Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Сийрат

Расулуллоҳда гўзал ўрнак бордир

 
 

    "Ва албатта, сен улкан хулқдасан" (Қалам. 4) дея Ўз маҳбуби Пайғамбаримизнинг нақадар чиройли ахлоқ эгаси эканликларини таъкидлаган Аллоҳ таолога беадад ҳамдлар бўлсин.

"Киши яхши хулқи билан кундузни рўза тутиб, кечасини намоз ўқиб ўтказадиганлар даражасига етади" дея марҳамат қилган Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллоллоҳу алайҳи васалламга саловат ва дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳнинг хулқларини эгаллаб, кейинги умматларга омонат ила еткизган саҳобаи киромларга Аллоҳнинг розилиги бўлсин.

Ислом ҳақида сўзлаганда, ҳусни хулқ тўғрисида гапирмасдан имконимиз йўқ. Чунки, ҳусни хулқ инсон амалларини гўзаллаштирадиган, ажрини улуғ қиладиган амалдир. Шу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деди: "Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва тўғри сўзланглар. У Зот сизларни амалларингизни солиҳ қиладир ва гуноҳларингизни мағфират қиладир. Ким Аллоҳга ва Унинг Росулига итоат қилса, батаҳқиқ, буюк зафарга эришибди" (Аҳзоб 70,71).

Албатта, ҳар бир мўмин банда Холиқни ва яна халқни ҳузурида маҳбуб инсон бўлишни хоҳлашига шак-шубҳа йўқ. Шундай экан, мўмин инсон Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари билан зийнатланиши лозимдир. Чунки, Аллоҳ таоло Каломи Шарифда "Ва албатта, сен улкан хулқдасан", дея марҳамат қилган.

Ҳусни хулқнинг мавқеи шу даражадаки, Ислом унга бино қилинган амал десак ҳам муболаға бўлмайди. Балки, унинг ўзи Исломдир. Чунки, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам: "Мен яхши хулқларни батамом қилиш учун юборилганман" деб айтганлар.

Ҳар бир мўмин киши Аллоҳга, Пайғамбар алайҳиссаломга, Аллоҳнинг китобига, Фаришталарга ва жамийки инсонларга нисбатан гўзал хулқли бўлиши лозим.

Аллоҳ таолога ҳусни хулқ - Унга ибодат қилиш, бирор нарсани шерик қилмаслик, Унинг буйруқ ва қайтариқларига бўйсунишдир. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилди: "Ҳеч бир мўмин эркак ва ҳеч бир мўмина аёл учун Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида, ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилмоқ йўқ. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашиш-ла адашибди" (Аҳзоб. 33‒36).

Расулуллоҳга нисбатан ҳусни хулқда бўлишга келсак, аввало у зотни яхши кўриб, суннат ва ҳадисларига эргашмоқ, у кишининг буйруқлариги бўйсунмоқ ва ўз сўзимизни у зотнинг сўзларидан устун қўймаслигимиздир.

Аллоҳнинг Каломига нисбатан ҳусни хулқда бўлиш эса, Қуръони Каримни ўқиш, унга амал қилиш, катта-ю кичик ишларда ҳукмни унга топширмоғимиздир.

Ҳар бир инсон ўзига ажралмас бир фаришта вакил қилинганини ва ана ўша фаришта кишининг барча сўз ва амалларни ёзиб бораётганлигини билиши лозим. Шу сабабли гуноҳ ишларни қилишдан ҳаё қилиш, фаришта инсоннинг зарарига ёзаётганини ва мана шу ишга у тайин қилинганини билиши керак. Аллоҳ Таолога яқинлаштирадиган гўзал амалларни қилишга иштиёқманд бўлишимиз фаришталарга нисбатан ҳусни хулқда бўлиш ҳисобланади.

Инсонларга нисбатан ҳусни хулқда бўлиш эса, уларга очиқ юзли, меҳрибон, мурувватли бўлишдир. Ўзаро ҳақларда адолатли бўлиб, хиёнат қилмаслик, адашган вақтларида тўғри йўл кўрсатиш ва бу борада хушомад қилмасдан юмшоқ муомалада бўлиш зарур. Аллоҳ таоло пайғамбари Мусо алайҳиссаломни Фиръавнга юборган пайтда у қонхўр, золим ва Худолик даъвосидаги киши эди. Аллоҳ ўз пайғамбарини унга кароматлар, мўъжизалар ва гўзал даъват билан юборди. Ва Мусо ва иниси Ҳорунларга У: "Бас, унга юмшоқ сўз айтинглар. Шояд эсласа ёки қўрқса"("Тоҳа", 44), деди. Аллоҳга чақиришдаги Қуръоний дарс мана шундайдир. Шундай экан биз Мусо ва Ҳорун алайҳимассаломлардан афзал эмасмиз.

Сўзимизни ниҳоясида шуни айтмоқчимиз, кимки икки дунё саодатига етишишни истаса, икки дунёда нажот топувчилар қаторида бўлишни хохласа, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари билан зийнатлансин. Зеро, Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган: "Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди" (Аҳзоб 23).

 

Фахриддин БОҲОДИРОВ, Катақўрғон тумани “Янгиравот” жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 04/10/2019 10:58;   Кўрилганлиги: 480
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/siyrah/rasulullohda-gozal-ornak-bordir
Чоп этилган вақт: 15/08/2020 00:21
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг