Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Саҳобалар ҳаёти

Масжид кабутари

 
 

Улуғ саҳобалардан бўлмиш Абдуллоҳ ибн Зубайр ибн Аввом ибн Хувайлид ал-Асадий ибн Асад ибн Абдул-уззо ибн Қусой ибн Килоб ибн Мурродир. Кунялари: Абу Хубайб ёки Абу Бакр бўлган. Оналари – Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳумо, холалари – Оиша онамиз розияллоҳу анҳодирлар. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ҳижратнинг биринчи йили дунёга келдилар. Мадинада туғилган илк чақалоқ эдилар. Оналари Асмо розияллоҳу анҳо у кишига Маккада эканликларида ҳомиладор эдилар. Мадинада Қубо деган ерга етганларида у кишини дунёга келтирдилар.

Асмо розияллоҳу анҳо ўғилларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига хурмо едириб қўйишликлари учун олиб бордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини қўлларига олиб, бағриларига қўйдилар. Сўнг хурмо келтиришликни буюрдилар. Оиша онамиз айтадилар: “Озгина вақт хурмо қидириб қолиб кетдик”. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмони чайнаб, уни Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг оғизларига солдилар. У кишининг қорниларига илк кирган нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўлаклари эди.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг 14 та ўғил ва 5 та қизлари бўлган.

У кишининг лақаблари:

У киши машҳур лақаб соҳиби ҳисобланадилар. У – масжид кабутари деган лақаб. Бу лақаб билан у кишини оналари ва баъзи саҳобалар номлашган. Бунга сабаб у киши масжидда жуда кўп намоз ўқир эдилар. Тунлари қиёмда ва кундузлари эса рўзадор юрар эдилар.

У кишининг хислатларидан бири:

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижома қилдирдилар ва Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуга қонни бердилар ва уни инсонлар кўрмайдиган жойга олиб боришларини буюрдилар. У киши қайтиб келиб “Ё Расулуллоҳ! Уни ўзим биладиган, инсонлардан энг махфий жойга беркитдим” дедилар. У зот “Шояд, уни ичгандирсан” дедилар. “Ҳа” деб жавоб бердилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қонларини баракаси етиши мақсадида ичган эдилар.

У кишининг сифатлари:

У киши бошқа саҳобалар каби, улуғ сифатларга эга ва чиройли хулқ-атвор соҳиби эдилар. Бошқа саҳобалар у кишини хулқларини ва ибодатларини мақташар эдилар. Улардан қуйидагилар:

*Намоздаги хушуълари: Намозга киришсалар хушуъларининг қаттиқлигидан устун каби тик туриб қолар эдилар. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу тунда уч хил кўринишда намозда қоим бўлганлар: тонггача тик турар эдилар; тонггача рукуъда турар эдилар; тонггача саждада турар эдилар. Бир куни уйларига илон кириб қолган экан. У киши намоз ўқиётган эдилар. Уй аҳли “Илон. Илон” деб бақиришар эди. Охири уни тутиб, ташқарига улоқтиришди. У киши эса бурилмасдан намозини давом эттирар эдилар.

*Аллоҳнинг йўлидаги шижоатли эканлари: Ифриқийя ғазотида Бурбур деган жойнинг саркардаси Жаржир мусулмонларнинг чодирига ҳужум қилиб, уларни қамалга олди. Унинг аскарларининг сони 120 минг, мусулмонларники эса 20 мингтани ташкил этар эди. 30 та отлиқ мусулмонлар билан Жаржирга томон отландилар. У томон шиддат билан илдамлар эдилар. Душман томон эса у кишини элчи деб ўйлаб, жойларидан жилмай туришар эди. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Жаржирнинг олдига бориб унга найза урди. Бошини узиб, найзасининг учига илдириб олдилар ва такбир айтдилар. Буни кўрган душман томон тим-тарақай бўлиб ҳар томонга қоча бошлади. Мусулмонлар шу куни ғалабага эришдилар;

*Саҳобалар билан бирга Қуръонни жамлашликл;ари ва кўчиришликлари. У кишини Усмон розияллоҳу анҳу Қуръонни кўчиришлик учун танлаган эдилар. Ёзилган Мусҳафларни чека шаҳарларга юборишдилар;

*Инсонларнинг у кишига ишонишликлари ва халифаликка сайлашлари. Язид ибн Муовия розияллоҳу анҳунинг вафотларидан сўнг Ҳижоз, Хуросон, Яман ва Ироқ аҳиллари мусулмонларга ҳалифаликка Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуга байъат бердилар. У киши ҳижрий 64-йил халифа бўлганлар;

*Ҳақ узра собитқадам туришлари. Ҳажжож Юсуф Сақафий томонга одамлар ўтиб кетиб, у кишини ёрдамсиз қолдиргач, оналари билан маслаҳатлашдилар. Оналари у кишига собитқадам туришлик ва ҳақдан ташқарига чиқмасликка буйирдилар. Агар ўлса ҳам ҳақ устида ўлишликка чқақирдилар.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг вафотлари.

Ҳажжож Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуни чоршанба куни ўлдирди ва Маккада у кишини осиб қўйди. У киши уч кун муддат осилиб туравердилар. Охири, ўғиллари Урва ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр Абдулмалик ибн Марвондан у кишини туширишликни сўрадилар ва ижозат олдилар. Ўша кунда у киши билан бирга 240 кишининг қони тўкилди. Ҳатто, Макка ичигача қонлар оқди.

Имом Нофеъдан ривоят қилинади: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Масжидул Ҳаром ва Ҳажун деган жой орасида бўлган пайтда Абдуллоҳ ибн Зубайр ўлдирилганига такбир айтилганини эшитдилар ва шундай дедилар: “Туғилганида такбир айтган зот ўлдирилганида такбир айтган кишидан энг афзал ва яхшидир”. Бу билан у киши қотилни золим эканликларига далолат қилганлар.

Аллоҳ таоло барча саҳобалардан шу қатори бизлардан ҳам рози бўлсин!


Киритилган вақти: 28/11/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 532
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/sahaba/masjid-kabutari
Чоп этилган вақт: 20/09/2019 00:51
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг