Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Саҳобалар ҳаёти

САЛМОН ФОРСИЙ Ҳақиқат изловчи (3-қисм)

 
 

Расулуллоҳ маслаҳат учун асҳобларини тўпладилар. Мадинани ҳимоя қилиш керак. Аммо қандай қилиб? Мана шу пайт Пайғамбаримиз олдиларига баланд бўйли, сочлари қалин бир йигит келди. Бу йигитни Расулуллоҳ яхши кўрар ва ҳурмат қилар эдилар. Бу йигит Салмон Форсий эдилар. Салмон бир тепалик устига чиқиб, Мадина томонга синчиклаб назар ташлади. Қараса, Мадина ҳамма тарафдан қоя ва тоғлар билан ўралган, фақатгина унинг бир тарафи очиқ экан. Душман худди шу тарафдан ҳужум қилиши мумкин ва бу уларга қулай эди. Салмон Форсий ўз юрти, яъни Форсда жанг сирлари ва маҳоратларини пухта ўзлаштирган эди. Шу сабабли у Расулуллоҳга ҳали араб қавми билмаган ва кўрмаган бир режани ошкор этди. Бу режага кўра, Мадинанинг очиқ турган тарафига хандақ қазиш лозим эди. Агар мана шу ғазотда хандақ қазилиб, мушриклар йўлини тўсилмаганда, мусулмонлар тақдири нима билан якун топишини Аллоҳнинг ўзи билади.

Мушриклар қазилган хандақ яқинига келиб ҳайратга тушдилар. Ҳали улар умри бино бўлиб бунақасини кўришмаган ва бундай бўлишини кутишмаган эди. Олдинда қазиб қўйилган хандақдан ҳатлаб ўтиб, Мадинага ҳужум қилишга ожиз эдилар, шунинг учун хандақ олдида тикланган чодирларида бир ой қолиб кетишди. Натижада, қувват ва журъатлари сусайиб, анча заифлашиб қолишди. Ҳатто бир кеча Аллоҳ таоло устиларига қаттиқ довулни жўнатди, чодирлари учиб, ўзлари эса, ҳар тарафга тарқалиб кетишди. Абу Суфён ноилож ўз қўшинига ортга қайтишига буйруқ берди. Ҳориб-чарчаган қўшин умидлари пучга чиқиб, қайтишга мажбур бўлди.  

         Давомини кузатиб боринг

  Зайниддин ЭШОНҚУЛОВнинг “Пайғамбар атрофидаги кишилар” китобидан.


Киритилган вақти: 16/10/2019 16:56;   Кўрилганлиги: 143
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/sahaba/salmon-forsiy-haqiqat-izlovchi-3-qism
Чоп этилган вақт: 15/11/2019 15:32
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг