Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ҲАЖДАН КЕЙИНГИ АМАЛЛАР

 
 

Аллоҳ таолога беадад ҳамд ва шукроналар бўлсинки, ҳижрий 1440 йилнинг ҳаж мавсуми тинчлик-хотиржамликда ниҳоясига етди. Юртимиздан муборак сафарга борган етти мингдан зиёд ҳожи ота ва ҳожи оналар исломнинг бешинчи рукнини адо этиб, соғ-омон юртимизга қайтиб келдилар. Ҳаж мавсуми сўнгидан янги 1441 йилни ҳам қарши олдик.

"Ҳожи" деган мақомга эга бўлиш ўз ўрнида кишининг зиммасига кўплаб масъулият юклайди. Бу мақом соҳиблари ўзларини муносиб тутишлари ва ҳаётларининг давомини покиза ўтказишга интилишлари лозимдир. Зеро, халқ уларнинг сиймосида ислом номини кўради. Шунга биноан, муборак ҳаж амалини адо этиб қайтганлар қуйидагиларга эътибор қаратишлари мақсадга мувофиқ:

  1. Барча амалларни ихлос билан, Аллоҳ розилиги учун қилиш. Ҳаж қилишдан мурод биринчи навбатда зиммадаги фарз амални бажариш ва Аллоҳнинг розилигини топишдир. "Ҳожи" деган номга эга бўлиш ёки одамлар орасида обрў қозониш учун бу ибодат амалга оширилмайди. Шундай бўлгач, ҳаждан кейин ҳам ҳар битта иш Аллоҳ розилиги ва жамият фойдаси учун қилинади. Бу ҳақда Қуръони каримда: "Ҳолбуки, фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга, Унинг динигагина ихлос қилишга буюрилган эдилар", ("Баййина" сураси, 5-оят) "Айтинг: "Албатта, намозим, ибодатим ва ҳаёту мамотим оламлар Рабби бўлмиш Аллоҳ учунди", ("Анъом" сураси, 162-оят) дейиш билан Аллоҳга ихлос қилиш ва барча ишлар Унинг розилиги учун бўлишига буюрилган.
  2. Дуо, ибодат ва яхшиликларни кўпайтириш. Мабрур ҳажнинг белгилари бор. Ҳаж қабул бўлганининг аломати сафардан қайтгандан кейин ҳожининг дуо ва ибодатларни, яхшилик ва мурувват ишларини кўпайтиришидир. Ҳасан Басрийдан "Мабрур ҳаж нима?", деб сўралганда: "Ҳаждан дунёга қизиқишинг камайиб, охиратга рағбатинг ошган ҳолда қайтмоғингдир", деб жавоб берган экан. Ҳожи яхшиликларни кўпайтириш баробарида атрофдагиларни ҳам хайрли ишларга ундаши, гуноҳ ишлар, жиноятлардан қайтариши лозим.        

Ҳаж қилиш давомида талбия айтган киши ҳамиша ва ҳар жойда Аллоҳнинг чақириғига лаббай деб жавоб бераман, деб ваъда беради. Зеро, талбия "Лаббай Сенга Аллоҳим, лаббай! Сенга лаббай! Сенинг шеригинг йўқ, Сенга лаббай! Албатта, ҳамд ҳам, неъмат ҳам, мулк ҳам Сеникидир! Сенинг шеригинг йўқдир!" маъносида бўлиб, бу Аллоҳим сенга ҳамиша итоат қиламан, буйруғингга бўйсинаман деганидир. Байтуллоҳнинг олдида эҳром ман қилган ишлардан тийилган киши шуни англаши керакки, энди ҳаёти давомида ҳам қайтарилган ишлардан тўлиқ қайтишга, гуноҳга сабаб бўлувчи ишлардан сақланишга масъулдир. Бу Аллоҳнинг ҳукми бўлиб, Қуръонда: "Булар (айтилган ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларга яқинлашмангиз!" ("Бақара" сураси, 187-оят) деб таъкидланган.

  1. Тақвони маҳкам ушлаш ва истиқомат (динда оғишмай, тўғри туриш, тоатда устувор бўлиш). Аллоҳ таоло ҳаж ҳақидаги оятларда ҳожини роббисига яқинлаштирадиган боис "тақво" эканини эслатади ва ушбу оятда ҳажнинг энг олий мақсади ва фойдаси тақво ҳосил қилиш эканига ишора қилади: "(Гап) шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) дилларнинг тақвосидандир" ("Ҳаж" сураси, 32-оят), "Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас.Лекин у Зотга сизлардан тақво етар" ("Ҳаж" сураси, 37-оят)

Ҳаж қилиш асносида маҳкам тутиш лозим бўлган ушбу тақво кейин ҳам ҳожининг ҳаёт йўли бўлмоғи ўта муҳим. Ҳаждан кейинги ҳаёт диннинг буйруқларига тўлиқ амал қилиш ва қайтариқларидан тўла қайтиш ила сайқалланиши керак. Оятларнинг бирида: "....ҳаж давомида хотинига яқинлашиш, гуноҳ-маъсият ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ", дейилган бўлиб, бу қайтариқларга амал қилиш баробарида нафсимиз ҳам тарбияланиб боради. Ҳадисда зикр этилган "Мўмин таҳқирловчи, лаънатловчи, фаҳш сўзловчи ва сўконғич бўлмайди"(Имом Термизий ривояти) каби сифатлар соҳиби бўламиз.

Истиқомат масаласига келсак, бу тақводан кейин маҳкам ушлаш лозим бўлган жиҳатдир. Ҳадисда айтилишича, Суфён ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: " Ё Расулуллоҳ, менга исломдаги бир сўзни айтингки, Сиздан бошқа бирортасидан уни сўрашимга ҳожат қолмасин”, деди. Шунда у зот: " Аллоҳга имон келтирдим, деб айт ва сўнгра истиқоматда бўл”, дедилар"(Имом Муслим ривояти). Ҳасан Басрий истиқоматни “Аллоҳнинг буйруқларида истиқомат қилганлар Унинг тоати йўлида амал қилганлар, Унга гуноҳ қилишдан сақланганлардир”, деб шарҳлаган. Шу бошқа тарифларни умумийлаштириб истиқоматни Аллоҳга ҳеч бир нарсани шерик қилмаслик, амалларнинг холис Аллоҳ учун бўлиши, солиҳ амалларда бардавом бўлиш, гуноҳдан сақланиш, деб тушиниш мумкин. Истиқоматда туришнинг мукофоти жаннат бўлиб, бу ҳақда Қуръонда "Албатта: "Раббимиз – Аллоҳ", – деб сўнгра тўғри бўлган зотлар ҳузурига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар): "Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз!", деб мужда берилган.

  1. Давомий шукр. Аллоҳ таоло ҳаж ва қурбонлик қилиш ҳақидаги оятларда шукрга алоҳида урғу бериб, "Шукр қилишингиз учун Биз уларни (чорва молларини) сизларга буйсундириб қўйдик", ("Ҳаж" сураси, 36-оят) деган. Уламоларимиз эса ибодатнинг шукри яна шунча ибодат қилиш билан бўлади, деганлар. Яъни, Аллоҳ бизга бир ибодатни неъмат ўлароқ насиб қилса, унинг шукри учун биз яна ибодатда бардавом бўлишимиз керак.

Ҳажнинг шукри намоз, рўза, закот, нафл ибодатлар, садақалар, силаи раҳм, кишиларга ғамхўрлик қилиш, ёш авлод тарбияси, тинчлик-хотиржамлик учун курашиш сингари ишлар билан адо бўлади. Негаки шукр фақат тилда эмас, балки амалий ҳаракат ҳосиласидир. Бу Қуръонда "(Эй) Довуд оиласи! (бу неъматларнинг) шукронаси учун амал (ибодат) қилингиз! Бандаларим орасида (Аллоҳга) шукр қилувчиси оздир", дейиш билан ифодаланган.

  1. Хулқ ва феъл-атворда ҳажнинг таъсирини сақлаб қолиш. Маълумки барча ибодатлар инсон ва жамиятни тарбиялаш учун жорий этилган. Шу қаторда ҳаж ҳам кишининг нафсида ахлоқ кўчатларини ўтқазади. "Бақара" сурасининг 197 оятида "Ҳаж (мавсуми учун) маълум ойлар (белгиланган). Бас, ким шу ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса), ҳаж давомида хотинига яқинлашиш, гуноҳ-маъсият ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ", дейилган. Хотинга яқинлашишнинг таъқиқланиши эҳром ҳолатига тааллуқли бўлиб, гуноҳ-маъсият ва жанжал ҳамиша ва ҳамма вақт мутлақ таъқиқланган. Киши намоз ўқиб, рўза тутса, закот берса ва ҳаж қилсада бадхулқлигича қолаверса, ўзгалар билан ёмон муносабатда бўлса, бу унинг ибодатлари қалбига ўрнашмаганининг аломатидир. Ҳақиқий ибодат кишининг ҳаёт тарзи, хулқи, бошқалар билан муносабатини яхши тарафга бурган ибодатдир.
  2. Дуо, зикр ва ибодатда бардавом бўлиш. Ҳар бир ибодатдан сўнг ундаги нуқсонлар ўрнини тўлдириш учун зикрларга буюрилганмиз. Худди шунингдек ҳаж тугагандан кейин ҳам дуо, зикр ва ибодатда бардавом бўлиш лозим. Бу ҳам Қуръони карим таълимоти бўлиб, жумладан шундай дейилади: "(Ҳажга оид) ибодатларингиздан фориғ бўлганингиздан кейин Аллоҳни гўё ота-боболарингизни (мадҳиялар билан) ёд этганларингиздек, балки ундан ҳам зиёдроқ ёд этингиз!" ("Бақара" сураси, 200 оят). Ҳаж мавсуми тугади, ҳожилар юртларига қайтдилар. Оятда таъкидлаганидек, энди Аллоҳни кўп эслаш, дуо ва ибодатларга мустақим туриш керак.

Барчамиз кўриб, гўвоҳ бўлганимиздек, халқ орасида ҳожиларнинг ҳурмати юқори. Улардан дуо олиш, насиҳат эшитиш, маърака-маросимларни уларнинг бошчилигида қилишга ҳамиша интилиб келамиз. Негаки улар эҳромда туриб арофотда бандаликни тўкис қилиш ҳақида Аллоҳга ваъда берганлар, байтуллоҳни тавоф қилиб барча гуноҳларига тавба қилганлар. Ҳадисда "Ким Байтуллоҳни ҳаж қилса, (унда) ахлоқсиз сўзларни гапирмаса ва фисқ-фужур ишларни қилмаса, худди онаси уни туққан кундаги каби (барча) гуноҳлардан покланиб қайтади", (Имом Бухорий ва Муслим ривояти) дейилган. Ҳожилар ана шундай олий мақомга эришиб қайтганлар. Шундай экан, кейинги ҳаётларини ҳам ушбу мақомга мос тарзда ўтказадиган бўлсалар, дунёда азизлик, охиратда шарафга лойиқ бўладилар.

 

Зайниддин Эшонқулов,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Самарқанд вилояти вакили, вилоят бош имом хатиби    


Киритилган вақти: 05/09/2019 12:11;   Кўрилганлиги: 54
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/hajdan-keyingi-amallar
Чоп этилган вақт: 20/09/2019 00:51
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг