Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Бошқа мавзулар

Ўн машҳур қироат

 
 

“Қироат” сўзи луғатда “ўқимоқ”[1] деган маънони англатади. Истилоҳий маънода эса қироат – Қуръон ўқиш илми имомларидан бирининг Қуръон ўқишда нақл ва ривоятга асосланган ҳолда бошқа имомлардан ўзгача йўл тутиши, қироат қилишидир. Бошқача қилиб айтганда, бирор қироат имоми томонидан йўлга қўйилган маълум ҳарфларнинг тартибли равишдаги жамланмаси қироат деб айтилади[2].

Қуръони карим даставвал бир хил суратда нозил этилар ва қироат қилинар эди. Мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилишгач, кўплаб араб қабилалари Исломга кира бошладилар. Янги мусулмон бўлганларнинг Қуръон ўрганишларида маълум қийинчиликлар юзага кела бошлади. Ўзлари ўрганган лаҳжаларига зид равишда Қуръон калималарини талаффуз қилишда уларга машаққат пайдо қилди. Шу боис, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан улар учун енгиллик беришини сўраб илтижо қилдилар. У Зотнинг дуолари сабаб бўлиб, Аллоҳ таолонинг азалий иродаси юзага чиқди: Қуръони каримни бир неча ҳарфда – суратда ўқишга ижозат бўлди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Жаброил менга бир ҳарфда қироат қилдирди. Мен унга мурожаат қилиб, зиёда этишини сўрайвердим, у зиёда қилиб бораверди, ниҳоят, етти ҳарфгача етди”, дедилар” (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида саҳобалар ичидан Қуръон қироатида моҳирлар, энг пешқадамлар етишиб чиқди. Жумладан, Убай ибн Каъб, Абдуллоҳ Ибн Масъуд, Зайд ибн Собит, Абу Мусо Ашъарий, Усмон ва Али розияллоҳу анҳум ана шундай саҳобалардан эдилар. Булардан ташқари, яна бир қанча саҳобалар Қуръон қориси ўлароқ ном чиқарган эдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин саҳобаи киромлар ўзларига маълум бўлган, Расул алайҳиссаломдан таълим олган сура ва оятларни ўзлари ўрганган суратда кейинги авлодга, яъни тобиъийнларга етказдилар. Уларнинг ичида Қуръон қироатини ўрганишга бел боғлаган кишилар ажралиб чиқдилар. Мана шу аснода секин-аста қироат мадрасалари шакллана бошлади. Шу билан бирга, қироат мазҳаблари ҳам юзага чиқиб, айрим устозлар маълум бир усулда ўқиш ва ўқитиш билан танилдилар. Улар саҳобаи киромлардан олган таълимотларини тартибга солиб, услубларини бирлаштира бошладилар. Натижада, уларнинг ҳар бирида ўзига хос қироат услуби пайдо бўлди.

Натижада, ўша даврда Ислом оламида илм-маданият ўчоғи бўлиб турган шаҳарларда баъзи қироат илми мутахассислари, пешволари кўзга ташлана бошлади.

Тобиъийнлар ичида Қуръон ўқиш ва ўқитиш бўйича ана шундай фаолият олиб борганларнинг энг машҳурлари:

Мадинада Ибн Мусайяб, Абу Жаъфар, Нофеъ, Сулаймон ибн Ясор, Ато ибн Ясор, Абдурроҳман ибн Ҳурмуз, Ибн Шиҳоб Зуҳрий, Зайд ибн Асламлар,

Маккада Убайд ибн Умайр, Ато ибн Абу Рабоҳ, Товус, Мужоҳид, Куфада Алқама, ал-Асвад ибн Язид, Масруқ, Убайда, Амр ибн Шурҳабийл, Ҳорис ибн Қайс, Амр ибн Маймун, Абу Абдурроҳман Суламий, Саид ибн Жубайр, Иброҳим Нахаий ва Шаъбий, Басрада Абу Олия, Наср ибн Осим, Яҳё ибн Яъмур, Ҳасан, Ибн Сийрин, Қатода ва бошқалар эди.

Бу жараён табаъа тобиъийнлар даврида янада ривож топди ва маълум бир қироат услубини танлаб, шу бўйича машҳур бўлган олимлар етишиб чиқди. Ушбу икки табақада энг кўзга кўринганлари қироат имомлари ўлароқ саҳнага чиқдилар.

Иккинчи ҳижрий асрга келиб, қироат турлари кўпайиб, одамларда уларни ўзлаштириш машаққати пайдо бўлди. Шу билан бирга, саодат замонидан узоқлашилган сари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган қироатларга бошқаларнинг дахл қилиши, кимдир чиқиб, ўзича бирор қироатни тўқима равишда нақл қилса, уни ажратиш мушкул бўлиб қолиши эҳтимоли пайдо бўлди. Буни сезган уламолар қироатларни ровийлари билан хатга тушириб, қайдлай бошладилар. Улар бунда ўша даврда Ислом ўлкаларида энг машҳур бўлган ва одамларга ушбу соҳада пешво бўлган қироат устозларининг қироатларини танладилар. Бу борада биринчи бўлиб китоб ёзган киши Абу Убайд ибн Саллом, ундан кейин Ибн Жарир Табарийдир.

Учинчи ҳижрий асрга келиб, кишиларга Қуръон қироатларини ўрганишни осонлаштириш учун мавжуд қироатлар ичидан маълумларини танлаш зарурати туғилди. Бу борада барчанинг таҳсинига сазовор бўладиган ишни буюк имом, Ибн Мужоҳид номи билан шуҳрат қозонган олим Абу Бакр Аҳмад ибн Мусо ибн Аббос ибн Мужоҳид Тамимий амалга оширди. У киши ўз даврида илмий марказ бўлиб турган йирик шаҳарлардан бир-­иккитадан қироат устозларини, жами еттита қорини танлаб, уларнинг қироатларини мутавотир санадлар асосида нақл қилиб, ўзининг машҳур “Ас-сабъа” (“Еттилик”) китобида қайд этди. Мадина қорилари ичидан Нофеъни, Маккадан ибн Касир, Басрадан Абу Амр ибн Ало, Шомдан ибн Омир, Кўфадан Осим, Ҳамза, Кисоийни танлади ва уларни китобда мана шу тартибда – шаҳарлар тартиби бўйича келтирди. Имом Мужоҳид қориларни танлашда уларнинг ичида илму тақвоси, омонати билан танилган, қироатларни ва араб тилини пухта ўзлаштирган, мусулмонлар оммаси томонидан бу борада пешво деб тан олинган, ўз даврида ўша диёрларда қироатда биринчи рақамли устоз бўлган ва шу мақомда энг узоқ фаолият олиб борган кишиларни танлаган эди.

Қориларнинг қироатини улардан таълим олган шогирдлари ривоят қилган. Одатда, уларнинг қироатини нақл қилишда ўша ровийларга суянилади. Ибн Мужоҳид ҳар бир қори учун унинг қироатини ривоят қилганлар ичидан иккитадан ровийни танлади ва бунда ҳам қориларни танлашдаги шартига амал қилди. Шу билан бирга, у танлаган ровийларнинг ҳаммаси ҳам устозидан кейин унинг ўрнида Қуръондан таълим берган, унинг қироатини энг пухта ўзлаштирган шогирдлар эди. Асарнинг ушбу имтиёзлари унинг Ислом оламида тезлик билан кенг тарқалишига, барча томонидан катта эътибор билан қабул қилинишига сабаб бўлди ва одамлар бошқа қироатлардан кўра ўша етти қироатга кўпроқ эътибор берадиган бўлдилар.

Мазкур етти қироат борасида битилган нодир асарлар омманинг ўша қироатларга кўпроқ эътибор қаратиши, уларни ўрганишга интилиши натижасида бошқа қироатлар эътибордан четлашиб, унутилиб кетиши хавфи туғилди. Чунки улар хусусида етти қироатга бағишланган китоблардек қулай қўлланмалар йўқ эди. Уларнинг бири саккиз қироат ҳақида ёзилган китобда акс этган бўлса, бошқаси яна бир қайсидир асарда қайд қилинган эди. Бу эса уларни ўрганишни қийинлаштирарди. Бу борада қироат соҳасида беназир олим имом Шамсуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Жазарий мазкур етти қироатдан ташқари уларнинг даражасидаги яна учта мутавотир қироатни аниқлаб, санадларини келтириб, уларни қироат мадрасаларида қайта саҳнага олиб чиқишни ният қилди. Имом Жазарий келтирган мазкур уч қироат Абу Жаъфар Маданий, Яқуб Хазрамий ва Халаф ибн Ҳишомларнинг қироатларидир.

Ҳозирда дунёда мана шу ўн қироат машҳур бўлиб, мутахассислар томонидан ўрганиб, ўзлаштирилиб, толибларга таълим бериб келинмоқда. Уларнинг барчаси тавотур – ёлғонга келишиб бўлмайдиган даражада кўп ададдаги кишилар ривоят қилиши натижасида ҳосил бўлган силсила орқали нақл қилинган. Бунга бутун Ислом уламолари иттифоқ қилганлар. Зеро, уламолар Қуръон фақат тавотур билан собит бўлади, оҳод – якка шахсларнинг ривояти билан собит бўлмайди, дейишган. Шу боис, Ҳасан Басрий, Ибн Муҳайсиний каби тобиъийнлар нақл қилган қироатлар оҳод ривоят бўлгани учун тиловат қилиш учун қабул қилинмаган.

“quran.uz” сайти маълумотлари ва манбалар асосида

Қуръоншунослик шўъбаси раҳбари Усмонхон Муҳаммадиев тайёрлади

Манба: http://www.bukhari.uz

[1]О.Нсиров ва бошқалар. Ан-Наим. Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти. – Тошкент. 2003 йил Б.:655

[2]Одина Муҳаммад Содиқ. Муфассал тажвид. Ҳилол Нашр. –Тошкент 2014 йил. Б.:9


Киритилган вақти: 08/04/2019 00:00;   Кўрилганлиги: 389
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/others/on-mashhur-qiroat
Чоп этилган вақт: 24/10/2019 08:17
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг