Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Оила

ҚИЗ ВА КЕЛИНЛАРГА НАСИҲАТ

 
 

Амома бинти Ҳорис исмли аёл ўз қизининг келин бўлиб, куёвнинг уйига узатилишидан олдин саодатли оила асосларини баён қилувчи қуйидаги насиҳатларни қилиб, кузатган экан:

«Эй қизгинам! Агар аҳли фазл ва аҳли одобларга насиҳат керак бўлмаганида, сенга ҳам насиҳат қилмасдим. Лекин насиҳат – ғофилга эслатма, оқилга ёрдамдир.

Агар қиз бола ота-онасининг камбағаллиги сабаблигина эрга берилиши керак бўлганида, сен ҳеч қачон узатилмаган бўлар эдинг. Чунки отангнинг бойлиги, мартабаси етарлидир. Лекин Аллоҳ белгилаб берган ҳаёт қонунларига кўра, аёллар эркаклар учун ва аксинча, эркаклар аёллар учун яратилганлар.

Қизгинам! Энди сен ўзинг ўсган ҳаводан айрилдинг. Ўзинг яйраб-яшнаган ошёндан чиқдинг ва нотаниш жойга бориб, аввал ўзинг билмаган шерикка учрайсан. У энди сенинг хожанг, дўстинг ва маҳбубингдир.

Сен унга чўри бўлсанг, у сенга қул бўлади. Сен унга ер бўлсанг, у сенга осмон бўлади. Сен унинг учун қуйидаги ўн хислатни адо этсанг, оилада масъуд ва бахтиёр ҳаёт кечирасизлар:

1. Қаноат соҳибаси бўл, ундан ҳайиқиб тур. Эринг уйга нима кўтариб келса, хушфеъллик ва одоб-назокат билан қабул қилиб ол, ташаккур айт.

2. Эрингга ҳамиша итоатда бўл, амрларини яхшилаб тингла ва бажар.

3. Эрингнинг назари тушадиган жойларга эътибор қил. У сенда хунуклик кўрмасин. Уй ичи ва ҳовлини ниҳоятда озода ва тартибли тут.

4. Эрингнинг бурнига ҳушёр бўл. Димоғига сендан ёмон ҳид кирмасин, фақат хушбўйлик сезсин.

5. Овқатни вақтида тайёрла, асло кечиктирма. Эринг уйга келиши билан, дастурхон сол.

6. Унинг уйқу вақтини, уйғониш пайтини билиб ол. Чунки очлик ва уйқунинг бузилиши эркакларнинг ғазабини қўзғайди.

7. Хожангнинг моли ва ашёсига эътиборли бўл, исроф қилма, авайлаб асра! Чунки унинг мол-дунёси сеникидир.

8. Эрингнинг қариндоши ва яқинларини иззат-ҳурмат қил. Бу билан хожангни ҳурмат қилган бўласан.

9. Эрингнинг сирларини бошқаларга айтувчи бўлма, унинг ишончини йўқотасан.

10. Хожангнинг амрига осий бўлма, унинг динга тўғри келадиган барча буйруқларини адо қил. Шуни яхши билиб олки, хожанг хафа бўлганда хурсанд кўринишдан, у қувонган пайтда ғамгин бўлишдан ўзингни эҳтиёт қил!»


Киритилган вақти: 26/02/2019 00:00;   Кўрилганлиги: 596
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/family/qiz-va-kelinlarga-nasihat
Чоп этилган вақт: 05/07/2020 18:12
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг