Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Оила

ОТА-ОНАНИНГ ҲАҚЛАРИ

 
 

Динимиз амр этган вазифалардан бири – фарзанд тарбиясидир. Ота-оналар ўз авлодлари тарбиясига жиддий аҳамият беришлари ва ҳар қандай шароитда ҳам бунинг учун вақт топишлари лозим.Ёшларнинг нотўғри йўлга кириб қолишига, ёмон ахлоқли бўлишига аввало ота-она сабабчи бўлади.

Ислом динида ҳамда кишилик жамиятида эр-хотин бўлиш ва фар-зандларнинг дунёга келиши – Аллоҳ таолонинг амри эканлиги Қуръони ка-римнинг бир неча ояти карималарида зикр қилинган. Чунончи, “Рум” сура-сининг 21-оятида: ,”Сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфт-лар яратдик” ояти нозил этилган бўлиб, ушбу жуфтликдан яралган инсонлар ҳам ўсиб улғайгандан сўнг эр-хотин бўлиб яшашлиги табиий. Уларнинг эр-хотин бўлиб яшаш жараёнида тинч, осуда ҳаёт кечиришга мўътабар китобларда зикр этилганидек, уруш, жанжал, ҳақо-ратлар билан эмас, балки, тинчлик ва осойишталикда, ўзаро ҳурматдаҳаёт кечирган оилада имон-эътиқодли, асл инсонйлик туйғуларига тўйинган солиҳ ва солиҳа фарзандлар дунёга келади, дейилади.

Ота-онанинг қучоғи фарзандлар учун доимо мактаб, мадраса, яъни оила тарбия ўчоғидир. Шундай экан, ҳар бир ўғил-қизга  инсониятнинг маънавий бойлиги ҳисобланган одоб, ахлоқ каби фазилатлар ота-онадан ўтади.  Демак, фарзандларнинг табиати, хулқ-атвори, руҳияти оила муҳитида шаклланади. Табиий ҳолки, “Қуш уясида кўрганини қилади” деганларидек, фарзанд юриш-туришни ҳам, одоб-ахлоқни ҳам, муомала мезонини ҳам, ақлли ва фаросатли бўлишни ҳам ота-онадан ўрганади.

                           

                            Она кўнгли доим болада,

                            Бола кўнгли эса далада.

                            Ёшлигида ақлини қайранг,

                            Асло демай ҳали бола-да.

 

                            Оила ҳам мактаб, мадраса,

                            Муаллим сиз – ота-оналар.

                            Ўқитилмас алжабр, ҳандаса,

                            Тарбиядан дарс олар болалар.

 

Шундай экан, ота-оналар-нинг вазифалари фақат фарзандларни дунёга келтириш билан чекланиб қолмасдан, ўз фарзандларини ақлли, онгли, жисмонан соғлом жамият аъзоси сифатида ўз Ватанига фойдаси тегадиган қилиб тарбиялаши керак.

Тарихий манбаларда келтирилишича, ота-боболаримиз оилада фарзанднинг жисмонан бақувват, руҳан тетик, ақлан ва ахлоқан баркамол бўлиб тарбия топмоқлигига жиддий эътибор қаратиб, унга жуда ҳам эҳтиёткорона ёндашишган. Негаки, тарбия инсон руҳиятини шакллантиради. Руҳият эса банданинг (фарзанднинг) қандай инсон эканини белгиловчи муҳим омил ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ота ўз фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарсани мерос қолдиролмайди” дея, отадан фарзандга қоладиган энг яхши нарса нима эканлигини хабар берганлар.

Ота-оналар ҳам ўз ҳақларини билиб, Қуръони каримнинг “Таҳрим” сурасининг олтинчи оятидаги: “Эй иймонкелтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлларингизни ёқилғиси – одамлару тошлардан бўлган ўтдан сақланг!” иборасининг моҳиятини англаб олиш қийин эмас. Хулоса шуки, ҳаётда оила раҳбари – отага қанчалик улуғ масъулият юкланганини кўрамиз. Фарзандларни соғлом ва эътиқодли қилиб тарбиялаш Ватан олдидаги, жамият олдидаги, энг аввало Аллоҳ таоло олдидаги муқаддас бурчи эканлигини оталар унутмслиги керак.

Ибратли ота-оналар ўз фарзандларининг ҳар бир ҳатти-ҳаракатларини диққат билан кузатиб, қайси иш фойдали, қайсиниси зарарли эканлигини ҳар доим тушунтириб, уларни тўғри йўлга бошқаради. Гўё ота-она ўз фарзандларига нисбатан бамисоли бемор одамга қараётган тажрибали табиблардек бўлиши керак. Яъни, фарзандларнинг  улғайиш давридаги руҳияти, қизиқиши, дунёқарашининг ўзгариб боришида бирини зиёда, бирини кам кўрмай онгли равишда йўл тутиш керак. Токи, оилада яхши тарбия олган фарзандлар аввало ота-онасига, кишилик жамиятига фойда келтирувчи шахслар бўлиб вояга етишсин. Шуни унутмаслик керакки, бола тарбиясида ота-оналар Аллоҳ таоло олдида ҳам, Ватан олдида ҳам масъулдирлар.

Албатта, бизнинг бу ёруғ дунёдаги бахт-саодатимиз ва охиратдаги Ал-лоҳ таоло ваъда қилган абадий неъматларга мушарраф бўлишимиз ота-она-ларимизга бўлган муносабатларимизга боғлиқ. Биз – инсон фарзандлари ҳеч қачон унутмаслигимиз керакки, дунёга илк бор келган вақтимизда бир парча нотавон эт эдик. Бизлар она меҳри, ота ардоғи билангина катта одамлар бў-либ етишдик. Ер юзида ҳаёт давом этар экан, дилларимизда ўз фарзандла-римизга нисбатан меҳр-шафқат туйғусини уйғотган ҳам ота-онамиздир. Бу шундай илоҳий ҳикматки, биз ҳам шу ҳис-туйғу билан ота ва оналаримизга эътиборли бўлиб, ўз фарзандлик бурчимизни бажаришимиз керак.

Ота-оналари ҳали ҳаётлик вақтларида кўрсатган ҳурмат-эҳтиромлари билан ота-онамнинг ҳақини адо этдим дейиш ножоиздир. Балки ота-она боқий дунёга риҳлат қилгандан кейин ҳам васиятларини бажо келтириб, руҳларини шод қиладиган амаллар ила Аллоҳ таолодан жойларини жаннатдан ато этишларини сўраб, дуо қилиб туришлик ҳақиқий фарзандлик бурчи эка-нини  унутмаслик керак. 

Бекназар Шомуродов, Каттақўрғон туман “Ризвон бобо“ жоме масжиди имом ноиби


Киритилган вақти: 04/02/2020 18:43;   Кўрилганлиги: 153
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/family/ota-onaning-haqlari
Чоп этилган вақт: 04/06/2020 18:01
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг