Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Сийрат

Мавлуди шариф муборак!

 
 

Ҳозир биз рабиъул аввал ойида турибмиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Фил (фил воқеаси бўлган) йилида (мелодий 571-йил),  рабиъул аввал ойининг (машҳур қавлда) ўн иккинчисида Арабистон ярим ороли,  Макка шаҳри, Қурайш қабиласида таваллуд топди. Бу кунларда  Пайғамбаримизга  кўпроқ саловатлар, саломлар, дуолар қилишимиз лозим чунки,  Аллоҳ таоло  бу кунларни   Пайғамбаримизни туғилиши билан қадрлади.  Инсонларни  зулматдан  нурга  ва уларни  тўғри йўлга бошловчи Пайғамбаримиз  ростгўй Муҳаммад  саллоллоҳу алайҳи васаллам туғилди. Пайғамбаримизнинг туғилиши  бандалар учун Аллоҳни  баракаси ва раҳмати бўлди.  Ўша даврларда  инсонлар жаҳолат  зулуматида яшар эди. Қизларини тириклайин кўмар, кучли кучсизни еб тугатар, қўшни қўшнига ғайирлик қилар, жамиятда тарафкашликлар кўп  бўлиб, ҳаёт издан чиққан эди.                

Дини –диёнатни айтмаса ҳам бўлади. Баъзилари тошга, баъзилари дарахтга, баъзилари хурмога  ва яна баъзилари қўллари билан ҳалводан ясаб олган “худо”чаларига сиғинар ва уларга атаб қурбонликлар қилар, сўнгра қоринлари оч қолса ўша “худо”чаларини еб қуяр эди. Жаҳолат чўққига чиқиб, ақл тубанлашган эди. Аллоҳ барчамизни  бундай тубанликдан ва бундай ақлдан ўзи сақласин. Ана ўша вақтларда Аллоҳ таоло ўз Пайғамбарини  жаҳолатга, хурофатга қарши курашиш учун жўнатди. Тили ва қўли билан курашди, Аллоҳнинг дини зоҳир бўлди. Рисолатни етказди, омонатни  адо этиб, умматга насиҳат қилди. Илк нозил бўлган оятларнинг биринчи сўзи “ Иқро” яъни “Ўқи” сўзидир.  Ҳаммамиз биламиз ўқиш илмнинг калитидир. Мана шу “Ўқи” сўзи  жаҳолатни енгадиган  илоҳий йўлдир. Бу йўл  қиёматгача ҳам энг тўғри йўл бўлади.

Пайғамбаримизнинг сийратлари қалблар учун даво, нафсларга шифодир. У зотнинг хулқлари Қуръон бўлган. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари Қуръон эди”, - деган эдилар (Имом Муслим ривояти). Расулимизнинг ҳаётлари  Қуръонни  амалий тадбиқи бўлган, тадбиқий тафсири бўлган ва Қуръонни тирик намунаси бўлган. Пайғамбаримизнинг сийратларини ўрганган  ва  хулқлари билан хулқланган  киши  худди Нуҳ алайҳиссаломни кемасига миниб нажот топган,  бунинг акси эса кемага минмай ғарқ бўлган кишига ўхшар экан.          

Шукрлари:  Озгина неъматни кўп санар, таомни камситмас эдилар. Омонатдорликлари: Ёшлигидан “Амин” (омонатли, ишончли)     деб номланган эдилар. Вафодорликлари: У зот жуда вафодор, яхшилик қилган кишига ортиғи билан яхшиликни қайтаргувчи  инсон эдилар. Умирлари давомида бирон марта аҳдига бевафолик ёки ваъдасига хилоф қилмаган. Ҳаёлари:  Чимилдиқдаги келинни ҳам ҳаёсидан ортиқ эди. Айниқса бугунги кунда  бу фазилатлар биз учун ҳаводек зарур. Аллоҳнинг каломи  ва Пайғамбаримизнинг суннатлари барчамизни якдилликка чақиради. Аллоҳ таоло  айтди:

وَأَطِيعُواْ اللّهَ وَرَسُولَهُ وَلاَ تَنَازَعُواْ فَتَفْشَلُواْ وَتَذْهَبَ رِيحُكُمْ وَاصْبِرُواْ إِنَّ اللّهَ مَعَ الصَّابِرِينَ

Яъни, “Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади. Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар биландир” (Анфол, 46).

Пайғамбаримиз айтдилар:

“Ким жамоатдан қочса, дўзахда ёлғиз азобланади, Аллоҳнинг ёрдами жамоат биландир. Ўзларингизга жамоатни лозим тутинг Ўзингизга жамоатни лозим тутингиз. Аллоҳни  “қудрат қўли” жамоатдадир (Аллоҳнинг ризолиги жамоат тарафда). Ким жамоатдан қочса дўзахга ёлғиз киради”.

Динимиз  инсонларни бирдам бўлиб яшашга  тарғиб қилади.  Якдиллик бўлган жойда тинчилик, барака бўлади. Робиъул  аввал ойи кириб келиши  билан  юртимизда мавлуд маросимлари  ўтказилади. Ушбу хайрли ишни “бидъат” деб эълон қилиб, мусулмонлар ўртасига  ихтилоф соладиганлар ҳам афсуски бор. Бу каби ихтилофлар  динни ва жамиятни заифлаштиришдан бошқа нарса эмас. Мусулмон оммаси минг йиллардан буён  бу хайрли маросимни ўтказиб келмоқда. Бу маросимида Қуръон тиловат қилиниб, саловатлар айтилади. Пайғамбаримизнинг ота боболари, насл-насаблари, туғилишлари, хулқ-атворлари ва ҳаётлари ҳақида  назм ва қасидалар ўқилиб,  сийратлари  ёд этилади. Энг комил инсонни мўминларга танитиш, Аллоҳ унда жамлаган гўзал сифат ва хулқларини эслатиб, уларни мазкур хулқлар билан зийнатланишга чақириш “бидъат” эмас, ҳикмат, маърифат бўлади иншааллоҳ!

Озод НАЗАРОВ - Пастдарғом туман  бош имом-хатиби


Киритилган вақти: 08/11/2019 16:11;   Кўрилганлиги: 1933
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/siyrah/mavludi-sharif-muborak
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 10:58
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг