Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Саҳобалар ҳаёти

Оиша онамизнинг кунялари ва лақаблари

 
 

Ҳаммамизга маълумки, арабларда кунялаш одати бўлган. Ҳамманинг қилган улуғ ишларига нисбатан кунялар қўйилади. Куня улуғлик ва шараф рамзи ҳам ҳисобланади.

Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳам кунялари мавжуд. Улар:

  1. Уммул-мўминийн – Мўминларнинг онаси. Бу куняда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларини барчалари шерик ҳисобланади. Аллоҳ таолонинг қуйидаги каломи бунга далилдир:

﴿ النَّبِيُّ أَوْلَى بِالْمُؤْمِنِينَ مِنْ أَنْفُسِهِمْ وَأَزْوَاجُهُ أُمَّهَاتُهُمْ ﴾ الأحزاب: 6

Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир. Унинг аёллари эса уларнинг оналаридир (Аҳзоб сураси 6-оят).

  1. Умму Абдиллаҳ – Абдуллоҳнинг онаси. Бу куня билан номланишликларининг сабаби борасида уламолар ихтилоф қилишган:

Биринчи гап: бу куняни у кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам берганлар. Чунки Оиша онамиз шу куняни яхши кўрар эдилар. Бунга қуйидаги ҳадислар далил бўлади:

Урва розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Мендан бошқа барча аёлларингизнинг кунялари бор”, дедилар. шунда у зот: “Ўғлинг (Асмо розияллоҳу анҳонинг ўғиллари) Абдуллоҳ билан кунялан” дедилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Зубайр туғилганида уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг оғзига хурмо чайнаб солдилар ва унинг қорнига илк кирган нарса у зотнинг сўлаклари эди. Сўнг у зот айтдилар: “У Абдуллоҳдир. Сен эса Умму Абдиллаҳ (Абдуллоҳнинг онаси). Шу куня билан куняланишда доим бўлдим”.

Иккинчи гап: “У кишининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бўлган тушиб қолган боласи бўлган. Уни Абдуллоҳ деб номлашган”. Бу гап асоссиздир.

Имом Ҳофиз роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Тўғри гап – фарзанд дунёга келтирмаганлар. Балки ушбу куня билан куняланишликни сўраганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Опангни ўғли Абдуллоҳ билан кунялан” деганлар”.

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Бизга ривоят қилинган “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бўлган болани тушириб қўйдим. Уни Абдуллоҳ деб номладик” деган ҳадис заифдир”.

Оиша онамизнинг лақаблари:

Оиша онамизнинг кунялари бўлганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номлаган лақаблари ҳам мавжуд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай қилишликлари Оиша онамизнинг у зотга яқин эканликларининг далолатидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизни хурсанд қиладиган лақаблар билан чақирганлар. Улар қуйидагилар:

  1. Ааъиш. Исмни қисқартириш орқали номлаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Эй Ааъиш! Жаброил сенга салом айтаяпти”.
  2. Муваффиқо (Бахтли). Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Умматимдан кимники икки фарзанди вафот этган бўлса, Аллоҳ уни жаннатга киргазади”. Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: “Битта бўлсачи?”. Айтдилар: “Битта бўлса ҳам, эй Муваффиқо”. Айтдилар: “Фарзанди бўлмасачи?”. Айтдилар: “Мен умматим учун йўқотилган фарзанддекман. Мени йўқотгандек, бирор кишига ғам чекмайдилар”.
  3. Ҳумайро. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Масжидга ҳабашлар ўйнаб кириб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Эй Ҳумайро! Уларга қарашни ҳоҳлайсанми?” дедилар. “Ҳа” дедим ва уларга қарай бошладим.

Имом Заҳабий айтадилар: “Арабларда чиройли оқ юзли кишиларга “Ҳумайро” деб ишлатилади”.

Имом Азҳарий айтадилар: “Араблар ажамларни “Ҳумайро” деб аташади. Сабаби ўзларининг рангларидан уларнинг ранглари оқроқ бўлганидир”.

Ушбу ҳадисда эса Оиша онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга суюкли бўлганликлари учун эркалаш маъносида ишлатганлар.

  1. Сиддиқа. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қизлари бўлганликлари учун “Сиддиқа” деб номланганлар. Ҳадис уламолари орасида “Сиддиқнинг қизи Сиддиқа” деб ном тарқалган.

Абу Нуаъйм айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёли Оиша розияллоҳу анҳо Сиддиқнинг қизи Сиддиқадир ва Ҳабибнинг Ҳабибасидир”.

Аллоҳ таоло барча саҳобия оналаримиз ва ўз оналаримиздан рози бўлсин!


Киритилган вақти: 28/11/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 2096
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/sahaba/oisha-onamizning-kunyalari-va-laqablari
Чоп этилган вақт: 25/04/2024 19:02
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг