Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Қуръони каримда анжир ва зайтун ҳақида

 
 

Алло таоло: “Анжир билан қасам ва зайтун билан қасам” дея “Тийн” сурасида марҳамат қилган. Муфассир олимлар ушбу ояти каримдаги “тийн-анжир” ва “зайтун” сўзларини турлича изоҳ қилганлар. Қуйида тафсир китобларида ушбу сўзларга келтирилган шарҳларни тақдим этамиз.

Уламоларимиз ушбу оятдаги “анжир” ва “зайтун”дан мурод Шом ва Байтул Мақдис назарда тутилган, деб ҳам айтишган. Чунки, ўша вақтда анжир ва зайтун шу диёрларда кўп етиштирилган. Анжир ва зайтун зикр қилиниб, ундан кейинги оятда “Ва Тури Сийно билан қасам” дейилади. “Тур” Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга манашу тоғда гапирган тоғдир. “Сийно” дегани эса, баракали, мевали дарахтлари кўп, деган маънони билдиради. Кейинги оятда эса “Ва Мана бу эминлик юрти (Макка)  билан қасам” дейилди. Аллоҳ таоло учта нарса билан; анжир, зайтун ва Макка шаҳри билан қасам ичди. Ояти каримадаги “анжир” ва “зайтун”дан мурод Байтул Мақдис. Чунки у ерда бу нарсалар жуда ҳам кўп бўлган ва Ийсо алайҳиссалом у ерга пайғамбар қилиб юборилганлар. (“Тафсири Мунир” китобидан”).

          Анжир ва зайтундан мурод айнан шу меваларнинг ўзидир. Чунки, анжир Одам алайҳиссаломни жаннатда таналарини сатр қилган. Аллоҳ таоло Аъроф сураси 22-оятда “...ва ўзларига жаннат баргларидан тўсиқ тўқий бошладилар” деган. Бу барглар анжир дарахти барглари эди. Қолаверса, Аллоҳ таоло бандаларига берган иккита катта неъматини эслатаяпти. Чунки бу меваларнинг кўриниши чиройли, ҳиди ҳушбўй, инсонга жуда фойдалидир. Аллоҳ таоло зайтун билан қасам ичди. “Нур” сурасининг 35-оятида Аллоҳ таоло “муборак зайтун дарахтидан ёқиладир” деди. Бунда Иброҳим алайҳиссаломни мисолини келтирган. Шом аҳлини урф одати шундай бўлганки, улар зайтундан жуда кўп ишларида фойдаланишган. Таомларга қўшишган, даволанишда ишлатишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зайтун истеъмол қилинглар, уни танангизга суртинг. Чунки унда кўп фойдалар бордир” деганлар. (“Тафсири Қуртубий” китобдан).

          “Анжир билан қасам ва зайтун билан қасам”.

Аллоҳ таоло ушбу икки мева билан қасам ичди. Чунки, бу мевалар инсон дилини хира қилмайдиган мевалар сирасидандир. Ҳадисда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир лаган анжир ҳадя сифатида олиб келинди. У зот ундан еб, “Бундан енглар. Агар Жаннатдан мева туширилган деб айтсам мана шу мевани айтган бўлар эдим” деганлар. Зайтун меваси ҳақида эса “Зайтун дарахтидан бўлган мисвок қандай ҳам яхши. У оғизни хушбўйлатиб, касалликни кетказади” ва “У менинг ва мендан олдинги пайғамбарларнинг мисвок (оладиган дарахти)”, деганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бирор жойида қасам ичар экан, қасам ичилаётган нарсанинг улуғ нарса эканлигига далолат бўлади. Бу ерда ушбу меваларнинг фазилати шундаки, Аллоҳ таолонинг яратган нарсаси нақадар ажиб эканлигига далолат борлигидир. Зеро, ушбу икки кичик ҳажмдаги меваларда улкан-улкан фойдалар мавжуд. Егулик сифатида фойдалансак, ҳазм бўлиши осон. Даво сифатида фойдаланадиган бўлсак, табиатни юмшатади, балғамни кетказади, ўпка ва жигарни тозалайди, буйракдаги тошларни кетказади, семириш учун фойдали, жигар ва талоқни яхшилайди.

          (Имом Насафийнинг “Тафсирул Насафий” ва Имом Замахшарийнинг “Ал-Кашшоф” асарларидан).

 

Абдуссамиъ Хайруллоҳ тайёрлади (Тошкент ислом институти талабаси).


Киритилган вақти: 13/08/2019 15:35;   Кўрилганлиги: 1773
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/quroni-karimda-anjir-va-zaytun-haqida
Чоп этилган вақт: 25/04/2024 13:00
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг