Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Масжидлар Аллоҳникидир

 
 

Аввало масжидга бораётган киши ниятни холис қилмоғи лозим:

“Бас, Аллоҳга динни холис қилган ҳолингизда ёлборинг” (Ғофир, 14-оят).

“Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга, Унинг динигагина ихлос қилишга, бошқа динларга мойил бўлмасликка, намозни тўлиқ ўқишга, закот беришга буюрилган эдилар. Ана шу тўғри миллатнинг динидир” (Баййина, 5-оят).

“Ва, алабатта, масжидлар Аллоҳникидир. Бас, Аллоҳдан бошқага дуо қилманг (Жин, 18-оят).

Демак, масжидга ниятни холис қилган ҳолда Аллоҳ таолога ибодат ва дуо қилиш учун, Унинг зикри, жамоатнинг фазли учун борилади.

Масжидга борадиган одам масжид Аллоҳнинг уйи эканини доимо ёдда тутсин.

Масжид одоболаридан яна бири масжидга муҳаббат қўйиш, уни эҳтиром қилиш ва эьзозлашдир.

Масжидга намоз ўқиш учун кетаётганда виқор ва сокинлик билан, шошилмасдан, бачкана ҳаракатлар қилмай, қалбда хушуь билан борилади.

Масжидга киришдан олдин қўл телефонларини овозсиз қилмоқ ва масжидга кирганда ўнг оёқ билан кириб, масжиддан чап оёқ билан чиқилди. Масжидга кираётганда “Бисмиллаҳ, саламун ала Росулиллаҳ, Аллоҳуммафтаҳ лий абваба роҳматик” дуоси ўқилади. 

Масжидга кирганда дунё ишларини иложи борича масжидда сўзлашмаслик лозим, чунки Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Масжидда гапирилган дунёвий гап (қадам босиб келган) савоб амалларини барчасини ейди, олов ўтинни егани каби” деб масжидда дунё ишлари билан заруратсиз ҳолда машғул бўлмасликка буюрганлар.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз масжидга кирса, ўтиришдан олдин икки ракаьат намоз ўқисин”, дедилар”.

         Масжидлар намоз ва зикр учунгина қурилган. Аллоҳ таоло “Тавба” сурасида марҳамат қилади:

“Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закот берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилур. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлсалар”. (18-оят).

         Мазкур масжид одобларига риоя қилиш билан мўмин банда Аллоҳ таолонинг розилигини топиб, ибодатлари қабул даражасига етса ажаб эмас. Аллоҳ таолонинг уйини эҳтиром ва эъзозлаш, ундаги мулкни асраб-авайлаш, бу улуғ даргоҳнинг ходимлари-ю, меҳмонларини ҳурмат қилиш ҳар бир мўмин-мсусулмонга хос амаллардандир. Дарҳақиқат, бу кўрсатмалар асрлар оша халқимизнинг миллий қадриятларига айланиб улгурган одоблар сирасига киради.

Мана, сўнги вақтларда юртимиз масжидларига катта эьтбор берилиб, кўп масжидлар қайтадан қурилиб, бошқалари  замон талабига мос равишда қайтадан таъмриланиб фойдаланишга тоширилмоқда. Шу билан бир қаторда бизнинг “Кичик Килдон” масждимизнинг ҳам жамоа, маҳалла фаоллари ва ҳомийлар томонидан  ички ва ташқи томони ва таҳоратхона бутунлай замон талабига мос келадиган даражага келтирилиб, фуқароларимиз эмин-эркин ўз ибодатларини бажариб келмоқдалар. Барчамизнинг ибодатларимизни Аллоҳ қабул қилсин, масжид ободлигига ҳисса қўшганларни ажру-мукофот билан сийласин.

Фахриддин ҚОДИРҚУЛОВ – Булунғур туман “Кичик Килдон” жоме масжиди имом хатиби 


Киритилган вақти: 30/11/2019 13:49;   Кўрилганлиги: 252
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/masjidlar-allohnikidir
Чоп этилган вақт: 27/05/2020 02:24
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг