Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Осуда ҳаётимиз посбонлари.

 
 

          Расулуллоҳ (соллоллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: Икки кўз (соҳиби) дўзах оловида куймайди. Бири-Аллоҳдан қўрқиб тунда йиғлаган кўз. Иккинчиси-Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилган кўз". (Имом Термизий).

         Тинчлик бебаҳо неъмат, осуда яшаш саодат. Юрт ободлиги халқ фаровонлиги. Ҳозирда эришган улкан ўзгаришлар ва келажакдаги буюк тараққиётлар айнан мана шу тинчлик ва осудалик сабабидан юзага келади. Шу боисдан ҳам мустақилликнинг илк даврлариданоқ Ўзбекистон Қуролли кучларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратди. Бугунги кунга келиб эса замонавий, ихчам ва ҳар томонлама қуролланган жисмоний ва интелектуал билимга эга, юртимиз сарҳадларини ҳар қандай ташқи хавфдан ҳимоя қиладиган миллий армиямиз шаклланди. Инсонга икки нарсани танлаш имкони йўқ. Бири ота-она, иккинчиси Ватан. Шу сабабдан ҳам ота-она қанча мухтарам ва маҳбуб бўлса, Ватан ҳам шунчалар азиз ва муқаддас саналади. Шу сабабдан ҳам инсон юртидан олис кетса уни соғинади, юртини ободлиги учун жонини куйдуриб меҳнат қилади, яхши кўриб уни барча ёмонликлардан ҳимоя қилади. Юртининг ҳимояси йўлида қалблари садоқату шижоатга тўла, оғир аммо ўта шарафли бу касб эгаларига улкан ажр ва савоблар ваъда қилинган. "Расулулло (соллоллоҳу алайҳи васаллам) : Аллоҳ йўлида бир кеча қўриқчилик қилиш минг кеча рўза тутиш ва минг кеча қоим туришдан яхшидир " дея марҳамат қилганлар (Имом Аҳмад ва имом Табороний ривояти). Бу касбга хиёнат этиш кечириб бўлмас, гуноҳи азийм эканлиги ҳам динимизда қаттиқ таъкидланган. Абу Ҳурайра (розиёллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллоллоҳу алайҳи васаллам) :Ҳалокатга етакловчи амалдан сақланинглар деганларида, саҳобалар: Ё Аллоҳнинг расули улар нима дейишди. Шунда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): Аллоҳ таолога ширк келтириш, сеҳр-жоду қилиш, ноҳақ бировни ўлдириш, судхўрлик, етимнинг ҳаққини ейиш, ватан ҳимояси йўлидан қочиш, иффатли мўъмина аёлларга туҳмат қилишдир"- дедилар".

Ватан ҳимоясидагилар Аллоҳнинг амрини адо этаётган, нақадар шарафли, ҳавас қилишга, фахрланишга арзийдиган инсонлар ҳисобланади

Шайх Муҳаммад Ғаззолий ватан хақида бундай деганлар: "Инсон ўз ерини ундаги нарсалари билан, гарчи у жой одам яшамайдиган саҳро бўлса ҳам, севади. Ватанни севмоқлик қалбдаги асл, туғма табиатдир. Туғма табиат  инсонни ватанида яшаб турганида хотиржам, ундан йироқда бўлганида соғинадиган, унга ҳужум бўлганида ҳимоя қиладиган, унга ҳурматсизлик қилганида ғазабланадиган қилиб қўяди".

14-январ Ватан ҳимоячилари куни. Азиз юртимиз осудалиги, халқимиз тинчлиги, аждодлардан мерос бўлиб қолган маънавий-моддий бойликларимиз ҳимоячилари-ватан посбонлари, шижоатли ўғлонларимиз касб байрамингиз муборак бўлсин. Аллоҳ Таоло сизнинг шарафли ва савобли ишларингизда Ўзи мададкор бўлсин!

Нуруллоҳ ўғли Насруллохон - Пастдарғом туман “Чандиробод” жоме масжиди имом-хатиби 

 


Киритилган вақти: 13/01/2020 10:00;   Кўрилганлиги: 1040
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/osuda-hayotimiz-posbonlari
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 14:50
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг