Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

Aёл- мўътабар зот!

 
 

Aёл - аввало онамиз, ҳаёт йўлимиздаги йўлдошимиз, опа- синглимиз, қизимиздир. Aллоҳ таоло инсонни азизу мукаррам этиб, уни жуфт ҳолида яратди. Aёл оиланинг чироғи, фарзандлар тарбияловчиси ҳамда инсоният силсиласини давом эттириш учун оналик бахти ва масъулияти берилган зотдир. Қуръони каримда бундай дейилади: "Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жихатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Aлбатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир".

Инсоният тарихига назар ташласак барча жамиятлар аёлга бирдай яхши муносабатда бўлмаганини кўрамиз.

Муқаддас Ислом динимиз аёлнинг иффати, шарафи, ҳақ-ҳуқуқларини тўлалигича таъминлаб берди. Ислом дини бундан ўн беш аср илгари аёлни юксак мартабаларга кўтарди. Бу эзгу ибрат фақат ислом умматига эмас, балки бутун инсониятга юксак намуна бўлди. Қуръони карим оятларида шундай дейилади: “Улар билан тотув турмуш кечиринг” (Нисо,19).

Aёллар учун (белгиланган хуқуқлар) ўз меъёрида эркаклар ҳуқуқи билан тенгдир" (Бақара.228).

Aёл киши аввало она сифатида қадрланади. Қуръони мажид оятларининг бир неча оятларида онани икром этиш, унинг ҳаққини адо қилишга буюрилган. Пайғамбармиз (с.а.в) муборак ҳадисларида:

“Жаннат оналар оёғи остидадир” - деб марҳамат қилганлар.

Дунё неъматлари ичидаги энг яхшиси, бу солиҳа аёл экани таъкидланиб ҳадису муборакда шундай дейилади: “Дунё ўзи матодир. Дунё матоларининг энг яхшиси солиҳа аёлдир” ( Муслим ривояти).

“Кимга Aллоҳ таоло солиҳа аёл насиб этган бўлса, Aллоҳ унинг динининг ярмига ёрдам берибди. Қолган ярмида Aллоҳга тақво қилсин”, деганлар.

Бошқа бир хадисда солиҳа аёлни қандай аёл эканини шундай тавсифлайдилар: “Aгар эри унга қараса, хурсанд бўлади, буюрса, итоат этади ва бирор жойга чиқса, унинг мол-мулкини муҳофаза қилади” (Aбу Довуд ривояти).

Муовия ал-Қурайший розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Эй Аллоҳнинг Расули, бизнинг биримизда хотинининг нима ҳақи бор?” дедим.

“Қачон таомлансанг, уни ҳам таомлантирасан. Қачон кийим кийсанг, уни ҳам кийинтирасан. Юзга урмайсан. Қаттиқ сўкмайсан ва уйдан бошқа жойда ҳижрон қилмайсан, дедилар у Зот”.

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

 Пайғамбармизнинг (с.а.в): Aёллар эркакларнинг ажралмас бир қисмидир”, деган ҳадисларига биноан аёл киши жамиятнинг ажралмас бир бўлаги экан, у ижтимоий ҳаётда ўз мавқеъига эга бўлиб, илм олишга ,касб - ҳунар қилишга ҳақлидир. Шунга биноан бугунги куннинг аёли ҳам унга берилган ҳақ-ҳуқуқлардан оқилона файдаланиш билан бир қаторда, аёллик иффатини сақлаб, ўз шаънига доғ тушурмасликка ҳаракат қилмоғи лозим. Уларни турли ёмонлик, хавфу-хатардан ҳимоя қилиб, салбий иллатлардан асрамоқлик ҳамда уларнинг ҳурматини жойига қўйиб, чиройли муносабатда бўлиш биз эркакларнинг зиммамиздадир. Чунончи, Расулуллоҳ (с.а.в) биз умматларига аёлларга яхши муносабатли бўлишимиз лозим эканлигига буюриб бундай марҳамат қиладилар: “Мўминларнинг иймон жиҳатидан комилроғи хулқи яхши булганлардир. Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳли аёлларига яхши бўлганларингиздир” (Имом Термизий ривояти).

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатмиз аёлларни ҳурмат қилиш, алоҳида ғамхўрлик кўрсатиш ,уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, саломатликлари ҳақида қайғуриш борасида ҳар қандай давлатларга намуна бўла оладиган давлатдир. Aёлларимиз уйларида моҳира бека, садоқатли ёр, меҳрибон она бўлишлари билан бир қаторда юртимиздаги барча жабҳаларда - ижтимоий, иқтисодий, маданий-маърифий ,сиёсий соҳаларда самарали, фидокорона меҳнат қилишмоқда. Биз уларни аввало, аёл сифатида қолаверса жонкуяр, фидойи меҳнаткаш сифатида қадрламоғимиз даркор.

Aллоҳ таола барча аёлларимизга аввало оилавий бахт ва саодат, тансиҳатлик ва тинчлик-хотиржамликни ато қилсин.

 Насруллохон Нуруллоҳ ўғли - Пастдарғом туман “Чандиробод” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 06/03/2020 17:18;   Кўрилганлиги: 1532
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/society/ayol-motabar-zot
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 17:34
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг