади. Тарғиботларни янада давом эттирсак, жамиятимиздаги бу камчиликлар барҳам топиб, барча ишларимиз ўз изига тушиб кетади, иншоаллоҳ.

         – Сўнгги пайтда аҳли сунна вал жамоа­нинг ақида ва маз­ҳаб имомлари йўлини хатога чи­қарадиганлар ҳам тез-тез учраб турибди. Бунинг сабаби нимада?

– Халқимиздаги: “Кўр тутганини қўймайди, кар – эшитганини”, деган иборанинг ҳаётимизда кўп учрашига мисоллардан бири бу. Доноларимизда шундай ҳикмат бор: “Билиминг осмонга етган бўлса ҳам, бошқалар илмига қулоқ сол ҳар дам!” Эс-ҳуши жойида бўлган, ўз ҳолати ва даражасига кўра озми-кўпми тегишли билимлари бор одам асло бундай ножўя қилиқларга йўл қўймайди! Ақида ва мазҳаб имомларимиз йўлларини хато дейдиганлар Ислом дини моҳиятини тўғри ўрганмаган, қолаверса, кимларнингдир бузуқ ниятларини амалга оширишда ёрдам қилаётган кимсалардир.

         – Ҳозир ижтимоий тармоқлар орқали асоссиз гаплар тарқатиш, илм аҳлига маломат тошларини отиш ҳолатлари кузатиляпти. Ислом динида илм аҳлига нисбатан қандай муносабатда бўлиш талаб этилади?

         – Интернет инсон имкониятларини ниҳоятда ошириб юборди. Илм олишни истовчилар учун унинг жуда осон ва қулай шароитлари бор. Хоҳлаган саволга жавобни интернет орқали осонгина топиш мумкин. Аммо, афсуски, у жавобларнинг ҳаммаси тўғрилигига кафолат йўқ. Шу боис интернетдан фойдаланишда ақллилик, ҳушёрлик жуда зарур. Берган саволингга жавоб кимдан келяпти, қандай манбага асосланган – буларни эътиборга олиш ниҳоятда зарур. Бошқалар билан ўзаро алоқага киришишу фикр алмашишда ҳам ақлли бўлинг, бузуқ ниятли кимсаларнинг алдовига учиб қолманг, деб доимо таъкидлаб туришга тўғри келмоқда.

         Мўмин киши олим, қори ва бошқа илм аҳлларига нисбатан чиройли одоб сақлаши лозим. Чунки бу Қуръонга, ҳадисга – илмга ҳурмат бўлади. Ҳадиси шарифда айтилганидек, илмли кишилар бу дунёда иззат-ҳурматли, охиратда, иншоаллоҳ, шарафли бўладилар.

 

– Динимизни ўрганишни ­истаган баъзи ёшларимиз ўзла­ри билмаган ҳолда айрим “раҳнамо”ларга эргашиб кетганлари бор гап. Бундай адашишларнинг олдини олиш учун тажрибали, оқсоқол имом сифатида қандай тавсиялар берасиз?

         – Ислом дини халқимизнинг қонига сингиб кетган. Бинобарин, ёшларимиз намозга ёки Қуръон ўқиш, динимиз асосларини ўрганишга рағбат қилишлари табиий ҳол. Шундай ниятда бўлган ёшлар учун маслаҳатимиз шуки, бунинг учун улар Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжидларнинг жойлардаги имом-хатибларига ёки Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий сайтларига мурожаат қилишлари лозим. Шундагина улар барча масалаларда тўғри, ишончли жавобларга эга бўлишади.

 

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ суҳбатлашди, “Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 2-сонидан


Киритилган вақти: 03/03/2020 12:32;   Кўрилганлиги: 1818
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/society/biliming-osmonga-etgan-bolsa-ham-boshqalar-ilmiga-quloq-sol-har-dam
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 19:04
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг