Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Саҳобалар ҳаёти

МУСЪАБ ИБН УМАЙР Исломнинг аввалги элчиси (7-қисм)

 
 

Ҳа... Мусъаб байроқ билан ерга йиқилди. Шаҳодат гавҳари ва шуҳадолар юлдузи ерга қулади. Фидолик ва имон жангида катта жасорат кўрсатганидан кейин ерга қулади. Агар ўзи ўлдирилса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳимоясиз қолади, кейин у зотни мушриклар қатл қилишлари учун йўл очилади деб, қаттиқ хавсираган эди.

Шу сабаб Расулуллоҳга етиши мумкин бўлган зарардан қўрқиб, қўлини узиб ташлаётган қилич зарбасидан кейин ўзини тинчлантириб: “Ва ма Муҳаммадун илла росулун қод холат мин қоблиҳир русул”, яъни, “Муҳаммад фақат бир Пайғамбардир, холос. Ундан олдин ҳам пайғамбарлар ўтгандир”, дерди. Бу билан Мусъаб Аллоҳ таоло ўз элчисини ёрдамсиз қўймайди, деб ўзини юпатмоқчи бўлди. Мусъаб шуларни такрор-такрор айтиб жон берди. Унинг вафотидан кейин бу калима илоҳий оят ўлароқ нозил бўлди: “Муҳаммад фақат бир Пайғамбардир, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир. Бас, агар у (яъни, Муҳаммад) вафот қилса ёки ўлдирилса, кетингизга (куфрга) қайтиб кетасизларми?! Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Оллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилгувчи бандаларини муносиб мукофатлайди” (Оли Имрон сураси, 144-оят).

Узоқ давом этган жангдан кейин Мусъаб ибн Умайрнинг жасадини покиза қонига бўялган ва юзи тупроққа беланган ҳолда топишди. У шу ҳолатида Расулуллоҳга етиши мумкин бўлган ёмонликни кўриб қолишдан қўрқиб, кўзини тупроққа тўлдириб ётгандек эди. Ёки узотни ҳимоя қилиш вазифасини ниҳоясига етказа олмасдан, у зот нажот топганларини кўриб хотиржам бўлмасдан илгари шаҳид кетганидан хижолат бўлгандай, юзини тупроққа белаб ётарди. Расулуллоҳ ва саҳобалари биргаликда қурбон бўлган шаҳидларнинг жасадларини дафн қилишга киришдилар. Мусъаб ибн Умайрнинг жасади тепасида қаттиқ кўз ёшлари тўкилди”.

Хаббоб ибн Арат айтади: “Аллоҳ йўлида Расулуллоҳ билан бирга ҳижрат қилдик. Ёлғиз Аллоҳнинг розилигини қозонишга ният қилдик. Бас, бизнинг ажр-мукофатимиз Аллоҳнинг зиммасида бўлди. Бизлардан бу дунёдаги насибасини олмасдан ўлиб кетганлар бўлди. Улар орасида Мусъаб ибн Умайр ҳам бор эди. Уҳуд куни қатл этилиб, уни кафанлаш учун эски бир матодан бошқа нарса топилмади. Ўша мато билан унинг бошини ёпсак, оёғи очилиб қоларди, оёғини ёпсак, боши очилиб қолар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга: “Бу мато билан бош томонини ёпинглар, икки оёғинини эса, шох-шаббалар билан беркитинглар”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жасади қаттиқ таҳқирланиб, аъзолари мушриклар томонидан кесиб ташланган амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳу учун қаттиқ алам ва изтиробда бўлишларига қарамай, Мусъабнинг жасади устида узоқ кўз ёш тўкдилар.

Жанг майдони Расулуллоҳ ва саҳобаларри ва дўстларининг жасади билан лиқ тўла эди, шундай бўлса-да, у зот айнан ўзларининг энг биринчи элчилари жасади тепасида туриб, муборак кўзлари жиққа ёшга тўлган ҳолда дедилар: “Мўминлар орасида Аллоҳга берган аҳдига содиқ кишилар бордир”. Сўнгра Мусъаб кафанланган бу кийимга назар ташлаб: “Мен сени Маккада ҳаммадан кўра гўзалроқ кийимларда кўрган эдим. Энди эса, сен сочларинг тўзиган ҳолда бу эски кийимдасан!” – дедилар. Шундан кейин у зот жанг майдонига кўз ташлаб, барча шаҳид кетганларга қарата: “Албатта, мен қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида сизларнинг шаҳид эканингизга гувоҳлик бераман”, - дедилар. Шундай деб, олдиларида турган саҳобаларига: “Эй инсонлар, бу асҳобларимиз қабрларини зиёрат қилинглар ва уларга салом беринглар. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бирор-бир салом бергувчи уларга салом берса, албатта алик оладилар”, - дея башорат бердилар.   

    

Давоми бор.

 З.Эшонқулов – ЎМИ Самарқанд вилояти вакили

“Пайғамбар атрофидаги кишилар” китобидан.


Киритилган вақти: 02/10/2019 15:26;   Кўрилганлиги: 1790
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/sahaba/musab-ibn-umayr-islomning-avvalgi-elchisi-7-qism
Чоп этилган вақт: 18/04/2024 13:48
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг