Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Оила

Ота қадри (Воқеи ҳикоя)

 
 

Қишлоғимизда уч қадрдон дўст бор: Каримберди бобо, Тоғаймурод бобо ва Юсуф бобо. Ҳар якшанба куни чойхонага чиқиб гурунглашиш одатлари қишлоқнинг ёш-у кексасининг ҳавасини келтиради.Тўғри-да, пир-у бадавлат бўлганга нима етсин. Уларга бундай суҳбатлар ярашади-да. Бугун ҳам одат бўйича чойхонага чиқишди.Суҳбат қизигандан қизиди:

-        Ҳа, Тоғай, кайфиятинг йўқроқ? Нима гап? – сўради Юсуф бобо,-тинчликми, ишқилиб?

-        Ҳа, энди,- ийманиб гап бошлади. Тоғаймурод бобо,- бир нарса кўнглимни хира қилиб турибди.

-        Хўш, хўш, гапир-чи, - суҳбатга қўшилди Каримберди бобо, юрагингдагини айт-да бундоқ.

-        Хабарларингиз бор, битта ўғлим чет элга ишлагани кетган. Ҳар ойда пул жўнатиб турарди. Кеча қўнғироқ қилиб юборган пулларини тийин-тийинигача тайёрлаб қўйишимни айтди, мошин олармиш. Aксига олиб, рўзғорга озми-кўпми ишлатиб қўйгандим. Энди нима қилсам экан деб бошим қотиб турганди.

-        Одам ҳам шундай бўладими, - салмоқлаб деди Каримберди бобо,-ёшлигингда ҳам ношуд эдинг, ношудлигингча қолибсан. Мана, менга қара, менинг ўғлим ҳам четда. У ҳам пул юборади. Иморат бошлаб қўйганман биласизлар. Лекин битта дафтар тутганман. Бир дона ғишт олсам ҳам ёзиб қўяман фалон пулга деб. Ҳисобли дўст айрилмас, деган гап бор, ахир.

Орага жимлик чўкди. Ниҳоят, Юсуф бобо ҳам гап бошлади:

-        Четда ишлаётган болаларим йўқ. Биттаси шаҳри азимда ўқиб, ўша ерда яшаб қолган. Яқинда телефон қилиб:

-        Ота,  набираларингиз сизларни жуда соғинган, бир келиб кетинглар,- деб қолди.

-        Болам, биз ҳам онанг билан сизларни жуда соғиндик. Нафақамизни олайлик, албатта, борамиз,-дедим.

-        Эҳ, отажон, тўғри келган таксига миниб келавермайсизларми, пул тўғрисида асло ўйламанглар. Aхир, менинг топганим сизларники эмасми? Ҳамма шароитни тайёрлаб қўйганман. Келсаларингиз бўлди,-деди ўғлим. Энди эртага, Худо хоҳласа йўлга чиқамиз.

Каримберди бобо билан Тоғаймурод бобо бир-бирига маъноли қараб қўйишди.

Хулоса сиздан, азизлар.

 Лутфулло Убайдуллаев, Каттақўрғон туман “Кичикмундиён” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 18/10/2019 17:10;   Кўрилганлиги: 1681
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/family/ota-qadri-voqei-hikoya
Чоп этилган вақт: 17/04/2024 01:19
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг