Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Сийрат

Сиз мавлидни биласизми…?

 
 

Ҳижрий-қамарий ҳисоб билан Робиъ-ул-аввал ойининг 12-санасида Аллоҳ таоло инсониятни жаҳолат зулматидан ҳидоят нурига, маърифатсизлик ботқоғидан илму-ирфон ҳаловати сари нажот топишининг сабабчиси бўлган пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллоллоҳу алайҳи васаллам дунёга келишини ирода қилди. Шу сабаб бу ойда кўнгиллар ўзгача завқу-шавқ ҳис қила бошлайди.

Мақола ёзиш ниятида қўлга қалам олар эканман, “Сиз мавлидни биласизми…?” деб ном қўйишликка жазм қилдим. Чунки бу тадбирнинг моҳиятини халқимиз ҳали тўлиқ тушуниб етмайди. Ҳатто айрим онахон, опа-сингилларимиз мавлиднинг руҳини йўқотиб, мушкуллар ариши учун ўқиладиган аллақандай маросимга айлантириб олаётганлиги кўнгилларни хира этмоқда.

Халқимиз тилида мавлид ойи деб аталадиган бу ой, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллоллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган ойлари бўлиб, бу ойда кўпроқ у зот соллоллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сийратлари, ҳикмату-хайратларга тўлиб тошган ҳаёт тарзларини ўрганиб, ибрат олишга киришсак ана шундагина саодатимиз янада зиёда бўлади.

Бу ҳақиқатни бугунги кунда аксарият Ғарб олимлари ҳам исботлашмоқда. Жумладан, Бернард Шоу: “Агар Муҳаммад алайҳиссаломдек бир одам ҳозирги дунёни бошқарганида эди, бу дунёнинг мушкулотларини ҳал қилишга муваффақ бўлар эди, бу эса ўз навбатида, ҳозирги дунёга етишмаётган хотиржамлик ва бахтни олиб келган бўларди” деган эди. Кўриниб турибдики ҳақиқий саодат Расулуллоҳ  соллоллоҳу алайҳи васалламдан ибрат олиб яшамоқликдадир. Айниқса ёш авлодни дунёда ҳудди заҳарли қўзиқориндек кўпайиб, турли кўринишларда намоён бўлаётган мафкуравий маккорликлар исканжасидан асраб қолишимизда ҳам айни муддао бўлур эди.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига бир зумгина эътибор қаратган киши шуни англайдики, У зот алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида жидду-жаҳд қилиб, ҳақиқат узра собитқадам бўлиб ўтганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сизлардан бирортангиз мен унга боласидан, ота-онасидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча, мўмини комил бўла олмайди”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ҳаётимизнинг мазмуни бўлган барча ижтимоий алоқаларимизни сўз ва амалда энг гўзал намунасини ўргатиб, кўрсатиб берган дунёдаги ягона инсон шубҳасиз Расулуллоҳ  соллоллоҳу алайҳи васалламдирлар. Бизлар ота-она ҳаққини, оиламиз, фарзандларимиз олдидаги масъулиятларимизни, жигарчилик, қўшничилик мажбуриятларимизни кимдан ўргандик? Албатта Расулуллоҳ  соллоллоҳу алайҳи васалламдан. Шундай зотни севмасдан, муҳаббат қўймасдан, ўзимиз учун намуна қилиб яшамасдан бўладими ахир?

Шунингдек, у зот соллоллоҳу алайҳи васалламнинг босиб ўтган ҳаёт йўллари ҳар бир умматлари учун нафақат ибрат, балки юпанч ва далда ҳамдир.

Ота-она меҳрига зор бўлиб ўсганлар билсинларки, Расулуллоҳ  соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам ота-онага эркаланиш, уларнинг қўлларидан тутиб юриш нима эканлигини билмасдан улғайганлар.

Арзимас етишмовчилик сабаб ҳаёт ташвишларидан сиқилиб, ич этини еяётганлар билмайдиларми? Расулуллоҳ  соллоллоҳу алайҳи васаллам очликдан қоринларига тош боғлаб юрганлар.

Ўзини доимо ёлғиздек ҳис этаётганлар, Расулуллоҳ  соллоллоҳу алайҳи васаллам бир ота-онадан ёлғиз ўзлари эдилар.

Ўзини ҳаётда кимдандир таҳқирлангандек ҳис этиб яшаётганлар, Расулуллоҳ  соллоллоҳу алайҳи васаллам муборак бўйинларига ип солиниб, ёш болалар ва ахмоқ одамларнинг қўлларига тутқазилдилар. Намозда холатларида муборак бўйинларига қўйнинг қоринлари тўкиб кетилди.

Фарзанд доғида ўз умрини ҳазон қилаётганларга айтамиз, Расулуллоҳ  соллоллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли фарзандлари вафот этмаган эдими?

Бир сўз билан айтганда Расулуллоҳ  соллоллоҳу алайҳи васаллам одам боласи бошига тушиши мумкин бўлган ҳар қандай қийинчилик, синовли кунларни ҳаммасини  кўрганлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

“(Эй, иймон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қадимда бир иш берувчи ўзининг уч ходимига ўз вазифаларини тақсимлаб берар экан, биринчисига ариқча олишни, иккинчисига унинг ичига донни қўйиб чиқишликни, учинчисига эса устини тупроқ билан ёпиб чиқишликни буюрибди. Орадан маълум бир вақт ўтгач, ходимлардан хабар олгани келса, бирлари ариқ очиб кетаяпди, иккинчиси унинг устидан тупроқ тортиб кетаётган эмиш. Дарғазаб бўлган раҳбар бу нима қилганларинг бўлди деса икковлон: “Биз ўз ишимизни бажараяпмиз, учинчимиз эса келмади” деб жавоб берган экан. Аслида бу ходимлар ўз ишларининг устаси бўлишмаган. Қайси бир соҳада ана шундай нўноқ, иш аҳлидан бўлмаган шуҳратпараст кишилар аралашса кутилган натижа фақат зиён бўлиб чиқаверади. Истардикки ихлосманд халқимиз томонидан жойларда амалга оширилаётган мавлид тадбирлари ҳам ҳақиқий, расмий дин пешволари томонидангина амалга оширилса кўзланган мақсад хосил бўлиб, иншааллоҳ мавлид ойини том маънода сийратхонлик ойига айлантириш бахтига мушарраф бўламиз.

Ўткир ЎМИРҚУЛОВ - Самарқанд шаҳар “Лоҳутий жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 15/11/2019 10:55;   Кўрилганлиги: 457
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/siyrah/siz-mavlidni-bilasizmi
Чоп этилган вақт: 15/08/2020 01:21
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг