Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Саҳобалар ҳаёти

МУСЪАБ ИБН УМАЙР Исломнинг аввалги элчиси (3-қисм)

 
 

Яна мушриклар томонидан мусулмонларга нисбатан зулм кучайганлиги сабабли, Расулуллоҳга итоат этган ҳолда, иккинчи марта Ҳабашистонга ҳижрат қилди. Хоҳ Маккада, хоҳ Ҳабаш ўлкасида бўлсин, Мусъабнинг имон қуввати ортаверди. Унинг ҳаёти янги маънога эга бўлган эди. Бу маънони унга Муҳаммад берган эдилар. Мусъаб ўз ҳаётининг буюк Яратувчиси ва меҳрибон Парвардигорига боғланадиган бениҳоят хотиржам ва хурсанд эди.

Бир куни Расулуллоҳ саҳобалари билан ўтирган эдилар, Мусъаб ҳам даврага келиб қўшилди. Саҳобалар уни кўришган заҳоти бошларини эгиб, кўзларини юмиб олишди. Ҳатто баъзилари йиғлаб юборди. Чунки Мусъаб ибн Умайр устига эски ва ямоқ кийимларни кийиб олган эди. Одамлар Ислом динига кирмасдан олдинги унинг ҳолатини, яъни қимматбаҳо ва ялтироқ кийимларда ва атрофга хушбўйлар таратиб юрган вақтини яхши эслашади. Аммо Расуллоҳ бу ҳолатни кўриб, завқландилар, ҳатто муборак лабларида чиройли бир табассус пайдо бўлиб шундай дедилар: “Мана бу Мусъабни ота-онаси ҳузурида камлик кўрмай вояга етганини биламан. Сўнгра бунинг ҳаммасини Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббат туфайли тарк қилди”. Мусъабни диндан қайтаришга бўлган барча уринишлар пучга чиққач, онаси уни барча неъматлардан, ҳатто таомдан ҳам маҳрум этди. Онасининг назарида “олиҳа”ларни тарк этиб, уларнинг лаънатига учраган одам, ҳатто ўғли бўлса-да, таом ейишга лойиқ эмасди. Аммо ҳар қанча уринмасин, ўғлини диндан қайтара олмади. Бироқ ўғли ўз сўзида қатъий турганини билгач, уни уйдан ҳайдаб чиқаришга қарор қилди.

  • Ўша танлаган ишингга боравер, энди мен она эмасман, - деди Мусъабга бир куни онаси. Мусъаб онасига яқинроқ келиб:

- Эй онажон, мен сизни яхши кўраман. “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг Расули”, деб гувоҳлик беринг, - деди.

Онаси ғазабланган ҳолда:

  • “Олиҳа”ларга қасамки, сенинг динингга асло кирмайман, акс ҳолда, устимдан кулиб, ақлимни заифга чиқаришади, дея юз ўгирди.

Шундай қилиб, Мусъаб тўкин-сочин неъматларга тўла ҳаётдан фақирлик ва муҳтожликка лиммо-лим ҳаётни танлади. Гўзал ва қимматбаҳо кийимларни кийиб юрган хушрўй йигит дағал, эски ва ямоқ кийимларда бир кун тўқ, бир кун оч наҳор ҳолда юрадиган инсонга айланди. Лекин унинг қалби имон нури билан тўлиб-тошган эди. Шу сабаб у кўзлари нурга тўлган, қалби поклик билан йўғрилган бошқа инсонга айланганди.  

 Давоми бор.

 З.Эшонқулов – ЎМИ Самарқанд вилояти вакили

“Пайғамбар атрофидаги кишилар” китобидан.


Киритилган вақти: 21/09/2019 16:35;   Кўрилганлиги: 1405
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/sahaba/musab-ibn-umayr-islomning-avvalgi-elchisi-3-qism
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 18:25
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг