Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Луқмони Ҳакимнинг ўғлига насиҳатлари

 
 

Эй ўғлим, Аллоҳга ширк келтирма! Чунки ширк энг катта гуноҳдир. Одамларга юзингни буриштирма. Ҳеч қачон кеккайиб, керилиб юрма. Чунки Аллоҳ такаббур ва мақтанчоқ кимсаларни яхши кўрмайди. Ерга қараб вазминлик билан юргин ва ҳеч қачон овозингни баланд кўтарма!

Эй ўғлим, саломатлик бебаҳо бойлик, гўзал ахлоқ беқиёс неъматдир. Катталар билан гаплашаётганингда ҳар бир сўзингга эҳтиёт бўл. Қариндошлар билан алоқани узма. Бекорчи ва бемаъни одамлар олдида ўтирма. Ўзингдан катталар билан ҳазиллашма.

Ўғлим, имкон қадар уруш-жанжалдан сақлан! Дунё ишлари учун ортиқча ғам ема. Ёшлигингни ғанимат бил ва илм соҳиби бўлган кишилар билан маслаҳатлаш. Қайғуга ботма, ғамгин бўлма. Одамларнинг қўлидаги нарсаларга кўз тикишдан сақлан. Тақдирга рози бўл. Ўзингга берилган ризққа қаноат қил. Ўзингдан-ўзинг беҳуда ғамгин бўлма. Хафагарчилик билан қалбингни банд этма.

Эй ўғлим, аввало ўзингга насиҳат қил. Бошқаларга тавсия қиладиганларингга аввал ўзинг амал қил. Билиминг ва ҳолингга қараб сўзла. Сукут қилсанг, пушаймон бўлмайсан. Сўз кумуш бўлса, сукут олтиндир. Катталар билан тортишма. Мусибатга сабрли, кишилар олдида камтар бўл.

Ўғлим, ёлғон гапиришдан жуда эҳтиёт бўл. Чунки ёлғон динингни бузади ва одамлар олдида обрўйингни тўкади. Натижада эътибор ва даражангни йўқотасан. Очиқ чеҳрали, тўғри сўзли бўл. Саломлашишга одатлан.

Эй ўғлим, оз мол-дунё оқилона сарф-харажат ва тадбир билан кўпаяди. Кўп мол-дунё беҳуда сарф-харажат оқибатида камаяди. Қаноатли бўлсанг, дунёда сендан бой одам бўлмайди.

Эй ўғлим, меъдангни овқатга тўлдирма. Акс ҳолда ақлинг, фаҳм-фаросатинг ноқис бўлади. Ошқозон тўлса, фикр ухлайди, ҳикмат сукутга кетади, аъзолар ибодатдан қолади.

Эй ўғлим, ишларингда фақат олимлар билан маслаҳатлаш. Олим жоҳилни билади. Чунки у аввал жоҳил эди. Жоҳил олимни билмайди. Чунки у олим бўлмаган.

Ўғлим! Яхшиликни унинг қадрига етадиганларга қил. Бўри билан қўй орасида дўстлик бўлмаганидек яхшилик соҳиблари билан гуноҳкор кимсалар орасида дўстлик бўлмайди. Дунёда тоат-ибодатларга ҳам ғайрат қилки, охиратда сенга йўлдош бўлсин. Дунёни батамом тарк этма. Ҳалолидан ризқ ишлаб топки, ҳеч кимга муҳтож бўлмайсан.

Эй ўғлим, ҳасад қилма, бировлар орқасидан ёмонлама. Агар сенга ёмонлик қилсалар кечиримли бўлгин, яхшилик кўрсанг шукр қилгин, офат ва балоларга дуч келганингда сабр қилгин. Ғайрликдан, кўра олмасликдан ҳазар қил, касалмандлар зиёратини канда қилма, ўтганларни ёмон сифатлар билан эслама.

Фарзандим, сўзни юмшоқ сўзла, қаттиқ сўзлама, аҳмоқларни, жоҳилларни сукут билан кутиб ол. Вақтингнинг кўпини сукут билан ўтказ. Тафаккурдан холи бўлмаки, тилинг балосидан қутуласан. Сукут саломатлик эшигини очувчи ягона калитдир. Ўзингдан катталар билан тортишма ва уларга қайсарлик қилма. Ўзингдан кичкинага паст назар билан қарама. Гапирмоқчи бўлганингда яхшилаб ўйлаб гапир. Ҳеч ким “уф” демасин.

Ўғлим, ёзда сойдан, қишда кўзадан сув ичма. Очкўзлик баданнинг энг катта душманидир, иштаҳасизлик ҳам шундай. Ювингач маълум муддат ўраниб ётиш керак. Овқатдан сўнг юриш керак. Оёғингни иссиқ тут, бошингни салқин...

Эй ўғлим, бировга яхшилик қилган бўлсанг, яхшилигингни айтиб, уни уялтирма камситма. Бировга ичирган ва едирганингни миннат қилиб, заҳарга айлантирма! Эвазига нарса кутиб қилинган яхшилик яхшилик ҳисобланмайди, балки у оддий олди-бердидан иборат, холос.

ЎМИ - Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати


Киритилган вақти: 13/01/2020 16:36;   Кўрилганлиги: 1018
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/luqmoni-hakimning-ogliga-nasihatlari
Чоп этилган вақт: 18/04/2024 16:35
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг