Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ИЙМОН ВА ХАМР БИР ҚАЛБДА ЖАМ БЎЛМАС

 
 

Маълумки, Ҳақ таъоло инсон зотини коинот миқёсида мукаррам зот қилиб яратгандир. Борлиқдаги бутун мавжудотларнинг инсонга мусаххар қилинганлиги исломнинг илоҳий манбаларида кўп бора зикр қилинган. Шундай экан, одамзот Аллоҳ томонидан кўрсатилган бу эҳтиром ва икромга ҳар жиҳатда лойиқ бўлишга масъулдир. Бунинг ҳам йўллари, аввало, Аллоҳ таъолонинг Ўз каломида, қолаверса пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.нинг суннати санияларида аниқ ва равшан қилиб кўрсатиб берилгандир.

Ҳамма замонларда бўлгани каби бугунги кунимизда ҳам инсонлик шаънига доғ туширадиган, ҳам Яратганнинг, ҳам бандаларнинг назаридан қолдирадиган иллатлардан бири ичкилик дардига мубталоликдир. Биз уни бежизга дард демадик. Дарҳақиқат, бу иллат баъзилар ўйлаганидек ҳаётни гўзаллаштирадиган “неъмат” эмас, балки дарддир. Зоҳиран одамга лаззат ва баъзан шифо бағишлагандек кўринса-да, аммо унинг инсонга ҳам маънавий, ҳам жисмоний зарарини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.

Бандасига нима фойдаю нима зарарлигини яхши билгувчи Ҳақ таъоло ҳам бежизга Ўз каломида мазкур иллатнинг зараридан огоҳлантирмаган. Жумладан, Қуръони каримнинг “Моида” сурасининг 90-оятида шундай марҳамат қилинади:

“Эй иймон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликлардирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз”.Оятда тилга олинган “хамр” сўзи инсонни маст қиладиган, бўшаштирадиган барча нарсаларнинг умумий номи ҳам деб тафсир қилинади. Ҳақ таъоло шу оят билан маст қилувчи нарсаларни бандаларига узил-кесил ҳаром қилган ва ундан четланишни ножот йўли деб таъкидланган. Қуръони карим тафсирларида ёзилишича, мазкур оят нозил қилинганида мусулмонлар ичиб турган ва сақлаб қўйган шаробларини ҳеч ўйлаб ўтирмасдан тўкиб юборган эканлар, ҳатто Мадина кўчаларида шароб ариқ бўлиб оққан экан.

Инсонларнинг энг афзали Пайғамбар с.а.в. ҳам ўзларининг ҳадиси шарифларида ичкиликнинг ёмон оқибатларига кўп бора урғу бериб, уни “ёмонликларнинг онаси” деб атаганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бу дунёда хамр ичган бўлса-ю, кейин тавба қилмаган бўлса, охиратдагисидан маҳрум бўлади”, дедилар”.(Бухорий ривояти).Ислом динининг бу икки бош масдари – манбасида ичкиликка муносабат бу каби салбий бўлгани ҳолда ўзини мусулмонман деб атаган инсонга ҳеч бир ҳолат билан лойиқ эмаслигини таъкидлашга зарурат йўқдир.

Мусулмон минтақа адабиётининг вакили Ҳазрат Мир Алишер Навоий ҳам ўз асарларида бу масалага доир бир қатор ибратга лойиқ мулоҳазаларни ўртага ташлаган. Булар назардан кечирилганда ичкиликнинг инсонга кўрсатадаган зарари борасида Навоийнинг ҳам фикрлари илоҳий манбаларга ҳамоҳангдир. Масалан, шоир бир ғазалида шундай ёзади:

         Эй Навоий, ақлу дин яғмо қилур даврон майи,

         Чиқ равон бу базмдин филжумла ҳушунг борида.

Яъни Навоий ичкилик инсоннинг ҳам ақли, ҳам динини талон-тарож қилишидан огоҳлантириб, эс-ҳушнинг борида бундай базмларни дарҳол тарк этишга ундайди. Ёки ўзининг “Ҳайрат ул-аброр” номли асарида маст қилувчи ичимликни “жаҳл майи”, яъни илмсизлик майи деб таърифлайди ва сел худди уйни вайрон қилгани сингари, маст қилувчи май ҳам одам танасини хароб қилади, шу боис май жисм “уйи”нинг бало сели, балки жон, балки иймоннинг ҳам офатидир, дейди. Дарҳақиқат, сел ҳам уйни вайрон қилиб уй аҳлини ундан қувиб чиқарганидек, майнинг иши ҳам худди шундай – қалбдан иймонни сиқиб чиқаради. Иймон ва майнинг бир қалбда ҳеч қачон жам бўлмаслигига ишорадир.

Демак, хамр (маст қилувчи ҳар қандай нарса) инсоннинг жисмига зарар етказиб, замонавий тиббиёт орқали текширилганда ички организм, жумладан, ўпка, жигар каби аъзоларнинг зарарланиши, кўзнинг хиралашуви ва жисмнинг ҳам заифлашувига олиб келади. Инсонни ҳам моддий, ҳам маънавий қашшоқликка, разолатга ва ҳалокатга олиб боради.

Ҳаётга ҳам назар ташлайдиган бўлсак, оиладаги эр-хотин ўртасидаги келишмовчилик, ажрим, ота-бола ва ака-укалар ўртасидаги меҳр-оқибатнинг йўқолиб боришига сабаб бўлаётган нарса ҳам ичкиликка мубталолик иллатидир.

Жамиятдаги турли жиноятлар – зулмкорлик, зўравонлик, шунингдек, автоҳалокатларнинг ҳам илдизи шу иллатга бориб тақалиши сир эмас.

Ҳазрат Навоий ҳам ичкиликка берилган бандаларни тавбага ундайди, уни олдинда хатарли оқибат кутиб турганини эслатади, хатарли оқибатки, охир нафасда иймонсиз кетиш, охиратдаги насибасидан маҳрум бўлиб Ҳақнинг назаридан қолишдир:

         Тавба эрур журмға топмоқ вуқуф,

         Оллидағи йўлини кўрмоқ махуф.

 Бу мисолларда ичкилик етказадиган ҳам моддий, ҳам маънавий талофатлар яққол, таъсирли мисоллар орқали англатилган. Ақлини ишлатган, ибрат назари очиқ кишилар ундан ўрнак оладилар, албатта.

Ушбу мухтасар мақоламизда кўтарилган масала, воизлар, уламолар томонидан минг йиллар давомида тўхтовсиз айтиб, уқтириб келинган бўлса-да, муаммонинг ўта долзарблиги боис, жамиятимиздан бу сингари иллатлар тамоман йўқолиб битмагунича уни қайта-қайта айтишдан чарчамаслик лозим.

Иброҳимхон ИБОДУЛЛАЕВ - Тойлоқ тумани "Гадой қушчи" жоме масжиди имом хатиби

 


Киритилган вақти: 14/01/2020 15:41;   Кўрилганлиги: 67
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/iymon-va-xamr-bir-qalbda-jam-bolmas
Чоп этилган вақт: 25/01/2020 00:29
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг