Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

АЛЛОҲ ТАОЛО АЁЛЛАРГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШНИ БУЮРДИ

 
 

Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Видолашув ҳажи”да саҳобийларга қарата аёллар ҳақида қуйидагича васият қилган эдилар: “Аёллар борасида Аллоҳдан қўрқинглар. Чунки сизлар Аллоҳнинг омонати ила уларни қўлга киритдингиз ва Аллоҳнинг калимаси билан уларнинг фаржларини ўзларингизга ҳалол қилиб олдингиз” (Бухорий ривояти). Дунёнинг ярмига ҳукмронлик қилган Соҳибқирон Амир Темур тузукларида "Аёлларга имкон қадар илиқ муомалада бўлишга ҳаракат қилдим" деб ёзган эди. Демак, шундай улуғ зотлар аёлларни эъзозлаган экан, бугунги кунда аёлларга паст назар билан қараб, уларга зўравонлик қилаётган эркаклар қаердан пайдо бўляпти?  Бундай кишиларни ким деб аташ мумкин? Яна ҳадисларга мурожаат қиламиз.

Мўминларнинг энг имони мукаммали гўзал хулқлисидир.  Сизларнинг энг яхшингиз аҳли аёлига яхши муносабатда бўладиганингиздир(Имом Термизий ривояти).

Рус ёзувчиси М. Горький эса "Маданиятнинг қай даражадалиги аёлга нисбатан муносабат билан ўлчанади" деб ёзади. Орамизда ҳамон аёлларга тазйиқ ва зўравонлик қиладиган пасткаш, маданиятсиз кимсалар бор экан, уларни тўғри йўлга солиш, аёлни онаси, синглиси, қизи ва хотини эканлигини ёдига солиб қўймоқ лозим. Энди бундай зўравонликка йўл қўйилмайди. Чунки, хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқи қонун ҳимоясига олинди. Ўзбекистон Республикасининг "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш" тўғрисида"ги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг "Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш тўғрисида"ги Низом билан зўравонликка барҳам беришнинг аниқ меҳанизмлари белгилаб берилди.

Қонунда Вазирлар Маҳкамасининг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бандлик, ички ишлар, таълим, соғлиқни сақлаш, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат тузилмалар, жумладан, хотин-қизлар қўмитасининг хотин-қизларни тазйиқ  ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари аниқ белгиланган. Масалан, ички ишлар органлари тазйиқ ва зўравонлик содир этишга мойил бўлган шахсга расмий огоҳлантириш ва ҳимоя ордерини беради, зўравонлик содир этган шахсларни жавобгарликка тортиш юзасидан ўз ваколатлари доирасида чоралар кўради, каби пунктлар ҳам белгиланган. Низомда ҳам зўравонликка барҳам беришнинг аниқ меҳанизмлари белгилаб берилган. Илгари хотин-қизлар қўмитаси бундай зўравонликка қарши кўпроқ яраштирувчи вазифасини ўтаган  бўлса,энди ҳамкор ташкилотлар билан бу ҳолатга қарши жиддий курашади. Жабрдийдалар мурожаат қилмаса ҳам, зўравонлар жиноий жавобгарликдан қутилиб қолмайди.

Охирги уч йилда гендер тенгликни таъминлаш борасида катта ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида" қонун қабул қилинди. Олий Мажлис Сенати Раиси бошчилигида Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия фаолияти йўлга қўйилди.

Хулоса, қилиб айтганда ноҳақ хотинига зўравонлик  қилган  эр, энди пушаймон ейди. Шундай экан аҳли аёлингизга мулойимроқ бўлинг. Динимиздан, ўзлигимиздан, маънавиятимиздан, миллий қадриятларимиздан қанчалик узоқлашиб бораверсак, бошимизга шунча кулфатлар ёғилаверади. Шу маънода наслимиз давомчиларини таҳқирласак, ўзимизга, келажагимизга зулм қилган, ўзимиз ўтирган дарахт шохини ўзимиз кесган бўламиз.  Шоир ёзганидек, аёлларни хўрлаш эмас, асраш керак.

Ботирали РИЗАЕВ,

Самарқанд шаҳар “Панжоб” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 12/02/2020 17:24;   Кўрилганлиги: 1366
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/society/alloh-taolo-ayollarga-yaxshilik-qilishni-buyurdi
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 06:10
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг