Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Оила

Силаи-раҳм

 
 

Азизлар,   мен  сизарларга  силаи–раҳм қилиш  ҳақида  бир  воқеани  айтиб  бермоқчиман. Аслида ушбу ҳолат  ҳаммамизда,  ҳар  биримизнинг  атрофимизда  бўлиб  турибди. Банда улғайгунча  ота-онасининг бағрида, уларнинг таъминотида бўлади. Ака-ука, опа-сингиллари  билан  талашиб, тортишиб, иноқ  бир-бирига  беғараз  яхшилик соғинадиган, хавф  ёки  камчилик  бўлса ҳимоя  қиладиган,   ўзида  борини  илинадиган  бўлади. Ота-оналари  уларни  кўриб  кўзи  қувнайди. Болалари вояга  етгач оилали бўлиб,  уй–жой  қилади, ҳаётда ўз йўлларида мустақил одимлайди. Вақти соати етиб,  ота-оналари оламдан  ўтганларидан сўнг ана  шунда  аксарият   туғишганлар орасида силаи-раҳм, қариндошлик  ришталари  ингичкалашиб  боради. Охир – оқибатда  фақат  тўй  маъракаларда   кўришадиган  бўлиб  қоладилар. Ўзгалар ёрдамига муҳтож  бўлиб  қолсалар ҳам эътибор  қилмайдилар. Ўз  Ташвиш,  дунё ғами  билан ўз  қобиғига  ўралиб  яшайдилар. Бир пайтлар  бир бўлак  нонни ҳам  баҳам  кўрадиган  оға-инилар кун келиб, бир-бирига бефарқ  муносабатта  бўладилар.

Қишлоғимизда  шундай  оилалардан  бири ҳақида айтмоқчиман. Уларнинг  ҳолатлари  ҳаммага  маълум, яшаш тарзи, оиласидаги шароитни  кўриб, билиб  юрамиз  аммо  айтолмаймиз. Ака-укалардан  бири  ўзига  тўқ, бу ҳаётий дунёда зориқмай  яшаяпти. Қўша-қўша уй-жой, иморатлар, қиммат   уловлари бор. Ўзи эса ибодатда, хайр-эҳсонда ҳам саховатли. Худди шу ака-укалардан  бири ҳаётда  сал  қоқилган, ҳисобдан  адашган. Оиласида моддий етишмовчилик мавжуд, ўзи хасталикка чалинган. Асосийси, яшайдиган  уйи йўқ. Ўша бойвачча ака-укалар шу инисини даволатиш  ҳаракатларини  қилди. Аллоҳ шифо бериб, тузалди ва бу ака-укалар шу билан хотиржам яна ўз  қобиғи, ташвиши, дунёсига шўнғиди. Бу инсоннинг эса нафақаси  йўқ,  ишлай деса иши йўқ. Агар бу ҳолатни ота-оналари кўрганда қай аҳволга  тушишини тасаввур қилинг.

Нега  энди ёшлик  чоғларида  бир  бурда  нонни  бўлиб еган, бир-бирига илинган оға-инилар бугунга келиб Аллоҳ берган ўткинчи, арзимас бўлган мол-дунёни  қизғанадиган  бўлиб  қолдилар. Бунинг ҳаммаси дунё ўткинчи, охират боқийлигини эдтан чиқарганлигидан эмасмикан. Айтишимиз  мумкинки  ризқ  албатта Аллоҳдан. Оғаси ҳам бир кунини  кўради. Аллоҳ  меҳрибон. Ўша  Аллоҳ  давлат  берган  ака  ё  ука  Аллоҳ  менга  давлатни  силаи-раҳм қилишим учун беряптику, деб  ўйламайдимикин. Ўзимдан  ортмайди, оилам катта, деб баҳона  қилолмайди. Ким  олдин  ўтишини  Аллоҳ  билади. Агар  инисига  давлатини  баҳам  кўрса  оғаси  ўтгандан  кейин меросхўри ҳам ўзи  бўлади. Агар  ўзи  олдинроқ  ўлса  қилган  савоблари  бўлса қўшиб  инисига  берган,  берган  давлатини  ҳам  ўзи  билан   олиб  кетган  дегани. Бошқа  мол  дунёси  қолади   ортида.

Бир кишининг  бемор  ётганини  эшитиб  зиёратга  бордик. Ўша  киши  афсус  надоматлар  билан  шу  гапларни  айтди. Қўша иморатларни   қуриб, қатор  қиммат   уловларни   миниб,  фахрланиб  юрган  эканман. Кўпроқ  ҳалол ризқ талаб қилиб, эҳсон  қилиш  кераклигини  билсам  ҳам  амал  қилмаган  эканман. Мана энди  дардга  чалиндим,  ночорман. Фарзандларимга  ҳар  ишда  эҳсонни  кўпайтиринглар,  десам  қулоқ  солишмайди. Менга  қолса  ўша  саломат  юрган  пайтларимда  миниб  юрган  машиналаримдан  бирини  эҳсон қилсам ҳам  қурбим  етарди. Афсус, эссиз  ҳозир  шу  ортимда  қолган  давлатни,  мансабни  савобини  ўзим  билан  олиб  кетармидим. Ҳеч  бўлмаса  шу  қилган  хатогуноҳларимга  эваз  бўлармиди  дедилар.

Азизлар  ибратланиб,  огоҳ  бўлайлик.

ХАЙРУЛЛО ШОМУРОДОВ - Каттақўрғон тумани бош имом хатиби


Киритилган вақти: 24/02/2020 16:39;   Кўрилганлиги: 155
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/family/silai-rahm
Чоп этилган вақт: 04/06/2020 19:50
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг